ЖИЛДИЗҚАНГА БИР САВОЛ!
Яқинда “Говорим” ток-шоусида Қирғизистон Республикаси 5-чақириқ Жўғўрқу Кенешининг собиқ депутати Жилдизқан Жолдошева 2010 йилги Ўш воқеалари ва шу йилнинг баҳорида қўшни Тожикистон чегарасида юз берган қонли тўқнашувлар ҳақида интервью берди. Унинг сўзларини тинглаб ўтириб, шундай савол бергим келди: Сиз ўзи кимсиз, Жилдизқан ойим?
Савол қўйиш асносида суҳбатингиздан “илҳомланиб” ёзилган изоҳларга кўзим тушиб қолди. Уларнинг бирида шундай дейилган: “саводсиз, менимча, иккиюзламачи”. Шуни ўқиб, бехос 1994 йили Бишкекда Чингиз Айтматов ва Мухтор Шохоновнинг «Овчининг жар ёқасидаги йиғиси» (“Плач охотника над пропастью”) китоби тақдимоти бўлиб ўтган кунлар ёдимга тушди. Сиз ўшанда ўзбекистонлик ёзувчиларнинг ёнидан кетмаган эдингиз. Эгнингизда атлас кўйлак, ҳа деса, ўзбекчалаб ширин сўзлар айтардингиз… 2010 йилдан сўнг эса ўзбеклар сизга “сепаратист” бўлиб қолди.
Суҳбатингизда ўзбек лидерларидан бири Иномжон Абдурасуловни машинасида қурол олиб юрганини кўрганман деяпсиз. Нега ўша пайтнинг ўзида уни ҳуқуқ-тартибот органларига тутиб бермадингиз? Гапингизга кўра, ўшанда ёлғиз бўлмагансиз. Ёнингизда туман ҳокими Баиш Юсупов бор экан. Хўш? Нима учун шу ишни қилмадинглар? Бу ерда ё сиз ёлғон гапиряпсиз, ёки 90-йил фожеалари қайтарилишини ўзбеклар эмас, сизга ўхшаган сиёсатчилар бошлиқ қирғизларнинг ўзлари исташган ва уюштирганини исботлаяпсиз. Бу ҳақда сиз ҳам огоҳлантирилгансиз ва одамларнинг қурол кўтариб юришларига индамай қараб тургансизлар. Икковидан бири, бошқача бўлиши мумкин эмас.
Энди айтингчи, нима учун ўзбеклар ўша кунлари ҳафталаб митингларга чиқишди? Бу саволимга сиз, албатта, мухториятга (автономияга) эга бўлиш учун, дея тутуриқсиз жавоб берасиз. Аммо ўшанда ўзбеклар ўз ҳақ-ҳуқуқларини, давлат ва жамиятни бошқаришда иштирок этиш, ўзлари жам бўлиб яшайдиган жойларда она тилларида иш юритиш, ўзбек мактабларини қисқартирмаслик каби миллий масалаларни талаб қилиб чиққан эди. Вақтли ҳукумат уларни гўё тушунди. Ёки ўзини тушунгандай кўрсатди. Чунки Бакиев режимининг қулаши билан мамлакат Жануб ва Шимолга ажраб, мамлакатнинг бўлиниб кетиш хавфи туғилди… Бунинг олди олинмаса, ҳақиқий фожеа юз берарди. Уни бартараф этиш йўлида ўзбеклар қурбон қилинди. Бу қуйидагича юз берди.
Вақтли ҳукумат ичидаги тулкилар содда ўзбек лидерларига ўзбек тили ҳам рус тили каби мақом олиши, ўзбек аҳолисига давлат ва ҳуқуқ-тартибот ҳамда сайлов органларида маълум фоизгача жой берилиши гоҳ расмий, гоҳ норасмий ваъда қилинди. Ўзбеклар бу ваъдаларсиз ҳам Вақтли ҳукуматни қўллаб турганди. Шунда тулкилар ўйлаб қолишди. Эртага Декрет қабул қилинса, Конституцион Мажлис иш бошласа, ўзбеклар берган ваъдаларимизни талаб қилиб, яна митинглар уюштиришлари мумкин, деган шубҳа пайдо бўлди уларда. Бундан ташқари, ўзларининг ичида Жануб ва Шимол масаласини ҳам ҳал этишлари лозим эди. Шунда улар: ”Келинглар, бир иш қилайликки, масалаларимизнинг барчаси бирданига ҳал бўлсин”, дейишди. Ўшандай иш ҳам топила қолди.
Ўзбекларнинг ҳам, қирғизларнинг ҳам митинглари ҳали тўхтамаган эди. Жалолобод вилояти давлат маъмурияти олдида Бакиев тарафдорларини қувган қирғиз ёшлари тўғри Бакиевнинг қишлоғига йўл олишади. Вақтли ҳукуматга айнан мана шу йўналиш сувдай зарур бўлиб турганди. Ҳукуматга ўша дамда нима қилиб бўлса ҳам бу каби муаммоларни ечиш муҳим эди. Бакиев уйидаги ёнғин айни муддао бўлди. Ўша пайт кимдир: “ҳамма Бакиевнинг уйига кетди”, дея хабар беради. Қирғизлар вилоят маъмуриятидан Бакиев тарафдорларини ўзбекларнинг ёрдамида қувиб чиқарган эди. Энди Бакиевнинг уйини фақат қирғизларнинг ўзи ишғол қилса, ютуқ уларда кетмайдими, деган ёки бошқа мулоҳазалар (аслида бу ғирт мулоҳазасизлик эди) қилиб турган оломонга кимлардир йўл кўрсатади. Энг ачинарлиси – оломон орасида ўзбек ёшларининг лидери Қодиржон Ботиров ҳам бор эди.
Қирғиз амалдорлари ўйлаб топган чора амалга оша бошлади. Аслида, ўзбек ёшлари Бакиевнинг уйига етиб боришган пайтда катта иморат ўт ичида ёниб ётган эди. Унга қирғиз ёшларининг ўзлари ўт қўйишганди. Аммо телефонларга туширилган расмларда фақат Қ.Ботиров бошлиқ ўзбек ёшлари акс этди. Айнан мана шу Бакиевнинг уйи ёндирилиши воқеаси Қирғизистонда 2010 йил апрел ва май ойларида юз берган сиёсий ва миллий воқеаларнинг барчасини оёғини осмондан қилиб юборди. Ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб чиққан ўзбек ёшларининг митинглари гўё “автономия олиш» учун, Бакиев уйининг ёндирилишини эса ўзбек халқининг қирғизларга адовати сифатида талқин қилинди. Энди қирғизларнинг ўзбекларга, ўзбек лидерларига, хусусан Қ. Ботировга қарши тинимсиз митинглари бошланиб кетди.
Бу ишларнинг ҳаммасини Вақтли ҳукумат бошқариб, йўлга солиб борди. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, ҳарбийлар қирғиз митингчиларини бостиришга эмас, балки ўзбекларга қарши қўйилди. Тез орада орқага қайтариш шарти билан Қ.Ботировдан четга чиқиб туришни айнан ҳукумат раҳбарлари илтимос қилди… Ва айнан Қ.Ботировнинг кўздан ғойиб бўлиши ланғиллаб турган оловга керосин қуйгандай бўлди. Қирғизлар: “бизнинг бутун фожеаларимизга ўзбеклар сабабчи экан, мана уларнинг лидери қочди”, дея ўзбекларга қарши кўтарилди. Такрор айтамиз: буларнинг бари Вақтли ҳукуматнинг назоратида ва унинг бевосита йўриғида юз берди.
Сиз эса, Жилдизқан, ўзбек лидерларини сепаратист деб айблаб ўтирибсиз. Сиёсий савияси ҳаминқадар бўлган тўртта чолнинг СССР Олий Советига ёзган хатини асос қилиб олиб, бутун бир халққа туҳмат қилмоқдасиз. Гарчи у пайтлар Қирғизистон мустақил давлат эмасди. Шундай экан, ўша сиз айтган “Ўш қўзғолони” китобида келтирилган хат муаллифлари бўлган чоллар мухториятни Қирғизистондан эмас, СССРдан сўрашган. Аввало, бу масала СССР Олий Кенгашида кўрилмаган. Кўрилган тақдирда ҳам шундай ёнида ўзбек давлати туриб, яна шу миллатнинг бир қисми учун мухторият бериш халқаро нормаларга ҳам зид бўлар эди.
Аслида, ўша чолларда ҳам айб йўқ. Улар ҳам айрим қирғизларнинг ҳаддан ошиб кетгани боис ҳақиқат қарор топишини исташган. Ҳақиқат эса шундай бўлган: 1908 йил аҳоли рўйхатига кўра Ўш шаҳрида 43433 нафар кишидан 39787 таси сарт (ўзбек), 7 таси қирғиз бўлган. 1924 йили РСФСР таркибида тузилган қора қирғиз мухтор вилоятига Жалолобод шаҳри 78 % , 1936 йил Ўш шаҳри 88%, Ўзган шаҳри 90% ўзбек аҳолиси билан Туркистондан ажратилиб берилганини бугун, «Қирғизистон фақат қирғизларники» деб ўзбекларнинг ота юртидан кетишларини талаб қилаётган кишиларнинг кўпчилиги жуда яхши билишади (сиз, албатта, буни билмайсиз, чунки аждодларингиз бу ерларга қаердан келиб қолгани ҳақида ўйлаб ҳам кўрмагансиз).
Кўриб турибсизки, аслида Вақтли ҳукуматнинг ўзи ҳақиқий сепаратист: бу ҳукумат минг йиллар наридан мана шу муқаддас заминда яшаб келган ўзбекларни ўз юртларидан айирмоқчи бўлди. Мамлакатда ҳамон бу фикрдан қайтилгани йўқ. Ҳамон ўзбеклар сиғинди бўлиб яшамоқдалар. Ҳамон уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари паймол этилмоқда. Ҳа, деса, “бор, Ўзбекистонингга кет!”, деган сўзлар ҳамон тинмаяпти.
Сиз эса, тилга олганингиз ўзбек лидерларининг Қирғизистон ССРга ҳалол хизмат қилиб ўтган оталарини “сепаратистлар”, дея уларнинг руҳларини безовта қилдингиз. Руҳларни ўзингиз безовта қила туриб, яна қайси юз билан бошқаларни “руҳлар уради”, деб айюҳаннос соласиз? Уларнинг бирлари оддий колхозчи, бирлари оддий ишчи, бошқалари зиёли одамлар бўлишган. Сиз ҳатто Қ.Ботировнинг вафот этганига ҳам ишонмайсиз. Гўё у эртага кириб келади-ю, халқни сизга қарши кўтарадигандек. Чор Россиясининг босқинчи генерали Черняев ҳам халқ қасоскори Алимқулнинг ўлганига ишонмай, унинг қабрини ҳақоратлаган эди. Сизга эса Ботиров дафн этилган Тошкент вилоятидаги муқаддас Зангиота қабристонига келишни тавсия этамиз… Нима демайлик, Қ.Ботировнинг ниятлари пок эди. Аммо у ҳам бир инсон, алданди. Вақтли ҳукуматнинг сўзи билан мамлакатдан чиқиб кетиб, ўз халқига юзи қора бўлди… Сизларга эса шу керак эди!
Сизнинг гапларингизга изоҳ ёзган бошқа бир одам шундай дейди: “Нима у касалми? Шарҳловчи бу малика (мадам)ни шарманда қилиб қўймаслик учун нима сўрашни ҳам билмай қолди”. Ҳа, Жилдизқан, сиз касалсиз, нафасингиздан қон ҳиди келади. Бу гапимни тожиклар ҳақида айтган сўзларингиз ҳам исботлайди. Токи Ўрта Осиё республикалари ўзаро бир Иттифоққа келмагунича сиз кабиларнинг оғзидан қон иси анқийверади…
Х.Н.Туркистоний.