Қалбаки дипломлар иши: Суддаги биринчи уриниш ижобий натижа бермади

Бишкек маъмурий суди икки депутатнинг дипломларини тан олиш ҳақидаги аризасини рад этди.

Бишкек шаҳар маъмурий суди собиқ депутат, Жўғўрқу Кенешнинг Бюжет, иқтисодий ва солиқ сиёсати қўмитаси аъзоси Фарҳодбек Алимжановнинг даъво аризасини қаноатландирмади. Алимжанов ва яна бир депутат Фархат Исраилов судга Марказий сайлов комиссиясининг уларни депутатлик мандатидан маҳрум қилиш ҳақидаги қарорини бекор қилиш илтимоси билан мурожаат қилишган эди. Бу ҳақда 24.kg ахборот агентлиги суд органларига таяниб хабар берди.

Шундай қилиб, ўз мандати учун курашнинг биринчи босқичи депутатлар ва уларнинг тарафдорлари учун исталган натижани бермади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган 2022 йилнинг апрелида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси депутатлар Фарҳод Алимжанов ва Фархат Исраиловларнинг дипломлари сохта эканини айтиб, бу ҳақда тегишли қарор қабул қилиш учун Марказий сайлов комиссиясига (МСК) ҳужжатларни топширган. Қонунга кўра, депутатлар олий маълумотли бўлишлари шарт. Шу сабабли дипломларнинг қалбаки экани тасдиқланган тақдирда улар мандатларидан маҳрум қилинишлари керак эди.

Бу масала анча вақтгача эътибордан четдан қолгандай бўлиб турди, лекин жорий йилнинг 6 июлида МСК икки депутатни мандатидан маҳрум қилиш ҳақида қарор қабул қилди. Ҳар икки депутат бу қарорни тан олмаслиги ва судда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишларини маълум қилишган. Орадан бир ой ўтиб, суд ҳар икки депутатнинг аризаси бўйича МСК қарорларини қонуний деб тан олди.

Ҳозирча ҳар икки депутат ҳам суд қарори бўйича фикрларини билдиришгани йўқ.

Очиқ маълумотларга қараганда, Фарҳат Исмаилов Қирғизистон Миллий университети ва Юридик академияни тамомлагани ҳақидаги дипломларга эга. Фарҳодбек Алимжановнинг эса, Ўш давлат университети ва Қирғизистон президенти ҳузуридаги Бошқарув академиясини битиргани ҳақида дипломлари бор.

Қонунга кўра, депутатлар 30 кун ичида суд қарорига нисбатан юқори инстанцияга шикоят келтиришлари мумкин.

Бир йил аввал президент Садир Жапаров Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига депутатлар ва амалдорларнинг дипломларининг қонунийлигини текширишни топширган. Бунга улар орасида қалбаки дипломларга эга бўлганларнинг тез-тез учрай бошлагани сабаб бўлган. Шундан бери бир неча сохта дипломли амалдор ва депутат ўз лавозимларидан ажралган.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг