Қирғизистон-Ўзбекистон: Иссиқкўлда ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ўтмоқда

Йиғилиш олдидан Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов президент Садир Жапаров қабулида бўлди.

Бугун Иссиқкўл соҳилидаги Чўлпонота шаҳрида Қирғизистон-Ўзбекистон ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг ўнинчи йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Унда томонлар икки давлат халқлари фаровонлиги, ўзаро қардошлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган қўшма режа ва лойиҳаларни амалга ошириш мавзусига алоҳида эътибор қаратиши кутилмоқда.

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов қўшма комиссия йиғилишида иштирок этиш учун 15-августда Қирғизистонга келди. Вазирлар маҳкамасининг матбуот хизматидан билдиришларича, мартабали меҳмонни Томчи қишлоғидаги «Иссиқкўл» халқаро аэропортида Вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари Бақит Тўрўбаев кутиб олди.

Шу куни бош вазирни Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўзининг Иссиқкўлдаги қароргоҳида қабул қилди. Суҳбат чоғида Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва томонларни қизиқтирган бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш юзасидан фикр алмашилди.

Садир Жапаров икки давлатнинг ўзаро муносабатларида икки томонлама ҳамкорликнинг деярли барча йўналишларида мисли кўрилмаган ижобий ўзгаришлар юз берганини таъкидлади ва бу қўшма ютуқларда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўрни беқиёс ва муҳим эканини алоҳида таъкидлади.

Президент сўнгги йилларда давлатлар ўртасидаги ўзаро товар айирбошлашда изчил ўсиш кузатилаётганига ҳам эътибор қаратди ва ўзаро муҳокама қилинган масалалар ва аввал эришилган келишувлар икки давлат ҳукуматлари даражасида тўлиқ амалга оширилишига ишонч билдирди.

Ўз навбатида Абдулла Арипов президент Шавкат Мирзиёевнинг самимий саломини етказар экан, Садир Жапаров биринчилардан бўлиб давлат раҳбарини президент сайловидаги муваффақиятли ғалабаси билан табриклаганини таъкидлади. Бу икки давлат ўртасидаги муносабатлар юксак даражада экани, қардош Қирғизистоннинг бу ўлкадаги ўзгаришларни қатъий қўллаб-қувватланаётганидан яна бир далолат эканини эътироф этди.

Абдулла Арипов Ўзбекистон қардош Қирғизистоннинг муваффақиятларидан, мамлакат иқтисодиёти барқарор ривожланаётганидан чин дилдан қувонишини таъкидлади. Замонавий “Асман” экошаҳари қурилишининг бошланиши Қирғизистоннинг муваффақиятли ривожланаётганининг ёрқин рамзи эканини таъкидлади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг