Ўзингизга буюрсин: Россия ва Беларус давлатлари иттифоқи кенгаймайди

Қозоғистон президенти Россия ва Беларус давлатлари иттифоқига кириш таклифини рад этди.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг ўз давлатининг Россия ва Беларус иттифоқ давлатига қўшилиши шарт эмас, деган гапини ўз матбуот хизмати орқали маълум қилди. Халқаро дипломатия тилининг нозик жиҳатларини яхши билган Тўқаевнинг бу баёнотни шахсан ўзи эмас, матбуот хизмати орқали билдиргани Қозоғистон учун бу масаланинг нақадар аҳамиятсиз эканига ишора ҳамдир.

Бунинг устига Тўқаев бу таклифни “ҳазил” деб атаган.

“Кеча куни Беларус Республикаси президенти Александр Григорьевич Лукашенко Қозоғистонга Иттифоқ давлатига киришни таклиф қилди. Мен унинг ҳазилини юқори баҳоладим. Менимча, бунга ҳожат йўқ, чунки бошқа интеграцион бирлашмалар, биринчи навбатда, Евросиё Иқтисодий иттифоқи бор”, – деган Тўқаев.

Бу таклиф авваллари МДҲга кирган бошқа давлатларга, жумладан, Қирғизистонга ҳам турли вақтларда берилиб кетган. Лекин, Қирғизистондаги айрим сиёсатчиларнинг қўлловларини ҳисобга олмаганда, бирорта давлат бу иттифоққа кириш истагини билдирмади. Халқаро миқёсда бу Россиянинг бу ҳаракатлари собиқ Совет иттифоқини қайта тиклашга уриниш сифатида баҳоланди. Ўтмишга қайтиш эса, собиқ иттифоқдош давлатлар манфаатларига зид экани ойдай равшан.

Бугунги кунда Россиянинг Украинага босқинини очиқча қўллаб-қувватлаётган ягона давлат Беларус ҳисобланади. Беларус аскарлари урушда бевосита иштирок этмаса ҳам, рус аскарлари бу давлат ҳудудидан Украинага биринчи ҳужумни уюштиришда фойдаланишган. Эндиликда эса, Беларус бу урушда Россияни охиригача қўллашини маълум қилиб, ўз ҳудудини уруш мақсадларида қўллаш учун Россияга рухсат бериб келяпти. Жумладан, Россиянинг ядровий қуролларини бу давлат ҳудудида жойлаштириш масаласи ҳам айтила бошлади.

Бу мавзуга тўхталар экан, Тўқаев, “Ядро қуролига келсак, бизга у керак эмас, чунки биз Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома ва Ядро қуроли синовларини тақиқлаш тўғрисидаги шартномага қўшилганмиз. Биз ушбу халқаро ҳужжатлардаги мажбуриятларга содиқ қоламиз”, дея қўшимча қилди.

Собиқ совет давлати тарқалиб кетгач, уни ўрнида Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) тузилди. Кейинроқ Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) пайдо бўлди. Лекин орадан ўтган ўнлаб йиллар давомида бу ташкилотларнинг бирортаси ўзининг самарали бирикма эканини исботлай олмади.

Бошида Россия турган бу ташкилотларнинг аъзолари ўртасида иқтисодий, чегара ва сиёсий можаролар тўхтамай келяпти. Бугунги кунда эса МДҲни тузган икки асосий давлат – Украина ва Россия ўртасида тўлақонли, кенг қамровли уруш кетяпти. МДҲнинг учинчи уюштирувчиси бўлган Беларус эса бу урушда Россия томонида турибди.

Тўқаев ЕОИИ ҳақида гапирар экан, ташкилотга, биринчи навбатда, иқтисодий интеграция масалалари билан шуғулланишни таклиф қилди. Чунки охирги йилларда бу ташкилот аъзолари ўртасидаги иқтисодий масалалар сиёсий сабабларга кўра ҳал бўлмай келяпти. Айниқса, ўзаро савдо-сотиқ, ишчи кучларнинг ва умуман фуқароларнинг бу давлатлар ўртасидаги қатновлари, Россия ва Қозоғистон ҳудуди орқали юк ташишдаги муаммолар ҳамон долзарблигича қолмоқда.

“Яқинда Москвада ЕОИИ Олий Кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Биз, биринчи навбатда, иқтисодий ўзаро ҳамкорлик, интеграция масалалари билан шуғулланишимиз кераклигини айтдик. Савдо тўсиқсиз бўлиши керак. Бунинг учун барча саъй-ҳаракатларимизни қилишимиз лозим. Қозоғистон юк ташувчилари ҳам Россия бозорига, ҳам учинчи давлат бозорларига товарларни эркин ва фойдали ташиш учун Россия ҳудудидаги ички темир йўл тарифларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши керак”, – деди Тўқаев.

Россия ва Қозоғистоннинг темир ва автомобил йўли соҳасидаги гегемонлигига барҳам бериш ва арзон денгиз йўли орқали Европа бозорларига чиқиш мақсадида Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўлини қуриш ғояси ўртага ташланди. Хитой ташаббуси ва молиявий қўлловида амалга оширилиши кўзда тутилган бу улкан лойиҳага кўп йиллардан бери Россия ва Қозоғистон томонидан қаттиқ қаршилик кўрсатилиб келди. Фақат ўтган йили бу борада аниқ қарорлар қабул қилиниб, ҳозирда лойиҳа ўзининг фаол босқичига кирди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг