Янги имкониятлар: Хитой поездидаги юклар Тошкентга ўн беш кунда етиб келади

Бу лойиҳа “Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” темир йўли ҳаракатининг ҳаётийлигидан дарак.

Жорий йилнинг 9 июнида Хитойнинг қоқ марказида жойлашган Ланчжоу шаҳри станциясидан Тошкентга 30 та юк контейнери юклаган поезд йўлга тушган. Унинг Қирғизистон ҳудуди орқали ўтиб, 3 минг километрдан узунроқ йўлни 15 кун ичида босиб ўтиши кутилмоқда.

Ўзбекистон ҳудудида бу йўналишда темир йўл бўлмагани боис, ҳозирча юклар Қирғизистонда юк машиналарига ортилиб, сўнгги манзилига етказилади.

Бу поезд ҳаракати Хитойнинг Zhejiang Union of Railway Logistics ширкати, “Ўзбекистон темир йўллари” ҲЖ ва “Қирғиз темир йўли” миллий компанияси” давлат корхонаси ҳамкорлигида йўлга қўйилмоқда.

Ўзбекистон Транспорт вазирлигининг телеграм каналида берилган маълумотга кўра, бу синов поезди ҳаракати уч давлат ўртасида “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” мультимодал транспорт йўлаги бўйлаб юк ташишни рағбатлантириш мақсадида амалга оширилмоқда.

Телеграм канали берган хабарга кўра, поездда Хитойда ишлаб чиқарилган қуёш панеллари, турли механик жиҳозлар, газламалар ва бошқа юк турлари бўлиб, уларнинг умумий қиймати 2,5 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Маълумки, уч давлат ўртасида 2023 йилнинг 18 майида Хитойнинг Сиан шаҳрида ўтган “Хитой – Марказий Осиё” давлати раҳбарлари саммити давомида кўп йиллардан бери муҳокама қилиб келинаётган “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли қурилиши бўйича якуний ҳужжатларга қўл қўйилган.

Бу улкан лойиҳа ташаббуси 2000 йилларнинг бошларида кўтарилиб, ҳанузгача амалга ошмай келаётган эди. Бунга қисман Россия ва Қозоғистоннинг қаршилиги ҳам сабаб бўлиб келаётган эди. Ўтган 2022 йилнинг сентябрида Самарқандда ўтказилган ШҲТ саммити доирасида бу лойиҳа бўйича аниқ битимларга эришилиб, Ўзбекистон Транспорт вазирлиги, Қирғизистон Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги ҳамда Хитой Тараққиёт ва ислоҳотлар қўмитаси ўртасида тегишли келишувлар имзоланган.

Уларга мувофиқ, томонлар қурилиш лойиҳасини ишлаб чиқиш, сармоялар ва молиялаштириш йўлларини ўзаро ўрганиб, бир қарорга келиш ҳақида келишиб олишлари керак эди.

Имзоланган ҳужжатларда Қирғизистон ҳудудидаги темир йўл қурилиши лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича барча ишларни 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида якунлаш белгиланган бўлиб, бу иш деярли режа асосида кетаётгани маълум қилинган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг