Мерос талаш: Ислом Каримовнинг ўғли ўгай онаси билан судлашади

Пётр Каримовнинг аввалроқ Ўзбекистон миллий авиакомпанияси билан судлашгани маълум.

Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туманлараро судида Ислом Каримовнинг ўғли Пётр Каримовнинг Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг беваси Татьяна Каримовага қарши даъво аризаси кўриб чиқилади. Бу ҳақдаги маълумот Тошкент шаҳар судининг расмий сайтида жойлаштирилган.

Пётр Каримовнинг ўртада ворислик ҳуқуқидан келиб чиққан ўзаро можаро билан боғлиқ даъво аризаси 26 июнь куни кўриб чиқилади.

Кўпчиликка маълум бўлмаган Пётр Каримов 54 ёшда бўлиб, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг биринчи аёли Наталья Кучма билан никоҳидан туғилган тўнғич фарзанди. Бу фарзанди ҳақида очиқ манбаларда маълумотлар жуда кам.

Ислом Каримов ва Наталья Кучма Пётр туғилгандан сўнг ажрашиб кетишган. Наталья Кучманинг 2008 йилда Тошкентда вафот этгани айтилади.
Пётр эса 1990 йилларда Москвага кетиб, шу кунгача асосан Москва вилоятида яшаб келади. У Тошкент Халқ хўжалиги институтини битиргач, маълум вақт банк соҳасида, сўнгра «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясининг Москвадаги ваколатхонасида ишлаган.
Пётрнинг даъво қилишича, у 2017 йилда, отасининг ўлимидан сўнг ишдан бўшатилган. Бундан норози бўлиб, у 2018 йилда Москвада «Ўзбекистон ҳаво йўллари» компаниясини судга берган. Даъво аризасига кўра, авиаширкат Пётр Каримовга ишдан бўшатиш давомида ўзига берилиши лозим бўлган пул маблағини тўламаган. Ўзаро сўзлашувлардан сўнг 2018 йилнинг охирларида томонлар ўзаро келишиб олган ва иш ёпилган.

Ҳозирда унинг нима билан машғул экани ноъмалум.

Бир ой аввал Россия нашрлари Пётрнинг ўз аёли Юлия Сметанкинани дўппослагани ҳақида ёзишган. Маълумотларга кўра, у Красногорск шаҳарчасидаги кўп қаватли уйлардан биридаги хусусий квартирасида аёлини ура бошлаган. Қўшнилари икки марта полиция чақиришга мажбур бўлишган.

Оқибатда мияси чайқалиб, танаси кўкарган Юлияни касалхонага, Пётрни эса полиция бўлимига олиб кетишган. Суриштирув ишлари давом этмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг