Қош қўяман деб… Ўшликнинг Ўзбекистон президентига мурожаати мунозара туғдирди

Қўшни давлат раҳбаридан ёрдам сўраган одам сўроқ қилиниб, милиция аҳоли билан учрашув ўтказган.

Ўш шаҳрида яшовчи, ўзбек миллатига мансуб фуқаро Тик-Ток ижтимоий тармоғи орқали орқали Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилган. Ундан Ўш шаҳрига келишни ва ўзбек миллатига мансуб фуқароларнинг муаммоларини тинглаб, уларни ҳал этишга ёрдам беришни ҳам илтимос қилган.

“Ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёев, ҳожи ака, Амир Темур шаҳарчасидаги биз ўзбеклар қийналиб кетдик. Бизни хўрлаб ташлашяпти. Ҳужжат ишларида ҳам қийнашяпти. Йўлларимиз бир аҳволда. Келиб ҳолимиздан хабар олсангиз”, – деган у ўз видео мурожаатда.

Мазкур видео ижтимоий тармоқларда тарқалгач, интернет фойдаланувчилари ўртасида қизғин муҳокама қилиниб, миллатлараро адоват  қўзғатилаётганидан шикоятлар пайдо бўлди.

Жумладан, Фейсбукнинг Химия Суерқулова исмли фойдаланувчиси бирин-кетин “2010-йил эсдан чиқа бошладими”, ва “Нима сабабдан Ўнадирда ерлар фақат бир миллат вакилларига берилиб қолган”, – деган икки пост жойлаган. Уни эҳтиросга берилиб қўллаганлар ҳам, инсофга чақирганлар ҳам бўлмоқда.

Масалан, Нарингул Душоналиева исмли фейсбук қўлланувчиси “1990 йили ўзбеклар ўша Ўнадирга чиқмаймиз деб, ўзбек-қирғиз қўзғолони бўлган”, деган фикрни билдирган. “Қирғизлар ҳам ўз қишлоқларидан, масалан, модиликларга Модидан дегандай, ўзбекларга ҳам, уларнинг кўпчилиги ўшлик бўлгани учун, ёппасига Ўшнинг атрофидаги Ўнадирдан участка берилган. Ўш вақтдан буён кўчиб чиқиб яшаган ўзбеклар меҳнат қилиб, адирни таниб бўлмас даражада ўзгартирди. Сув йўқ бўлса ҳам дарахт экиб, уй солишди. Биргина оқсоқолнинг гапига қараб, бутун ўзбекни ёмон демайлик, чунки сув танқислиги ҳамма ерда бор. … Ҳаммамиз бирдамликда яшайлик”, – дея изоҳ ёзган Душоналиева.

“Мика Мика” тахаллуси остидаги яна бир Фейсбук фойдаланувчи: “миллатнинг ёмони бўлмайди, одамнинг ёмони бўлади. Жавобга тортилсин”, – деган талабни қўйган.

Бу постларга нисбатан ўз фикрини билдирганларнинг айримлари мурожаат эгасини Қирғизистондан оиласи билан бадарға қилишни таклиф қилса, бошқалари бу шахс сабаб бутун бир миллатга нисбатан турли салбий фикрлар билдиришган.

Битта миллатни бир ҳудудга жойламасдан, аралаштириб, маҳаллаларни турли миллат вакилларидан иборат қилиш керак, шундагина миллатлараро низоларга барҳам берилади деганлар ҳам бўлди.

Ўш куннинг ўзидашу куниёқ Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси мурожаат қилган шахснинг 60 ёшдаги оодам эканлигини, видео тарқалган заҳоти маҳкамага олиб келиниб сўроқ қилинаётгани ҳақида маълумот берди.

Ўш шаҳар ИИБ матбуот котиби Замир Сидиқов берган маълумотга кўра, Ўзбекистон Республикаси президентига видео мурожаат йўллаган шахснинг нима сабабдан мурожаат қилгани сабаблари сўралган. Унинг мурожаатида кўрсатилган даъволарни аниқлаш учун Ўш шаҳрининг маҳаллий ҳукумат органлари билан биргаликда тегишли чора тадбирлар кўрила бошлаган.

“Бундан ташқари мурожаат йўллаган фуқаронинг сўзлари қанчалик қонуний эканлигини тергов қилиш учун бир қанча ишлар бажарилади. Тегишли экспертизалар тайинланади ва мурожаат йўллаган шахсга нисбатан қонуний баҳо берилади”, – деган Сидиқов тарқатган хабарда.

Ушбу воқеанинг эртасига, яъни 18-август куни Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси Ўш шаҳридаги Амир-Темир кичик шаҳарчасида маҳаллий фаоллар, дин вакиллари ва аҳоли иштирокида йиғилиш бўлиб ўтгани ҳақида хабар берди.
Маҳаллий аҳоли вакиллари Тик Токдаги видеомурожаат эгасининг сўзлари асоссиз эканини ва унинг қонун бўйича жазоланишини қўллаб-қувватлашларини айтишган.
“Халқимиз яна аҳил-иноқ яшаётган бир пайтда бундай гапларни айтиш тўғри эмас, ўзимизнинг шаҳримиз, юртимиз раҳбарияти бор экан, қўшни давлат раҳбарига шикоят қилишнинг нима кераги бор? Бундай одамнинг яхшилигу-ёмонлигига бормаймиз!” – деган йиғилиш иштирокчилари.

Оқбура, Бишкек.

Расм ва видео интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг