Янги ўқув йили арафасида Ўш мактаблари кутубхоналари китобларга бойиб қолди

Янги ўқув йили олдидан қўшни Ўзбекистондан совға сифатида юзлаб китоблар келтирилди.

Ҳар йили янги ўқув йили олдидан бўлиб ўтадиган ўқитувчиларнинг анъанавий август кенгаши шу йилнинг 16-августи куни Ўш шаҳар таълим бошқармасига қарашли А.Рудакий номли 9-ўрта мактабда бўлиб ўтди. Кенгашда йигирмага яқин фан ўқитувчилари билан бир қаторда ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчилари ҳам қатнашдилар.

Бунда турли фан ўқитувчилари ўз ишларига оид янгиликлардан бир-бирлари ила бўлишишди, фикр ва тажриба алмашишди. Учрашувга олий ўқув юртларидан ўқитувчилар таклиф қилинди. Маърузалар ўқилди. Ўқитувчиларнинг энг керакли бўлган инновацион метод асосидаги дарслар намуналари тавсия этилди.

Бу йил шаҳардаги ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларини яхши совға кутиб турган эди. Ўш шаҳар ўзбек тили ва адабиёти метод бирлашмаси шаҳар мактаблари бўйича элликдан ортиқ ўқитувчи иштирокида ўтказган навбатдаги кенгаш йиғилишида Ўзбекистон Республикасидан совға сифатида келтирилган улуғ адиблар Алишер Навоий, Ойбек, Ғафур Ғулом ва бошқаларнинг бир қанча асарлари тақдим қилинди. Шунингдек, қирғиз тилига таржима қилинган ўзбек адабиёти намуналари ҳам дарслар ўзбек тилида олиб борилувчи мактабларнинг кутубхоналарига тарқатилди.

Буни 20 йилдан бери таълим ўзбек тилида олиб борилувчи мактаб кутубхоналарида ўзбек тилидаги бадиий адабиётларнинг мисли кўрилмаган даражада йўқолиб кетганлигини бартараф этиш ҳамда унинг ўрнини қайта тўлдириш учун қилинган ҳаракатларнинг бошланиши деб қабул қилмоғимиз керак.

Ўш шаҳар таълим бошқармасининг ўзбек тили ва адабиёти метод бирлашмаси бошлиғи, Қирғизистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи Илтифотхон Отахонованинг айтишича, Ўш шаҳрида таълим ўзбек тилида олиб борилаётган мактаб кутубхоналарида ўзбек тилидаги бадиий адабиётлар деярли йўқ ҳисобида. Мана шу эҳтиёжни қондириш мақсадида педагоглар анча йиллар олдин ҳам Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилишган эди.

Жорий йилнинг май ойида Тошкентдаги “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти Ўш шаҳар мактаблари учун 600 дона бадиий китоблар совға қилишга қарор қилган эди. Ниҳоят ана шу китоблар етиб келди ва ҳар бир мактаб кутубхонаси учун шу китобларни совға тарзида «Ўзбекистон- Қирғизистон» дўстлик жамияти номидан тарқатиб берилди.

“Аслида бутун жанубий минтақа мактаблари эҳтиёжини таъминлаш мақсадида эллик минг бадиий адабиётларни етказиб бериш ваъда қилинган. Ҳозирча бу дебочаси деб ўйлаймиз ва яна китоблар кутиб қоламиз, Худо хоҳласа, – дейди Илтифотхон Отахонова.

Маълумки, жорий йилнинг 26-29 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳузуридаги «Ўзбекистон-Қирғизистон» дўстлик жамияти раиси Зуҳриддин Исомиддинов бошчилигидаги бир гуруҳ маданият ва таълим соҳаси вакилларидан иборат делегация Ўш шаҳрига ташриф буюрган эди.

Ўшанда бошқа муаммолар қаторида адабий китоблар масаласини ҳал қилиш ҳақида ҳам яхши таклиф ва режалар айтилган эди. Меҳмонлар эса ўзлари билан Ўзбекистонда чоп этилган 600 дона китоб олиб келишган бўлиб, уларнинг тенг ярми қирғиз тилида эди. Ўша китоблар энди ўз эгаларини топди.

Делегация таркибида «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси бош муҳаррири Ҳумоюн Акбаров, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умидахон Тешабоева, Ўзбекистон Республикаси маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси бўлим мудири Феруз Беков, бир қатор таълим қирғиз тилида юритиладиган мактабларнинг раҳбарлари ва бошқалар бор эди.

Оқбура, Бишкек

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг