Блогерлар иши: Сўз эркинлигига босимми ёки ҳаммаси қонун доирасидами?

Сўнгги пайтда Ўзбекистон ва Қирғизистонда блогерларга нисбатан кўплаб ишлар қўзғала бошлади.

Ўзбекистон пойтахтининг Жиноий ишлар бўйича Миробод тумани суди 4 август куни блогер Абдуқодир Мўминовни 7 йилу 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилди. Жазо муддатини блогер умумий тартибдаги колонияда ўташи керак.

YouTube’даги “Кўзгу” канали эгаси Абдуқодир Мўминов жорий йилнинг февралида ҳибсга олинган. Шу давр мобайнида у бир неча марта адвокатдан воз кечган. Унинг ўзига қўйилаётган айбловларни тан олиб-олмагани ҳақида маълумот йўқ. Мўминов ёки унинг адвокати юқори инстанцияга шикоят қилиш нияти бор-йўқлиги ҳақида ҳозирча маълум эмас.

Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов тарқатган маълумотга кўра, суд блогерни Ўзбекистон Жиноят кодексининг “шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш”, “товламачилик”, “фирибгарлик”, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, “пора беришда иштирокчилик” каби қатор жиноятларни содир этишда айбдор деб топган.
Шунингдек Абдуқодир Мўминов 3 йиллик муддатга журналистлик (блогерлик) фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Бундан ташқари блогер жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарни ҳам тўлаб бериши керак.
Судда прокурор президент Шавкат Мирзиёевнинг танқидчиси сифатида танилган блогер Абдуқодир Мўминовга 11 йиллик қамоқ жазоси берилишини сўраганди. “Озодлик”нинг эътироф этишича, бу иш бўйича ўтган 4 суд мажлисига Абдуқодирнинг яқинларидан бошқа ҳеч ким, журналист, блогер ва жамоатчилик фаоллари киритилмаган.

Ҳуқуқ фаоллари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари блогернинг қамалишига президент Мирзиёевнинг куёвлари бизнеси ҳақида олиб борган суриштируви сабаб бўлганини айтишмоқда.

Сал аввалроқ 29-июлда Фарғонада яна бир таниқли блогер Олимжон Ҳайдаров қамоққа олинган. Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси тарқатган маълумотларга кўра, блогер тўпланган салбий маълумотларни эълон қилмаслик эвазига “Қўқон Истиқлол” савдо мажмуаси раҳбарларидан 10 минг доллар пул талаб қилган. Расмий маълумотга кўра, Ҳайдаров кўрсатилган пулнинг 7500 долларини олган ва қолган 2500 долларини олаётган пайтда қўлга олинган.

Жорий йилнинг июнида Ҳайдаров ўзининг Telegram каналида мажмуадаги савдо расталари орасининг торлиги ва ёнғин чиққан ҳолатда бу ерга ўт ўчирувчи машиналар кира олмаслиги ҳақида айтиб чиққан эди. Бу блогер маҳаллий ҳокимиятдагиларни танқид қилган материаллари билан танилган.

Минтақада бўлгани каби Қирғизистонда ҳам блогерлар иши билан боғлиқ бир неча шов-шувли ҳибсга олишлар бўлиб ўтди. Уларнинг охиргиси Улуқбек Қарибек уулу исми билан боғлиқ. Авваллари ҳам бир неча бор хусусий мулк ва давлат идоралари ҳудудига ноқонуний кириб келишда айбланган блогер охирги ҳолатда туғруқхонада безорилик қилишда айбланган.

Туғруқхона раҳбарияти шикояти ва тергов маълумотларига кўра, блогер туғруқхонанинг орқа эшигини синдириб кирган ва кўзи ёриган аёллар ётган палатага кириб, аёлларнинг бир қисмидан интервью олган. Унинг ҳаракатларига монелик билдирган тиббиёт ходимларига қўполлик қилган ва муассасани тарк этишдан бош тортган.

Сўнггида блогер ҳибсга олиниб, давлатдан чиқиб кетмаслик шарти билан қўйиб юборилган.

Қарипбек уулу ўзини айбдор ҳисобламайди ва бу ишни ўзи қинғир ишларини фош қилмоқчи бўлган тиббиёт ходимларининг “ўч олиши” дея баҳолайди. Тергов қайси босқичда ва қандай бораётгани ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ.

Бундан сал аввалроқ Чуй вилояти суди яна бир блогер Эртай Исқақовнинг ҳибсга олинишини қонуний деб топган ва уни қамоқда қолдирган эди.

Блогер сув таъминотини тиклаш талаби билан ўтказилган норозилик акциясидан сўнг ҳибсга олинган. 17 июль куни Сўқулуқ тумани суди уни 15 сентябрга қадар тергов изоляторида сақлаш ҳақида қарор чиқарган.

Бир неча кун аввал, 14 июль куни 4 кундан бери сув йўқлигидан норози бўлган Селекция қишлоғи ва Сари-Ўзўн турар-жой массивининг бир гуруҳ аҳолиси Бишкек чеккасидаги катта автомобил йўлларидан бирини тўсиб қўйган.

Митингни суратга олиб, Инстаграмда жонли эфирга узатиб турган блогер Эртай Исқақов, маҳаллий фуқаролар Бахит Балбаев ва Бақтибек Бекболотовлар йўлни тўсиб қўйиш ва безорилик қилишда айбланиб, қамоққа олинган.

Бунгача ҳам икки давлатда блогерларга нисбатан босим ўтказилаётгани ҳақида хабарлар тарқалиб келган. Лекин юқоридаги ҳолатларда чинданам блогерлар томонидан қонун бузилишига йўл қўйилган бўлиши мумкинлигига ишоралар бор.

Блогерлик бугунги кунда бутун дунёда бўлгани каби минтақа давлатларида ҳам жуда оммабоп фаолият турларидан бири бўлиб қолган. Фақат айрим блогерлар ўз фаолиятини қонун талаблари билан уйғун ҳолатда олиб бориш ҳақида кўпам ташвиш қилмаётгандай.

Албатта, ҳар қандай танқидни расмийлар оғриниш, норозилик билан қабул қилишади. Ким бўлишидан қатъи назар, ҳақ гапни айтган одамга нисбатан босим ўтказишга интилиш ҳам табиий ҳол. Шундай бўлгач, фаоллар ва соф виждон билан, яхшиликни ўйлаб иш юритаётган блогерлар қонунларни яхши ўрганиб, уларга мос равишда ишлашга интилсалар, ҳам ўзларига, ҳам жамиятга яхши бўларди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг