Черковда ўқилган намоз: Россияда муҳожирларни таъқиб қилиш давом этмоқда

Мамлакатнинг турли шаҳарларида уларни оммавий равишда ҳибсга олиш давом этмоқда.

Марказий Осиё давлатларида Россия ҳаққига дуолар ўқилаётган бир пайтда у ерда меҳнат муҳожирларига босим ўтказиш кучаймоқда. Бу муҳожирларни оммвий турда қамоққа олишда ўз аксини топмоқда. Жумладан, одамлар масжидларда, жума намозини ўқиш пайтида тўп-тўп қилиб ҳибсга олинмоқдаки, бу ҳақдаги видеолар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалмоқда.

Сўнгги хабарлардан бирига кўра, Москвадан 22 чақирим нарида жойлашган Балашиха шаҳрида хавфсизлик кучлари юзга яқин муҳожирларни занжирбанд қилиб, жала ёғаётган ёмғир остида туришга мажбур қилган. Ҳибсга олинганларнинг миллати, қайси давлат фуқаролари экани номаълум.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бундай босим асосан Марказий Осиё давлатларидан борган муҳожирларга нисбатан ишлатилмоқда. Полиция ходимлари қўлга олинганларни мажбурлаб махсус машиналарда олиб кетишган.

Охирги ойларда Россиянинг бир нечта шаҳарларида муҳожирларга қарши рейдлар олиб борилган. Расман бу амаллар муҳожирлар томонидан Россия қонунларини бузиш ҳолларига қарши кураш билан изоҳланмоқда. Лекин бундай рейдларда қўлланаётган қўполлик, вақти келса камситишнинг сабаби нимада экани ҳозирча ноъмалум. Полиция ходимлари масжидларга кириб, намозларни бузиб, муҳожирларни ҳибсга олган ҳолатлари ҳам кузатилди.

Яқинда тарқалган видеолардан бирига кўра, Москвадан 24 чақирим нарида жойлашган Котельники шаҳрида мусулмонларга жума намозини ўқишга ҳалақит беришган. Биринчи бир ҳафта аввал бу ерда жума намозини ўқиш пайтида куч тизими махсус бўлинмалари намозхонага бостириб кириб, одамарнинг бир қисмини ҳибсга олган эди.

Ўтган жумада (28 июлда) эса, жума намозини ўқишга келганлар у ерга киритилмаган. Расмийлар тайинлаган одамлар эшик олдида туриб олиб, мусулмонларни у ерга киритишмаган. Бунинг сабабини сўрашганда улар гамозхоналарнинг миналаштирилганини айтишган. Лекин шу вақтнинг ўзида биринчи қаватида намозхоналар жойлашган кўп қаватли бинонинг аҳолиси эвакуация қилинмаган. Шу бинода, намозхоналарга қўшни жойлашган фитнес клуби ҳам ўша пайтда бемалол ишлаб турган.

Сал аввалроқ Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси май ойида ўтказилган “Нелегал” рейди давомида Москва вилояти ва шаҳридан 130 нафар қирғизистонлик қўлга олиниб, ватанига депортация қилинганини маълум қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Россияда ноқонуний яшаётган меҳнат муҳожирларини аниқлашга қаратилган махсус операциянинг биринчи босқичида етти мингга яқин муҳожир Россиядан депортация қилинди, бир неча минг кишига нисбатан жиноий иш ҳам қўзғатилган. Бу ҳақда 12 июль куни Россия Ички ишлар вазирлигининг матбуот котиби Ирина Волк маълум қилган.

Унинг қўшимча қилишича, жиноят ишлари асосан гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланиши, давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш билан боғлиқ.

Россия шаҳарларидан бирида дўконда ишлаган, шахсини сир тутишни сўраган қирғизистонлик муҳожир қизнинг сўзларига кўра, рейд вақтида ҳужжатлар текширилиб, ишлашга рухсатнома, патент масалалари бўйича кўпроқ муаммолар бўлган.

“Қирғизистон ЕОИИга (Евроосиё иқтисодий иттифоқи) киргани боис бизда патент билан муаммо бўлмади. Лекин Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларининг кўпчилиги патент [олмагани] важидан депортга тушиб қолди”, – дейди у.

Россия расмийларининг хабар беришича, операциянинг биринчи босқичи 19-25 июнь кунлари ўтказилган. Бироқ муҳожирлар бундай рейдларнинг бугунгача тўхтамаётганидан шикоят қилишмоқда. Тожикистонлик муҳожирлар бу сафар алоҳида босим остида бўлишди.

Июнь ойи охирида Россиядаги қирғиз муҳожирлари касаба уюшмаси вакили Акбар Разиқулов полиция мигрантларни кўчада қўлга олиб, ҳужжатларини текширмасдан олиб кетаётгани ҳақида хабар берган эди.

Албатта, давлат қонунларига ҳамма томонидан риоя қилиниши, бунинг тегишли органлар томонидан назорат қилиб турилиши тўғри. Лекин нега бундай амаллар бу қадар қўпол ва муҳожирларнинг фуқаролик ва диний эркинликларига тажовуз қилиш кўринишида бўлиши керак?

Бу саволга муҳожирлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи машҳур ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупикнинг изоҳи ойдинлик киритади. Унинг айтишича, бундай рейдлар асосан навбатдаги парламент ва президентлик сайловлари олдидан ўтказилабошлайди. Мақсад – россияликларга давлат органларининг ишлаётгани, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинаётгани ҳақида намойишкорона маълум қилишдан иборат.

Аслида эса, расмий органлар ва айниқса куч тизимлари муҳожирлар йўл қўяётган тартиббузарликлар, айниқса, Россияда яшаб туриш ва ишлаш билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштиришдаги қонун талабларига бўйсунмаслик ҳолларига кўз юмиб келишади. Бунинг сабаблари турлича, муҳожирлар билан суҳбат натижасида айтиш мумкинки, бу сабаблар орасида оддий товламачилик ва тобора авжига чиқаётган порахўрлик биринчи ўринларда туради, дейиш мумкин.

Оқбура, Бишкек.

Расм ва видео  интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг