Санкциялар ўз йўлига: Жаҳон олигархлари бойишда давом этмоқда

Энг бой ўзбек Алишер Усмонов яқин олти ой ичида ярим миллиарддан кўпроқ пул топган.

Жаҳондаги энг бой одамлар рўйхатининг биринчи қаторини аввалгидай Илон Маск эгаллаб турибди. У жорий йилнинг олти ойидаёқ 105 миллиард доллар фойда топиб, умумий бойлиги 242 миллиард долларни ташкил қилди.

Бу ҳақда маълум қилган Bloomberg нашрининг эътироф этишича, жаҳон бойлари рўйхатидаги иккинчи ўринни Бернар Арно ($198 млрд. доллар), учинчи ўринни эса Жефф Безос ($157 млрд.) эгаллаб турибди.

Жорий йилнинг биринчи ярмида жаҳон миллиардерларининг бойлиги 852 миллиард долларга кўпайган. Bloomberg нашрининг ҳисоб-китобига кўра, бу жаҳондаги ҳар бир миллиардер кунига 14 миллион доллардан фойда топганини англатади.

Россияга қарши киритилган санкцияларга қарамай, бу мамлакат олигархлари бойишда давом этишмоқда. Россиянинг ЛУКОЙЛ компанияси раҳбари Вагит Алекперов 2023 йилнинг биринчи ярмида энг кўп пул топган рус миллиардери бўлди. У 5,9 миллиард доллар фойда кўриб, умумий бойлиги 21 миллиард доллардан ошган.

Россиянинг энг бой одами ҳисобланган “Норникель” эгаси Владимир Потанин эса ўтган олти ойда 1,23 миллиард доллар топган, “холос”. Унинг расмий тан олинган умумий бойлиги 29,8 миллиард долларни ташкил қилади.

Ўзбеклар орасида жаҳондаги энг бой одамлар рўйхатидан ўрин олган Алишер Усмонов жорий йилнинг дастлабки олти ойида 564 миллион доллар фойда кўргани айтилади. Унинг умумий бойлиги 19 миллиард доллар бўлиб, бугунги кунда Россиядаги энг бой одамлар рўйхатининг олтинчи поғонасини эгаллаб турибди.

Bloomberg нашрининг даъво қилишича, жорий йилнинг биринчи ярмида россиялик миллиардерларнинг умумий бойлиги 32 миллиард долларга кўпайган. Уларнинг кўпчилиги ё ўзи, ёки компаниялари ғарб давлатларининг санкциялари остида қолган. Айрим бойларга нисбатан бутун оиласи билан  санкциялар эълон қилинган.

Асли ўзбекистонлик бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмонов Италиянинг Corriere della Cera газетаси билан суҳбатда ғарб давлатлари киритган санкциялар унинг “обрўсига путур етказганини” айтди.

“Улар нафақат менга, балки оила аъзоларимга, мен акциядор бўлган компанияларга, уларнинг ходимларига ва хайрия ва ривожланиш лойиҳаларимдан ёрдам олган ўн минглаб одамларга ҳам таъсир қилади. Улар орасида касаллар, муҳтожлар, санъаткорлар бор. Менинг обрўйимга етказилган зарар кўриниб турибди: бу жуда катта”, деди Алишер Усмонов.
Россия қўшинлари 2022 йилнинг февралида Украинага бостириб киргач, АҚШ бош бўлган Европа Иттифоқи мамлакатлари, Буюк Британия ва бошқа давлатлар Алишер Усмоновга қарши санкциялар жорий қилган. Чунки дунёда у Россия расмийларига, шахсан президент Путинга яқин бойлардан бири деб ҳисобланади.

Санкциялар доирасида Усмоновга тегишли Европа Иттифоқи ва Британиядаги кўчмас мулклари ҳамда машҳур “Дилбар” яхтаси (Усмоновнинг онаси номи билан аталади) ҳибсга олинган. Бу санкцияларнинг асоссиз эканини айтган Усмонов уларни бекор қилиш мақсадида судга мурожаат қилган.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг