Европа Иттифоқи – Марказий Осиё: Россияга ёрдам берманг, савол бўлса марҳамат

Иссиқкўл бўйида Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари учрашдилар.

Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида президент Садир Жапаров раислигида “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” форматидаги иккинчи саммит бўлиб ўтди. Президент матбуот хизмати берган хабарга кўра унда Марказий Осиё давлатларининг биринчи раҳбарлари,  Туркманистон Вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари ва Европа кенгаши президенти Шарл Мишел иштирок этди.

Умумбашарий муаммолар бирлашишни талаб қилади

Маълумотларга кўра, саммитда икки минтақа ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболдаги режалари муҳокама қилинди. Шунингдек, халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар, Марказий Осиё давлатлари ҳамда Европа Иттифоқи ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди..

Албатта, асосий масалалардан бири сифатида Россиянинг Украинага қарши уруши ва бу билан санкциялар масаласи қаралди. Маълумки, сўнгги пайтларда Россия санкция туфайли чет давлатлардан келмай қолган товарларни Марказий Осиё давлатлари орқали олишга интилмоқда ва олмоқда ҳам. Бу ғарб давлатларини ташвишга солиб, АҚШ ва Европа Иттифоқи Россияга ёрдам беришга интилган давлатларга ҳам санкциялар киритилиши ҳақида огоҳлантириб келяпти.

Навбатдаги санкциялардан бирига Қирғизистонда фаолият кўрсатаётган компаниялардан бирига қарши киритилгани маълум бўлди.

Тадбирни 100 га яқин маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, 70 нафар хорижий журналистлар ёритиб борди.

АКИpress ахборот агентлиги “Европа Кенгаши президенти Шарл Мишел йиғилиш оғир паллада ўтаётганини, Россиянинг Украинага қарши уруши борасидаги минтақа давлатларининг турли позицияларини билишини ва ҳурмат қилишини айтди”, – деб ёзди.

Президент Садир Жапаров Украинадаги вазият ҳақида тўхталар экан, Қирғизистон  ҳар қандай можаронинг музокаралар йўли билан ҳал қилиниши керак, деб ҳисоблашини маълум қилди.

“Биз бу урушни тугатиш учун ўзаро мақбул ечим топишга ҳисса қўшадиган воситачилик саъй-ҳаракатлари ва тинчлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз. Қирғизистон ҳудудий яхлитлик, суверенитет, давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилларига қатъий амал қилади ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойил ва нормаларига риоя этилиши тарафдори”, – деди Жапаров.

Президент дунёнинг турли бурчакларида қуролланиш пойгаси ва кескинлик ўчоқлари пайдо бўлганидан хавотир билдирди.

“Бундай шароитда янги авлодлар келажаги йўлида ҳар бир давлат манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, глобал ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорликни муҳим деб биламиз, – деди Садир Жапаров.

Учрашувнинг иккинчи куни, 3-июнда Европа кенгаши раиси минтақа давлатлари раҳбарлари билан тор доирада музокаралар ўтказди. Унда икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди, глобал кун тартибидаги кенг кўламли масалалар, жумладан, минтақавий ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди.

Садир Жапаров Қирғизистон томони икки томонлама ҳамкорлик тарихида илк бор Европа кенгаши раҳбарининг мамлакатга ташрифи ўтаётганини таъкидлади.

“Биз бу воқеликка катта аҳамият берамиз. Мустақилликка эришганимиздан буён орамизда фақат ишонч, дўстлик мустаҳкамланди”, – деди президент.

Ўз навбатида, Шарл Мишел Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тадбирда иштирок этиши Марказий Осиё ва ЕИ ўртасидаги муносабатлар ривожига янги суръат бағишлашига ишонч билдирди.

Садир Жапаров Иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари дунёнинг барча мамлакатларини, жумладан, минг йиллик музликларга эга Қирғизистонни ҳам ташвишга солаётганини ҳам таъкидлаб ўтди.

Шу билан бирга Садир Жапаров ва Шарл Мишел музокаралар якунлари юзасидан оммавий ахборот воситаларига қўшма баёнот беришди.

“Учрашувда президентлар демократия, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги, иқтисодий ҳамкорлик ва барқарор ривожланиш мақсадларига асосланган кенг кўламли икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ниятида эканликларини билдирдилар”, – дейилади Қирғизистон президенти матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Қўшма баёнотда демократия ва инсон ҳуқуқлари масаласида Европа Иттифоқи Қирғизистонни қўллаб-қувватлаётгани қайд этилган. Бундан ташқари, қонун устуворлиги, таълим, рақамлаштириш соҳасидаги Европа Иттифоқи дастурларининг аҳамияти ҳам ўрин олган.

Томонлар нафақат Қирғизистон, балки бутун минтақа учун салбий оқибатларга олиб келадиган иқлим ўзгариши ва музликларнинг эриши билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда ҳамкорлик қилиш йўлларини муҳокама қилдилар.

Санкциялар нима бўлади?

Бундан ташқари Шарл Мишел Марказий Осиё давлатларига қарши санкциялар ҳақида ҳам маълумот берди. Саммитдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида у “Европа Иттифоқи Қирғизистон, Қозоғистон ёки Ўзбекистонга нисбатан санкция кирита оладими?” деган саволга жавоб берди.

Унинг қайд этишича, Европа Иттифоқи Украинага қарши урушда Россияни қўллаб-қувватловчиларга қарши чоралар кўрмоқда ва айни дамда янги санкцияларни киритиш масаласи муҳокама қилинмоқда.

“Биз Россия уруш машинасини қўллаб-қувватлаётганларга қарши кўплаб чоралар кўрганимиз аниқ. Биз бунгача 10 та санкция пакетини келишиб олдик. Ҳозирда биз санкциялардан қочиш хавфини камайтириш учун 11-шартли санкциялар пакетини муҳокама қилмоқдамиз. Мен шуни аниқ айтмоқчиманки, бундай чоралар рус уруш машинасини қўллаб-қувватлаганлар томонидан амалга оширилган. Биз ҳеч қандай экстратерриториаллик тамойилини қўлламаймиз”, – деди Мишел.

Унинг қўшимча қилишича, бир томондан, Европа Иттифоқи ўз ҳамкорларини Россияга Ғарб санкцияларини четлаб ўтишда ёрдам бермасликка чақиради, иккинчи томондан, у ҳамкорларининг санкциялар билан боғлиқ ҳар қандай савол ва муаммоларини тинглашга ва муҳокама қилишга тайёр.

Май ойида АҚШ Россиянинг 69 компаниясини “қора рўйхатга” киритди, улардан ташқари, Арманистон ва Қирғизистондан биттадан компанияга нисбатан санкциялар жорий этилди.

Март ойида Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Девид О’Салливан Бишкекка ташриф буюриб, музокаралар ўтказган. У Иттифоқ мамлакатлари ва Марказий Осиё ўртасидаги савдо айланмаси сўнгги пайтда 300 фоизга ошганини таъкидлаб, Россиянинг санкцияларни четлаб ўтишига йўл қўймаслик масаласини кўтарди.

Эслатиб ўтамиз, 2-июнь куни Чўлпонота шаҳридаги саммитга қатнашиш учун Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Туркманистон Вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари Нурмуҳаммет Аманнепесов ва Европа кенгаши раиси Шарл Мишел келди.

Европа Кенгаши раисининг Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан учрашуви олдидан Қирғизистондаги беш нафар инсон ҳуқуқлари ташкилоти бу учрашувда  минтақадаги инсон ҳуқуқлари аҳволини муҳокама қилишга чақирди.

“Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити иккинчи бор ўтказилмоқда. Биринчиси ўтган йили, 27-октабрь куни Қозоғистон пойтахти Астана шаҳрида ўтказилган эди.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг