Қирғизистон-Ўзбекистон ҳамкорлиги: Аниқ режалар ва қатъий ҳаракатлар

Икки давлат ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини икки миллиард долларга етказишга интилмоқда.

Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров ва Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов раислигида 15-16 август кунлари Чўлпонота шаҳрида ўтган ҳукуматлараро кўшма комиссиянинг учрашуви қатор йўналишларда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига бағишланди.

Ўзбекистон ҳукумати раҳбари матбуот котиби Бекзод Ҳидоятовнинг хабар қилишича, Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров ва Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ҳамраислик қилган йиғилишда ўзаро савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалалари кенг муҳокама қилинди.

Ақилбек Жапаров таъкидлаганидек, 2023-йилнинг биринчи ярмида икки давлат вакилларининг турли даражадаги 50 дан ортиқ ўзаро ташрифлари амалга оширилгани ҳам икки томонлама муносабатларнинг ижобий ўсишидан далолат беради.

«Давлатларимиз раҳбарларининг ўзаро ташрифлари икки томонлама муносабатлар даражасини ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарди. Энди олдимизда эришилган барча келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш вазифаси турибди», – деди Жапаров.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг ўсишида бу йилнинг биринчи ярмида бироз пасайиш кузатилган бўлсада, йил охирига қадар уни ўнглаш имкониятлари мавжуд. Умуман олганда бу кўрсаткич йилдан-йилга барқарор ўсиб бормоқда. Жумладан, ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 32 фоизга ўсиб, йиллик кўрсаткич 1 миллиард 260 минг долларни ташкил этган эди.

Учрашувда бу ҳажмни 2 миллиард долларга етказиш имкониятлари мавжудлиги ва бунга эришиш учун томонлар жиддий ҳаракат қилишга бел боғлаганлари таъкидланди.

Қирғизистон ҳукумати раҳбарининг сўзларига кўра, савдо алоқаларини чуқурлаштиришда бизнес соҳаси, икки давлат савдо-саноат палаталари ҳамда Қирғизистон-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши муҳим ўрин тутади.

«Қирғизистоннинг Ўзбекистонда Савдо ваколатхонаси аллақачон ўз фаолиятини бошлаган. Автомобил ва тижорат автомобилларини йиғиш бўйича ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадидаги муҳим объектлардан бири қурилиши учун капсула қўйилди», – дея қўшимча қилди у.

Томонлар, шунингдек, энергетика, сув хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашдилар.

Қайд этиш жоизки, Қирғизистон ва Ўзбекистон сув-энергетика, транспорт ва коммуникация соҳаларида икки томонлама ҳамкорликнинг ижобий тажрибасига эга. Айни пайтда “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўл линиясини қуриш лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилмоқда. Шунингдек, “Қамбар-Ота 1” ГЭСининг қўшма қурилиш лойиҳаси бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.

Маданий-гуманитар, туризм ва спорт соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида йиғилиш иштирокчилари ҳамкорликда маданият кунлари, этноспорт фестиваллари, концертлар, кўргазмалар ва бошқа тадбирлар ўтказиш режаларини муҳокама қилдилар.

“Шу доирада бўлажак қўшма маданий тадбирлар масалалари муҳокама қилинди, хусусан, жорий йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистонда Қирғизистон маданияти кунлари доирасида атоқли қирғиз адиби Чингиз Айтматов таваллудининг 95 йиллигини кенг нишонлаш режалаштирилган”, – дея хабар берди Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси матбуот хизмати.

Йиғилиш натижаларига кўра, икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг ўнинчи йиғилиши якунларига доир тегишли баённома имзоланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов қўшма комиссия йиғилишида иштирок этиш учун 15-августда Қирғизистонга келган эди. Мартабали меҳмонни Томчи қишлоғидаги «Иссиқкўл» халқаро аэропортида Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари Бақит Тўрўбаев кутиб олган.

Шу куни бош вазирни Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўзининг Иссиқкўлдаги қароргоҳида қабул қилди. Суҳбат чоғида Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва томонларни қизиқтирган бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш юзасидан фикр алмашилди.

Оқбура, Бишкек.

Расмда: Абдулла Арипов Садир Жапаров қабулида. (Интернетдан олинди)

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг