Русча гапириб, урушга боринг, дейдими, ёки россияликлар яна нимадан норози?

Норозилик билдириш бугунги Россия ташқи сиёсатининг асосий йўналишларидан бўлиб қолди.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова Қирғизистон парламентида давлат тили тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритиш бўйича қонун лойиҳасининг учинчи ўқишда қабул қилинишига изоҳ берди.

Русча гапиришда давом этамизми?

Мария Захарованинг Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий сайтида чоп этилган изоҳида айтилишича, “ҳужжат ҳозирги кўринишида давлат тилини билмайдиган фуқаролар учун маълум қийинчиликларни келтириб чиқаради”.

“Ҳамкорлар қонун лойиҳаси Қирғизистонда рус тилини бекор қилишни мақсадида эмаслигига ишонтиришди. Шу муносабат билан Қирғизистон Республикаси раҳбарияти иттифоқчилик муносабатларимиз руҳида ҳам қирғиз тилини ривожлантиришга, ҳам рус тилини қўллаб-қувватлаш ва тарғиб қилишга қаратилган мувозанатли тил сиёсатини олиб боришини кутамиз”, дейилади юқорида айтилган шарҳда.

Маълумки, шу йилнинг 31-майида Қирғизистон парламенти “Давлат тили тўғрисида»ги қонун лойиҳасини қабул қилди. Ҳужжатда давлат ва бюджет хизматчиларига давлат тили бўлган қирғиз тилини билиш ва буни исботлаш учун тегишли имтиҳонлардан ўтиш мажбурияти юкланган. Давлат маҳкамаларида иш юритиш ҳам давлат тилида олиб борилиши шарт.

Бошқача айтганда, қонун кучга кирадиган бўлса, Қирғизистонда давлат органлари фаолияти ва суд ишларини юритишда, географик номларни қўйишда, таълим ва фан соҳаларида, ҳамда халқаро шартномалар тузишда қирғиз тилидан фойдаланиш мажбурий бўлади. Демак, давлат хизматчилари, депутатлар, ҳатто ўқитувчилар, судьялар, прокурорлар ва бошқа кўплаб тоифадаги фуқароларнинг давлат тилини билиши мажбурий қилиб қўйилиши қонундаги асосий ўзгаришлардандир.

Қирғизистонда рус тили расмий тил ҳисобланади. Шу туфайли парламент ёки ҳукумат йиғилишлари кўпинча ҳатто залда бирорта русийзабон одам бўлмасада, рус тилида ўтказилади. Бунга давлат тилининг нуфузи йўқлиги, мамлакатда ҳамон рус тилининг вазни оғир экани сабаб. Миллати қирғиз бўлса-да, ҳамон она тилини ўзлаштира олмаган сиёсатчи ва амалдорлар талайгина. Шу сабабдан бўлса керак, русийзабон сиёсатчи ва амалдорлар ҳам давлат тилини инкор қилиб, рус тилида сўзлашни афзал кўрадилар. Бу ҳолат аҳолининг ғашини келтириб, турли норозиликларга сабаб бўлмоқда.

Шунга қарамай, бунгача ҳам Россия Қирғизистонда тил билан боғлиқ ҳар бир қонун ўзгаришига норозилик ёки ташвиш билан муносабат билдириб келган.

Камига урушга ҳам боришимиз керакмиш…

Россия Давлат думаси депутати ва «Адолатли Россия» фракцияси раҳбари Сергей Миронов Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистонда Украинадаги урушда иштирок этганлик учун жиноий жавобгарликни «абсурд» деб атади. Бу ҳақда “Озодлик” радиосининг Марказий Осиё янгиликлари хизмати маълум қилди.

Хабарда айтилишича, россиялик сиёсатчининг видеомурожаати унинг Твиттердаги саҳифасида эълон қилинган. Мироновнинг сўзларига кўра, “бу масалани давлатлараро даражада ҳал қилиш зарур”, чунки юқоридаги давлатлар ЕОИИ аъзоси ҳисобланади.

“Агар ушбу мамлакатлар фуқаролигига эга бўлган россиялик ўз тарихий ватанига ёрдам беришга ва махсус ҳарбий операцияга боришга қарор қилса, у қамоққа ташланади. Бу бемаънилик! Биз бу масалани давлатлараро даражада ҳал қилишни таклиф қиламиз”, – дейди Миронов ўз мурожаатида.

Миронов ўзи ким? 70 ёшли бу сиёсатчи бир пайтлар президент Путиннинг қўллови билан Думага келиб, ўн йил давомида Давлат думасининг Федерация Кенгашига раислик қилди. Ишни дўндириб қўймади, шекилли, Путин уни ўз даврасидан четлатди ва у ҳозирда “Адолатли Россия” фракиясига раҳбарлик қилади. “Тишсиз”, чала мухолафатдаги бу сиёсатчи, афтидан юқоридаги баёноти билан яна Путиннинг эътиборини қозонмоқчи шекилли.

Маълумки, Марказий Осиё давлатлари расмий идоралари Россиянинг Украинага қарши урушида иштирок этиш фикрида бўлган ёки урушга отланган фуқароларини бир неча бор огоҳлантириб, бунинг учун ўз ватанларида жиноий жавобгарликка тортилишларини айтишган. Шунга қарамай, охирги пайтда бирин-кетин Украина урушида ҳалок бўлган фуқароларнинг жасади Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистонга келиб турибди.

Қирғизистонда эса яқинда ана шу урушда қатнашган бир қирғизистонлик фуқаро суд ҳукми билан узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Сергей Миронов ана шундан сўнг ўз норозилигини билдирган.

Бунга Қирғизистон парламенти депутати Дастан Бекешев ўзининг Твиттердаги саҳифасида жуда чиройли жавоб берган. Бекешев Қирғизистон ўз фуқароларини ҳар қандай урушда қатнашишга ундашга мажбур эмаслигини таъкидлади.

“Евросиё иқтисодий иттифоқи ҳарбий блок (иттифоқ) эмас ва биз фуқароларни ҳар қандай урушда қатнашишга ундашга мажбур эмасмиз”, деб ёзди Дастан Бекешев.

Эслатиб ўтамиз, Россия қўшинлари 2022-йилнинг 24-февралида Украинага бостириб кирди. Бир неча кун ичида Украинани тиз чўктиришни режалаштириб бошланган уруш, мана бир йилу уч ойдан бери давом этмоқда. Урушда ҳар икки томон катта талофатлар бермоқда. Айниқса, Россиянинг урушнинг биринчи кунларида ўзининг энг сара қўшинларидан ажралгани, бунинг оқибатида қисман сафарбарлик қилишга мажбур бўлиб, ўз армиясига 300 мингдан ортиқ фуқаросини жалб қилгани маълум.

Урушга боришни истамаган россиялик эркакларнинг бир қисми тўп-тўп бўлиб мамлакатни тарк этишди ва ҳозирда Марказий Осиё давлатлари, Туркия, Мўғулистон ва Грузия каби давлатларда истиқомат қилишмоқда.

Асосий жанглар бугун Украинанинг шарқий қисмида кетмоқда. Кичиккина Бахмут шаҳри учун бўлган жанглар бир неча ойдан бери давом этмоқда. АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатлари Украинага мисли кўрилмаган даражада ҳарбий қилмоқдалар. Охирги пайтларда улар томонидан қуролланган ва ўқитилган Украина  армиясининг қарши ҳужумга ўтиши ҳақида кўп гапирилмоқда. Россия эса, ҳужум суръатини пасайтириш баробарида, мудофаа иншоотларини қуриш билан овора.

Бу урушни жаҳон давлатларининг асосий қисми қоралади. Бу ҳақда БМТ резолюциясини дунёнинг 143 давлати қўллаб-қувватлади. Россия билан иқтисодий томондан қаттиқ боғланган Қирғизистон ва бошқа Марказий Осиё давлатлари бу резолюция бўйича бетараф қолишди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг