Ўзбекистон: Кўп хотинлилик учун йилига беш-олти эркак судланмоқда

Бу масалада минтақада юзага келган вазият масалага янгича ёндошишни талаб қилмоқда.

Ўзбекистонда ўтган беш ярим йил давомида 34 нафар эркак Жиноят кодексининг 126-моддаси билан, яъни кўп хотинли бўлишда айбланиб, судланган. Олий суднинг матбуот хизмати берган хабарга кўра, 2018-2022 йиллар давомида 34 киши судланган бўлса, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 4 эркак мана шу модда асосида судланган.

Ўрта ҳисобда олганда йилига 5-6 киши судланмоқда экан. Лекин бу вазиятга, масалани ҳал қилишга қандайдир таъсир ўтказяптими?

Ўзбекистон қонунчилигида кўп хотин олган эркакларга жазо сифатида базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача (1400-2800 АҚШ доллари) жарима солиш ёки 3 йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ва ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланган. Лекин Олий суд судланганларга нисбатан қандай жазо қўлланилгани тўғрисида маълумот бермаган.

Бутун Марказий Осиё давлатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам кўп хотинлик муаммоси кўп йиллардан бери муҳокама қилиниб келади. Дастлаб бу ҳақда 2019 йилнинг мартида Тошкентда шаҳар ҳокимлигининг масжид имом-хатиблари ва ноиб-имомлари билан ўтган учрашувда кўтарилган.

Бу кўриниш мамлакатда кенг тарқалгани маълум бўлсада, ўшандан буён бу муаммо расмий даражада кўтарилгани тўғрисида бошқа маълумот йўқ. Сўнгги пайтларда иқтисодий муаммолар ва Ислом динининг ривожланиб бориши натижасида жамият бу масалага ҳотиржам қарамоқда. Қолаверса, аҳолиси сони 36 миллиондан ошган Ўзбекистонда республика аҳолисининг 18 миллион 66 минг нафарини аёллар тузса, 18 миллион 306 минг 300 нафари эркаклардан иборат. Яъни, аҳоли таркибида эркаклар сони ортиб бормоқда.

Қирғизистонда ҳам бу масала кўпдан бери қизғин муҳокама қилинади. Дин арбоблари ёлғиз қолиб қийналаётган, айниқса болали аёлларни иккинчи аёл қилиб уйланишга очиқ даъват қилишади ва буни қўллаганлар жамиятда кўплаб топилади.

Қирғизистон қонунларида қўшхотинлилик учун икки йилгача қамоқ жазоси қаралган. Лекин шу кунгача бу модда бўйича судланганлар ҳақида маълумот йўқ. Бу қонун деярли ишламаётганига қарамай, 15-20 йил аввал бу моддани Жиноят кодексидан чиқариб ташлашга бўлган уриниш жамиятда катта қаршиликка учраган. Бироқ ҳозир бу масалага тушуниш билан қараганлар сони ортиб бормоқда.

Халқаро ва маҳаллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари кўп хотинлиликни аёлларга нисбатан дискриминация сифатида баҳолайди ва ҳукуматларни бу кўринишга қарши курашишга даъват қилиб келади. Лекин диний уламолар ва жамиятнинг каттагина қисми (шу жумладан аёллар ҳам) буни жамиятдаги, айниқса аёллар турмушидаги кўплаб ижтимоий муаммоларнинг ечими сифатида қарай бошлаганини ҳам рад қилиб бўлмайди.

Афтидан, бу масалани ҳукуматлар даражасида фуқаролик жамияти билан ҳамкорликда, диний уламолар иштирокида чуқур ўрганиб, унга нисбатан янгича бир муносабат ва ички сиёсат юритиш даври келган кўринади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг