Кўпи кетиб, ози қолди: Тожикистон чегарасини аниқлаш жараён қийин кечмоқда

Қирғизистон-Тожикистон президентлари учрашуви ҳам масалага ўта ойдинлик киритолмади.

Қирғизистоннинг Тожикистон билан чегараси масаласи мамлакат учун катта муаммолардан бирилигича қолмоқда. Яқинда президентлар Садир Жапаров ва Имомали Раҳмоннинг Чўлпонотадаги учрашуви ҳам осон кечмади. Ҳар ҳолда икки давлат раҳбари шу пайтгача эришилган натижаларга амин эканликларини таъкидладилар.

Икки президент учрашуви яқинда ўтган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” саммити доирасида бўлиб ўтди. Қирғизистон раҳбарининг ахборот хизмати берган хабарга кўра, давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, томонлар сўнгги йилларда чегаранинг лойиҳа чизиғини келишишда эришилган натижалардан мамнун эканликларини билдирдилар.

“Садир Жапаров ва Имомали Раҳмон музокараларни самарали давом эттириш, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган мақбул ечимларни излаш тарафдори эканликларини билдирдилар”, – дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Тожикистон президентининг матбуот хизмати ҳам учрашув ҳақидаги маълумотда чегара масаласига алоҳида эътибор қаратилганини қайд этиб, чегаранинг 626 километрлик  лойиҳасининг 102 километри бўйича ечимларга сўнгги 1,5 йил ичида келишилганлиги қайд этилган.

Қирғизистон томонининг ҳисоб-китобига кўра, умумий фикрга келишилган лойиҳа чизиғи бугунги кунда 682 километрни ташкил этади.

Вазирлар Маҳкамасининг чегара бўйича вакили Назирбек Бўрубаев президентларнинг сўнгги учрашувида нималар муҳокама қилинганидан хабари йўқлигини, аммо Тожикистон томони билан музокаралар қийин кечганини айтди.

Президент Садир Жапаров апрель ойида “Кабар” миллий ахборот агентлигига берган интервьюсида Тожикистон билан чегарани тартибга солиш ишлари секин кетаётганини айтган.

“…Қийинчилик туфайли президентлар даражасида музокаралар олиб борилмоқда. Агар осон бўлганида, [чегара масаласи] аввалроқ ҳал бўлган бўларди”, деди журналистларга.

Аввалроқ президент Жапаров жорий йилнинг майигача Тожикистон билан чегара муаммосини ҳал қилишини башорат қилганди. Аммо бу башорат рўёбга чиқмади. Бўрубоев бунинг сабабини изоҳлар экан, қўшни томонни айблади.

“Бутунлай ҳал қиламиз, деганимизда Тожикистон томони бизнинг  таклифимизга рози бўлганди, аммо кейин яна ўз позициясини ўзгартирди. Шунинг учун ҳал этилмади. Бўлмаса, аввалроқ ҳал қилинган бўларди”, – деди Бўрубаев.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон томон музокаралар ҳақида турли амалдорлар даражасида баёнотлар бериб, бу одатда жараён ҳақида жуда кам маълумот берадиган Тожикистон томоннинг норозилигига сабаб бўлиб келган. Қирғизистонда эса, бир қатор фаоллар қирғиз-тожик чегарасини аниқлаштириш жараёнида шаффофлик бўлиши кераклигини айтган эди.

Боткендаги чегара можароларини текшираётган собиқ губернатор Хаитали Айқинов ҳам Тожикистон томони билан музокаралар олиб борилаётган бўлса-да, халққа аниқ маълумот йўқлигини айтган.

«Албатта, музокаралар бўлиши керак. Ўзбекистон билан ҳам шунга ўхшаш музокараларда бу жойни шу ерга алмаштирамиз, деган тартибди музокаралар бўлган. Тожикистон билан бундай ишлар бўлмаяпти», – деди Айқинов.

Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида жами 972 километр узунликда чегара мавжуд. 2022-йил 17-апрелда икки давлат президентлари 664 километр бўйича умумий фикр мавжудлигини тасдиқладилар.

Чегара ҳали аниқланмагани боис икки қўшни давлатнинг чегара ҳудудида яшаган фуқаролари ва чегара қўшинлари ўртасида турли қуролли тўқнашувлар, инсонларнинг қурбон бўлишига олиб келган фожиали воқеалар содир бўлган. Бу можарода Тожикистон ҳарбийлари оғир ҳарбий техникадан ҳам фойдаланган.

Жумладан, 2021-йилнинг 28-апрелидаги қуролли тўқнашувда 36 нафар Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлган, 170 дан ортиқ аҳоли яраланган. Тўқнашувда бир қатор уйлар ва ижтимоий объектлар вайрон бўлган. Тожикистон 19 фуқаронинг ўлими ҳақида хабар берган.

Қуролли можаро 2022-йилнинг 14-17-сентябр кунлари такрорланиб, икки томон бир-бирини “тажовузкорлик”да айблади. Қирғизистоннинг 63 фуқароси ҳалок бўлди, 206 киши яраланди. Бир қатор ижтимоий объектлар ва турар-жойлар вайрон бўлган ва ёқиб юборилган. Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги тожиклардан 41 фуқаро ҳалок бўлгани ва 200 га яқини яраланганини маълум қилди, “Озоди” ўз манбаларига таяниб, ҳалок бўлгани айтилаётган 80 дан ортиқ кишилар рўйхатини эълон қилди. Ҳалок бўлганлар орасида ҳар икки томондан болалар ҳам бор.

2021-2022 йиллардаги чегарадаги қуролли тўқнашувлардан сўнг Тожикистон билан чегарадош қишлоқлар аҳолиси қўрқув ичида яшаб келмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, чегара бўйича музокараларнинг навбатдаги раунди июн ойида Тожикистонда ўтказилади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг