Қирғизистон-Ўзбекистон: Ўшда қирғиз-ўзбек халқаро педагогика институти очилди

Унда жумладан Қирғизистон мактаблари учун ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчилари тайёрланади.

Хушхабардан ёқимлиси бўлмаса керак, Унинг ӯрнига «уни айтиб суюнчилаш эса янада ёқимли.

Қирғизистоннинг жанубий пойтахти Ўш шаҳри яқинидаги Наримон қишлоғида Қирғиз-ўзбек халқаро педагогика институти ташкил этилди. Шу муносабат билан ушбу янги олийгоҳ таъсисчилари ва ташаббускорларидан бири Муртазо Ботирович Умаров билан мазкур олий ўқув даргоҳининг ташкил қилиниши ҳамда унинг олдига қўйилган мақсад ва режалари ҳақида суҳбат қурдик.

 Ассалому алайкум Муртазо Ботирович. Янги институтнинг ташкил қилиниши юртдошларимиз, айниқса ёшларимиз учун жуда қувончли янгилик бўлди десак, муболаға бўлмайди. Келинг, суҳбатимиз бошида ўзингиз ташкил қилган ва ҳозирда жуда яхши фаолият олиб бораётган «Азия-Старт» хусусий мактаби ҳақида айтиб беринг…

– Ва алайкум ассалом. Маориф соҳаси мен учун бегона эмас. Бизнинг оилада бир қанча ўқитувчилар бор. Ўзим Низомий номидаги Тошкент педагогика олийгоҳида таълим олганман, тарих ўқитувчисиман. Мактабда ўқитувчи бўлиб меҳнат қилдим. Қирғизистонда деярли биринчилардан бўлиб «Азия Старт» ўқув маркази – хусусий мактабни очганмиз. Дастлаб у ерда инглиз ва рус тиллари бўйича ўқув курсларини ташкил қилдик.

Иш фаолиятимиз давомида ушбу ўқув курслари билан чекланиб қолмаслик лозимлигини тушундик ва пировардида унинг асосида хусусий мактаб очдик, у 2007 йилда ташкил қилинди.

Орадан тўрт йил ўтиб бу ерда болалар боғчаси, 2015 йилда эса тўлиқ ўрта мактабни ташкил қилишга қарор қилдик. Олиб борилаётган изланишлар, меҳнатлар самараси, қолаверса, мақсадлар муштараклиги ўлароқ институтни очиш вақти келганлигини англаб етдик. Бугун мактабларда билимдон ўқитувчиларнинг бўлиши, таълим-тарбия борасидаги муаммоларни ижобий ҳал қилиш, билим сифатини ошириш давр талаби бўлиб олиб қолди. Мактабда ишлаш давомида шунга иқрор бўлдимки, жамиятимизда малакали, соҳага янгиликлар олиб кирадиган ўқитувчиларга бўлган эҳтиёж катта. Тўғри, билим масканларида ўз касбининг ҳақиқий фидойилари, усталари кўпчиликни ташкил қилади. Шундай бўлсада, уларнинг сафи кенгайиштириш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман.

 Энди бевосита янги институтнинг ташкил қилиниши ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Таъкидлаб ўтилганидек, янги олийгоҳ «Азия-Старт» хусусий мактаби базасида ташкил қилинди. Қолаверса, ушбу олийгоҳнинг ташкил қилиниши Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги кейинги йилларда ривожланиб бораётган ҳар томонлама алоқаларнинг ижобий натижасидир. Барчамизга маълумки, бугунги кунда юртимиз олий ўқув юртларида минглаган ўзбекистонлик ёшлар таълим олишади. Шу билан бирга, бизнинг ёшларимиз ҳам хорижий давлатлардаги олий ўқув юртларида билим олишмоқда. Демак, ёшларимизнинг олаётган билимлари билан алмашиши, устозларнинг ўз тажрибаларини бўлишиши, билим сифатини юқорилатиш жуда муҳим. Бу янги очилаётган институтнинг мақсадларидан бири эканлигини таъкидлаб ўтиш жоиз. Бизга бу борада ўз ёрдами ва маслаҳатларини берган фарғоналик ҳамкасбимиз ва дўстимиз Ҳусанбой Абдумажитовга миннатдорчилик билдирамиз. Шуни яна алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, келажакда янги институт ҳузурида болалар боғчаси, мактаб ташкил қилмоқчимиз.

– Янги олийгоҳда қандай мутахассисликлар бўйича таълим берилади, қандай факультетлар мавжуд?

– Бу ерда асосан филология соҳасида, яъни рус тили ва ўзбек тили, инглиз тили бўйича факультетларда давр талабига мос ўқитувчилар етиштириб чиқарилади. Шунингдек, бошланғич синфлар ўқитувчилари, болалар боғчалари тарбиячиларини тайёрлаш бўйича йўналишлар бор.

– Муртазо Ботирович, бошқа олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик қилиш мақсади ва режаларингиз борми?

– Албатта бор. Мамлакатимиздаги ва Ўзбекистондаги олий ўқув юртлари, жумладан Муқимий номидаги Қўқон давлат педагогика институти, Низомий номидаги Тошкент педагогика университети, Бобур номидаги Андижон давлат университети, Ўзбекистон халқаро муносабатлар университети билан ҳамкорлик қилиш бўйича шартнома тузганмиз.

– Янги институтнинг моддий-техника базаси қандай, унинг жамоаси, раҳбарияти кимлардан иборат ва талабаларни қабул қилиш қандай тартибда олиб борилади?

– Институтимиз биноси уч қаватдан иборат, тўрт юз саксон ўринга мўлжалланган. Жорий ўқув йилидан бошлаб, институтимизга Қирғизистон Республикаси Таълим ва фан вазирлиги рухсати билан 400 нафар талаба қабул қилинади. Бундан 250 нафари педагогика йўналишида, 150 нафари инглиз тили ва бошқа факультетларга ўқишга қабул қилинади. Институтимизга Қирғизистон Республикаси Таълим ва фан вазирлиги рухсати билан Ўшдаги Қирғиз-Ўзбек университетининг физика-математика факультети декани бўлиб ишлаган, педагогика фанлари номзоди, доцент Шуҳрат Тошхўжаев ректор қилиб тайинланди.

Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, институт халқаро мақомга эга, бўлиб, ўқитувчилар жамоаси Қирғизистондан 60%, Ўзбекистондан 40 фоизни ташкил қилади. Ўрта мактабни тамомлаган қирғизистонлик ёшлар умумреспублика тести орқали қабул қилинади. Бунда улар, албатта, расман белгиланган баллга эга бўлишлари шарт. Ўзбекистон ва бошқа хорижий давлатлар фуқаролари институтда тест топширишади ва ундан муваффақиятли ўтганлар ўқишга қабул қилинади.

Бир сўз билан айтганда, институт эшиклари барча учун очиқ. Янги ўқув даргоҳимиз Ўш-Қорасув йўлида, Наримон қишлоғида жойлашган. Қўшимча маълумотлар олиш  учун (+996) 558 147880 телефон рақами орқали мурожаат қилиш мумкин.

– Мазмунли суҳбатингиз учун миннатдорчилик билдирамиз. Сизга ва янги ташкил қилинган институт жамоасига эзгу ишларида омадлар тилаймиз.

– Раҳмат.

Оқбура, Ўш.

Одилжон Дадажонов суҳбатлашди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг