“Азимжон Асқаровнинг иши”: Туҳмат ва адолатсизликнинг жирканч юзи очиладими?

Қирғизистонда инсон ҳуқуқлари ҳақида гап кетганда адолатсиз суд қурбони ўлароқ қамоқхонада ўлим топган рассом ва журналист, ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровни эсламай бўлмайди.

Ҳар йили 26 июнь куни жаҳонда Бирлашган миллатлар ташкилотининг Қийноқлар қурбонларини қўллаш халқаро куни нишонланади. Бу йил биринчи бор бу кун Азимжон Асқаровнинг иштирокисиз ўтяпти. Умрини ўзгалар ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишга бағишлаб, ўзи қийноқлар ва адолатсиз суд қурбонига айланган бу инсон 2020 йилнинг 25 июлида Бишкекдаги 47-аҳлоқ тузатиш колониясида ҳалок бўлди. Ҳа, айнан ҳалок бўлди, чунки Азимжон ака умрининг охирги кунларигача инсон ҳуқуқлари учун курашди. Ва бу курашда қурбон бўлди, шаҳид кетди.

Азимжон Асқаров ким эди?

Қирғизистон ва жаҳон оммавий ахборот воситаларида номи тез-тез тилга олиниб келган бўлишига қарамай, кўпчилик ўзбеклар Азимжон ака ҳақида, унинг нима сабабдан қамалгани ҳақида кўпам билавермас эканлар. Ушбу мақола бу камчиликни оз бўлса-да тўлдиради, деган умиддаман.

Энг аввали Азимжон ака тўғрисўз, «катталар»олдида ялтоқланишни билмайдиган, шижоати зўр, шу билан бирга шоиртабиат, санъатни севган софдил инсонлардан эди. Унинг янги билимларга, ўз устида ишлашга иштиёқи зўр эди. Қамоқхонада ҳам вақтини бекор ўтказмади. Қисқа муддатда муқаддас Қуръони каримни ўрганиб, унинг кўплаган оятларини ёд билган ҳолда ҳаётга тадбиқ қилишни ўрганди. Халқ табобатини чуқур ўрганди, ўзи ва қамоқдаги бошқа маҳбусларнинг дардларига малҳам тайёрлаб бериб юрди.

Рус ва инглиз тилларини ўрганди. «Мен бахтлиман…» номли китобини ёзиб тугатди. Қамоқхонада ҳам расм чизишдан тўхтамади.

Азимжон Асқаров 1951 йилнинг 17 майида Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятига қарашли Бозорқўрғон туманида туғилган. Турмуш ўртоғи Ҳадича опа билан 3 ўғил, бир қизни тарбиялаб, уйли-жойли қилишди. Ортидан фарзандлари ва бир этак неваралари қолди.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров 2010 йилгача.

Азимжон ака 2010 йилда Қирғизистон жанубида юз берган қонли воқеалар пайтида қамоққа олиниб, туҳматга асосланган сохта айбловлар билан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Ўн йилдан ортиқ қамоқда ўтиргач, 70-чи баҳорига бир неча ой қолганда бу дунёни тарк этди.

У Тошкентдаги П.Бенков номидаги машҳур рассомчилик билим юртини тамомлаган. Кўп йиллар Жалолобод шаҳри ва она қишлоғида рассомлик, безаш ишлари билан машғул бўлди. Табиатан ўта адолатпарвар бўлгани боис 1990 йилги Ўш воқеаларидан кейин инсон ҳуқуқлари соҳасига киришиб кетади. Ҳақиқат деганда ҳеч нарсадан тап тортмайдиган Азимжон ака ҳуқуқ-тартибот органлари, суд ва прокуратура ишини қаттиқ танқид остига олиб, ўткир мақолалар ҳам ёзарди. Шу сабаб аталган тизимлар ходимлари орасида ўзига душман орттирди. Бунга мисол тариқасида икки воқеани айтиб ўтиш кифоя қилса керак.

Залолатнинг илдизи қаерда?

Биринчиси, Зулхумор Тўхтаназарованинг иши. Ақли сал заифроқ бу ёш жувонни милиционерлар қуритиш учун ёйилган кирларни ўғирлашда айблаб қамаб қўйишади. Лоқайдликни қарангки, у етти ой давомида суд ва сўроқсиз тергов изоляторида қолиб кетади. Бу вақт орасида изолятор ходимлари 100 сўм эвазига Зулхуморни эркаклар камерасига киритиб турадилар.

Азимжон ака изоляторни текшириш жараёнида уни кўриб қолади. Ёш аёлнинг бўйида бор эканини билгач, зудлик билан уни қамоқдан бўшатишни талаб қилади. Шу кунларда тўлғоқ тутиб қолиб, милиция ходимлари аёлнинг қўлини кишанлаб (!) туғруқхонага олиб боришади. Шўрлик каравотга занжирбанд қилинган ҳолда туғади. Вақти соати етмаган бола нобуд бўлиб қолгач, аёлни хавфли жиноятчидек зудлик билан яна тергов изоляторига олиб кетишади. Изолятор ходимлари ўзларининг жиноятлари ошкор бўлиб қолишидан қўрқишарди.

Бу ҳақда Азимжон ака Қирғизистон ва халқаро оммавий ахборот воситалари орқали шов-шув кўтаради. Аёлни эркинликка чиқариб, касалхонага ётқизишга эришади. Афсуски, милиция ходимларига қарши чора кўрилмайди. Аксинча тартиб посбонлари Асқаровни туҳмат қилишда айблаб, судга беришади. Ва ютқизишади. Айтаверса гап кўп…

Июнь воқеалари бошланишидан бир ҳафта олдин ҳамкасблари билан. Москва, 2010 йил.

Иккинчи иш бўйича Азимжон ака туман прокурорининг ишдан олиниб, бир нечта милиция ходимини жиддий жазога тортилишига эришади. Воқеа бундан бўлган эди. Бозорқўрғон тумани марказидаги маданият уйи ертўласида ноъмалум аёлнинг жасади топилади. Ўлик чириб, таниб бўлмас ҳолга келганди. Милиция жасад бозорқўрғонлик Майрам Зоированики деган хулосага келади. Унинг қотили сифатида гумон қилиб, Зоированинг яқин танишлари бўлган бир аёлни куёв боласи билан қамайди. Қийноқларга чидай олмаган аёл, Майрамни куёв болам иккимиз ўлдирдик, деб кўрсатма беради. Иш судга ўтади.

Бу ишга киришган Азимжон ака ўлди деб ҳисобланган Майрам Зоировани топиб, суд залига олиб келади. У қўшни Ўзбекистонга турмушга чиқиб кетиб, кўпдан бери қишлоғига келолмай юрган экан. Ўлган аёл бошқа одам эди.

Азимжон ака шунга ўхшаш юзлаб ишлар орқали милиция, суд ва прокуратура органларининг кирдикорларини фош қилди. Бозорқўрғон милицияси ходимларидан калтак еб, ҳалок бўлган бир неча фуқаронинг ишларини эл-оламга маълум қилди. Айрим ҳолларда айбдорларни жазога тортилишига етишди. Шу сабаб милиция ходимлари унга қаттиқ тиш қайрай бошладилар.

2010 йил. Кутилмаган бурилиш

Азимжон ака қамоқдалигида ёзган “Мен бахтлиман…” китобида 1990 ва 2010 йилги миллатлараро жанжални назарда тутиб, “Биринчи уруш мени севимли ишимдан айирди, иккинчиси эса эркимдан маҳрум қилди”, деб ёзади. Охир-оқибат иккинчи жанжал унинг умрига ҳам зомин бўлди.

Азимжон Асқаров яксон қилинган идораси деворлари ичида. Бозорқўрғон. 2010 йил, 14 июнь.

Машъум 2010 йилнинг 15 июнида уни алдов йўли билан милиция биносига олиб келиб, қамоққа олишади. Бир неча кунгача унинг ўзи ҳам, ҳамкасблари ҳам бу ишнинг англашилмовчилик эканига, Азимжон аканинг тезда эркинликка чиқишига ишониб юрдик. Лекин…

Милиция ходимлари унга қишлоқдаги бир неча бадавлат кишилар рўйхатини кўрсатиб, уларни жанжал вақтида ўзбекларга қурол тарқатган деб кўрсатма беришни талаб қилишади. Бу ҳақда Асқаров суд давомида кўп марта айтади, бироқ унинг гаплари эътиборга олинмайди. Ниятларига етишолмагач, тартиб соқчилари “тили узун ва қайсар” ҳуқуқ ҳимоячисидан ўч олиб, уни қамоққа тиқишга жазм қилишади.

Қамоққа олингандан 3 кун ўтгачгина кутилмаганда Азимжон акага оммавий тартибсизликларни уюштириш, милиция ходимини ўлдиришга бош бўлиш ва бошқа айбловлар уқтирилади. Даҳшатли тушдек кўринган бу тушунмовчилик охир-оқибат жиддий айбловларга айланиб, судга оширилади. Тергов ва ҳатто суд пайтида Азимжон ака ва бошқа айбланувчилар кўрган хорликларни, қийноқ ва ҳақоратларни таърифлашга тил ожиз. Булар ҳақда Азимжон ака ўз китобида батафсил ёзган.

Қирғизистон жанубида аланга олган қонли жанжал 2010 йилнинг 13 июнида Азимжон аканинг қишлоғи Бозорқўрғонга ҳам етиб келади. Судда Азимжон Асқаров бир неча кун аввал қишлоққа қуроллар келтирилиб, шубҳали шахслар пайдо бўлиб қолгани ҳақида ҳокимиятни хабардор қилганини, бироқ улардан садо чиқмаганини айтади. Ўша кунги жанжал натижасида қишлоқда 20дан ортиқ одам ўлиб, юзлаб одамлар бошпанасиз қолди, оғир тан жароҳатлари олдилар. Ўша куни милиция ходими Миқтибек Сулаймановнинг ўлдирилгани маълум бўлади. Қотиллик юз берганда Азимжон аканинг ўз уйида бўлганини исботловчи далиллар етарли бўлишига қарамай, уни қотилга чиқаришади.

Европа парламенти вакили Эймон Гилмор билан қамоқхонада учрашув. 2014 йил, декабрь.

Кейин маълум бўлишича, Бишкекдаги айрим амалдорлар Азимжон Асқаровнинг жанжалга алоқадор кўп ишлардан хабардор эканини билиб, ундан қутулишга жазм қилишган эди.

Беш йилча аввал 2010 йилда Қирғиз Республикаси бош прокурори лавозимида ишлаган Қубатбек Байболов расмий кўрсатма бериб, Азимжон Асқаровга умрбод қамоқ жазосини беришни ўша пайтдаги давлат раҳбари Роза Ўтунбаева шахсан талаб қилганини айтди. Шунча йил ўтиб ҳам Ўтунбаева бу гапларга раддия бергани йўқ. Байболов шуни ҳам таъкидлаб айтдики, Асқаровга қўйилган барча айбловлар исботланган тақдирда ҳам унга кўпи билан 15 йил қамоқ жазоси белгиланиши керак эди, холос.

Кутилмаганда 2010 йилнинг сентябрида Бозорқўрғон тумани суди Азимжон Асқаровни ва унинг етти ҳамқишлоғини умрбод ва узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилади. Кейинроқ вилоят суди ва Олий суд ҳам бу ҳукмни ўз кучида қолдиради. Орадан олти йил ўтгач, Бирлашган миллатлар ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ишни пухта ўрганиб чиқиб, Азимжон Асқаровни озодликка чиқариш ва у тортган моддий ва маънавий зарарни тўлаб бериш ҳақидаги хулосага келади. Бироқ…

Асқаров нега озод қилиниши керак эди?

Бунинг сабаблари жуда кўп. Асосийларига тўхталиб ўтамиз. Биринчидан, Асқаровнинг айбдор экани қонун асосида исботланмаган. Айблов бошидан охиригача милиция ходимларининг кўрсатмаларига асосланган. Улар эса Асқаровнинг қамалишидан манфаатдор эди. Камига уларнинг кўрсатмалари бўш, бири-бирига қарама-қарши ва ноаниқ бўлган. Охир оқибатда асосий гувоҳларнинг бири, ўша пайтда Бозорқўрғон тумани милиция бўлими бошлиғи бўлган Мергентаев ўзининг Асқаровга қарши берган кўрсатмасидан бош тортган.

Қамоқхонада профессионал суратчи Асқаров ижод билан ўзини овутарди.

Иккинчидан, Азимжон Асқаровга очиқ судда ўзининг айбсиз эканини исботлашга имкон берилмаган. Унинг қотиллик содир бўлган пайтда ўз уйида бўлганини тасдиқловчи гувоҳлар судга киритилмаган, уларнинг айримлари суд биноси яқинида ур-тўқмоққа олинган. Ҳатто адвокатлар ҳам суд залига киритилмай, ур-тўқмоққа олинганини бутун дунё билади.

Учинчидан, бу иш билан қамалган бошқа маҳбуслар шафқатсиз қийноқлар таъсирида ўзлари ва Азимжон аканинг зарарига кўрсатма беришган. Судда эса қийноқлар ҳақида айтишга йўл қўйишмаган. Азимжон аканинг ўзи ҳам тинимсиз ва қаттиқ калтакланган, лекин то ўла-ўлгунча айбдор эмаслигини айтиб келди.

Тўртинчидан, ишда зарур ашъёвий далиллар йўқ. Ҳаттоки ўлик тиббий-медицина экспертизасидан ҳам ўтказилмаган. Қишлоқ нотинчлиги сабабли касалхонага боришга имкон бўлмаганини рўкач қилиб, жасадни кўмиб юборишган. Қишлоқ нотинч бўлса, 25 км наридаги Жалолобод шаҳри ўликхонасига олиб боришса бўлардику? Ахир милиция ходими ўлиб турса! Энг қизиғи, марҳумнинг аёли судда ўша куни эрини излаб, бемалол туман касалхонасига боргани ва у ерда эрини топмаганини айтади. Ўз-ўзидан, милиция ходимлари ўликни тезроқ кўмиб юборишдан манфаатдор эмасмиди, деган савол туғилади.

Чуй вилояти судида Асқаровнинг иши қайта қаралаётган пайт. 2016 йилнинг декабри.

Қонун бўйича ўлик ётган жой, унинг топилган пайтдаги ҳолати, жасад атрофида топилган нарсалар расм ва видеога олиниб, чуқур тадқиқ қилиниши керак. Бу ишлар қилинмаган. Терговчи ҳатто ўлик ётган жойга бормаган ҳам. Жасадни тез ёрдам ходимлари олиб келиб, милиция биноси олдида, машина салонида қолдириб кетишган. Оқибатда жуда кўп саволлар жавобсиз қолиб кетди. Масалан, тергов материалларида марҳум милиционернинг ўткир тиғли буюмлар билан чопиб, тилиб ўлдирилгани айтилади. Марҳумнинг синглиси эса акасининг бошида орқа томондан отилган ўқ изи борлигини айтган эди. Тергов милиция ходими ўлдирилиб, ёқиб юборилганини айтса, марҳумнинг аёли ўз кўрсатмасида эрининг жасадини кийим-боши чанг ва қонга беланган ҳолда кўрганини айтган. Хўш, ёқиб юборилган танада чанг тугул кийимнинг ўзидан асар қоладими?

Афсус, ўз вақтида бу саволларга жавоб излаган одам бўлмади. Агар бўлганда ва холис тергов ўтказилганда ҳақиқий қотиллар топилган, Азимжон Асқаров эса эркинликка чиқиб, садоқатли турмуш ўртоғи, фарзандларию, набиралари бахтига кўп яшаган бўлармиди…

Бугун марҳумнинг ҳамкасблари ва жаҳон ҳамжамияти бу ишнинг холис тадқиқ қилинишини, Азимжон Асқаровни ўлимидан кейин бўлса ҳам оқлаб, унинг оиласига товон тўлаб беришни талаб қилмоқдалар.

Тириклар учун керак…

Бу ишда адолат қарор топиши марҳум учун эмас, тириклар учун, биринчи галда адолатли жамият қуришга даъво қилаётган мустақил Қирғизистон учун, унинг халқаро ҳамжамиятдаги нуфузини тиклаш учун жуда муҳим. Бу яна шунинг учун ҳам муҳимки, 2010 йилдаги воқеаларга боғлиқ юзлаб фуқаролар қийноқларга солиниб, неча йиллаб қамоққа ташландилар. Уларнинг кўпчилиги адолатсиз суд ҳукмини тўла ижро этиб озодликка чиқдилар. Лекин уларнинг қамоқхонада йўқотган соғлиги, яқинларидан айрилиқ туфайли чеккан маънавий азоблари ва озодликда юрса ишлаб топиши мумкин бўлган даромадини ким қайтаради?

Бугунги кунда яна бир неча одам қамоқхоналарда адолат кутиб яшамоқдалар. Улар умрбод қамоқ жазосига ёки 20 йил ва ундан кўпроқ муддатга қамалганлар. Уларнинг ишларини қайта кўриб чиқиш, ҳеч бўлмаганда қамоқ муддатини қисқартириб, эркинликка чиқариш лозим. Яқинда парламент афви умумий ҳақида қонун қабул қилиб, президент имзоси учун жўнатди. Мана шу қонун қабул қилиниши билан айтилган масала ҳал бўлармикан? Насиб қилса кўрармиз.

Кураш давом этади

Ҳуқуқ ҳимоячисининг ўлимига ўпканинг икки томонлама яллиғланиши сабаб бўлгани ҳақида расмий айтилган. Лекин бунга шубҳа туғдирадиган жиддий ҳолатлар бор. Азимжон Асқаровнинг оила аъзолари, ҳамкасблари ва дўстлари унинг қамоқхонада қай тарзда, нима сабабдан ҳалок бўлганини жиддий тадқиқ қилиб, айбдорларни жазолашни талаб қилмоқдалар.

Яқинда Асқаровнинг ўлими бўйича судгача суриштирув ишлари тўхтатилгани маълум бўлди. Тергов хулосаларга кўра унинг ўлимида ҳеч кимнинг айби йўқ эмиш. Адвокат Айдар Сидиқовнинг айтишича, бу иш қайта тергов қилиниши керак. Сабаби, биринчидан, терговни Жазоларни ўташ давлат хизмати (ЖЎДХ) ходимлари олиб боришган. Қандай қилиб улар ўз ҳамкасбларининг айбини очади? Иккинчидан, адвокатнинг таъкидлашича, тергов ишлари тўлақонли олиб борилмаган. Масалан, бу ишга алоқадор шахсларнинг кўпи сўроқ қилинмаган.

Азимжон аканинг беваси Ҳадича опа набиралари билан. 2021 йилнинг майи.

“Биз биринчи кундан терговни Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига топширишни сўранган эдик. Афсуски, бизга қулоқ солишмади. Биз суд ва тегишли жойларга мурожаат қилиб, ишнинг қайта тергалишини ва айнан Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан амалга оширилишини талаб қиламиз”, – деди Айдар Сидиқов.

Асқаровнинг ўлимидан 10 кунча аввал у билан қамоқхонада учрашган адвокат Валерьян Вахитов маҳбуснинг қаттиқ касал эканини айтиб, касалхонага ётқизишни талаб қилган. Бу ҳақда журналистлар ёзиб чиқишгач, бунга жавобан Жазоларни ўташ давлат хизмати ходими Асқаровнинг соппа-соғ эканини айтиб, адвокат ва унинг ҳамкасбларини ёлғон йўли билан грант олишга интилишда айблаган эди.

Кейинроқ эса Асқаровнинг ўлимини изоҳлар экан, ЖЎДХ марҳумнинг ўзини айбдор қилиб, унинг ўзи кислород концентраторига уланган ичак (шланг)ларни юлиб, тиббий ёрдам кўрсатилишига қаршилик қилганини айтган. Лекин ҳар қандай вазиятда ҳам одамга тиббий ёрдам кўрсатилиши зарурлиги ҳақида, акс ҳолда медиклар жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида расмийлар сукут сақламоқдалар.

Аянчли ишдаги ижобий ҳолатлар

Халқимизда, ҳар ёмоннинг бир яхшилиги бор, деган гап бор. Албатта азоб, қайғу ва аламларга тўла бу воқеада яхшилик излаш оқилнинг иши эмас. Шундай бўлсада, бу иш билан бошидан охиригача шуғулланган журналист, инсон сифатида айрим ижобий ҳолатлар ҳақида айтиб, кимларгадир миннатдорчилик билдириб қўйиш жоиз деб ўйлайман.

Биринчидан, шахсан мен нафақат Қирғизистон, балки дунёнинг ўнлаб мамлакатларида Азимжон аканинг тақдирига бефарқ бўлмаган, уни қўллаб-қувватлаган кучлар, минглаб инсонлар борлигига амин бўлдим. У қамоқда ўтказган ўн йил давомида дунёнинг ҳар бурчидан минглаб хат ва откриткалар келиб турди. Шахсан ўзим бир сафар почтадан 5 қоп хат олиб келганман. Уларда Азимжон ака ва унинг оила аъзолари номига илиқ сўзлар айтилиб, адолат тантанасига бўлган ишонч ва умид билдирилган. Шу сабабли Азимжон Асқаров ўзининг қамоқхонада ёзган илк китобини «Мен бахтлиман…» деб атаган эди.

Афсуски, Қирғизистонда айрим сўқир сиёсатчи ва сохта журналистларга ишониб, Азимжон акага тақилган сохта айбловларга ишонган, уни қотил, миллатчи деб ҳисоблайдиганлар ҳам оз эмас. Лекин уни софдил ҳуқуқ ҳимоячиси, истеъдодли рассом ва журналист сифатида билганлар, унинг бегуноҳлигига ишонган, уни чуқур ҳурмат қилганлар кўпроқ. Қирғиз миллатига мансуб фуқаролар орасида ҳам. Аёли Ҳадича опа ҳам унинг юкини қўлидан олиб, самимий ҳамдардлик билдирган қирғизлар ҳақида қувониб гапириб турарди.

Иккинчидан, Азимжон аканинг иши сабаб мамлакатда қийноқлар муаммоси, умуман инсон ҳуқуқлари масалалари энг юқори даражада муҳокама қилиниб, муайян чоралар кўрила бошлади. Қонунларга ўзгартишлар киритилиб, янги тузилмалар пайдо бўлди, қамоқхона ва бошқа ёпиқ муассасалардаги шароит анча ўнгланди. Аҳоли орасида қийноқлар ва адолатсиз судловга бўлган салбий муносабат кучайди. Қуйидаги видеода Азимжон Асқаровнинг сўнгги суддаги (2016 йил, декабрь) нутқи акс эттирилган:

Ва ниҳоят учинчи ижобий ҳолат. Азимжон ака қазои қадари етганда жасадини Ўзбекистонга қўйишни васият қиларди. Чунки, тўртала фарзанди оиласи билан ўша ёқда яшайди, қолаверса, миллатчи гуруҳлар уни қабрида ҳам тинч ётқизмаслиги мумкин эди. Кутилмаган ўлим тож вируси роса қутуриб, чегаралар ёпилган, Ўзбекистондаям, Қирғизистондаям кучли карантин ҳолати киритилган пайтда келди. Бундай шароитда аталган васиятнинг бажарилишига шахсан менинг ишончим суст эди. Лекин ҳар икки давлат ҳукуматлари ўша кунлари масалага тушуниш билан ёндошиб, зўр инсонийлик намунасини кўрсатдилар.

Ҳамкасбларнинг саъй-ҳаракатлари билан зарур ҳужжатлар тезда расмийлаштирилиб, Азимжон аканинг сўнгги тилаги ва васияти ижобат қилинди. Ўзбекистон ҳудудига ўтилгач, жасад давлат томонидан ажратилган “тез ёрдам” машинасида, махсус машиналар кузатувида сўнгги манзилига етказилди. Тошкент вилоятидаги Янгибозор шаҳарчасида, фарзандларига яқин жойда дафн қилинди.

Бу ҳолат бир томондан Қирғизистон раҳбариятининг вазиятни тўғри баҳолай билиши ва умуман Азимжон аканинг иши бўйича адолат қилишга ҳам иродаси борлигини кўрсатди. Иккинчи томондан Ўзбекистон давлати бошқа мамлакатлардаги ўзбекларга нисбатан аввал бўлганидек бефарқ эмаслигини намойиш қилди. Марҳумнинг оила аъзолари, дўстлари ва ҳамкасблари икки дўст давлат раҳбарларига чуқур миннатдорчилик билдирадилар.

Шу билан Азимжон аканинг бир неча китобга жой бўладиган тарихи ниҳоясига етди. Энди бизнинг тарихимиз бошланди. Яъни, биз – марҳумнинг дўстлари, ҳамкасблари, жаҳон ҳамжамияти ва энг аввали Қирғизистон ҳукумати бу ишда йўл қўйилган хатоларни ўнглаб, адолат тантана қилишига эриша оламизми? Омон бўлсак кўрармиз.

Менинг шундай бўлишига ишонгим келиб турибди. Ахир бу раҳматли Азимжон акага эмас, биз тириклар учун керак. Токи бу воқеадан жиддий сабоқ олиб, келажакда ана шундай фожиали, аянчли ишлар такрорланмаслиги учун ҳаракат қилайлик.

Абдумўмин Мамараимов, Бишкек.

Суратлар муаллифнинг ва Асқаровларнинг оилавий архивидан олинди.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг