Қирғизистон-Ўзбекистон: Ишончсизлик девори бузилди

Икки давлат ўртасидаги ишонч, дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари тикланиб, чегаралар очилмоқда.

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда кенг тарқалаётган видеода Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегарада қурилган деворни бузилаёгани акс этган. Видео ортидан турли нашрларда бу видеонинг икки давлатнинг Жалолобод ва Андижон вилоятлари ўртасидаги “Қирғизистон-Ўзбекистон: Ишончсизлик девори бузилди” чегара пунктида тасвирга олингани хабар қилинди.

Бу девор икки давлат ўртасидаги алоқалар жуда мураккаблашган даврда, 2010 йилда Ўзбекистоннинг бир томонлама қарори билан қурилган эди.

Бу деворнинг бузилиши икки давлат ўртасидаги ишончсизлик ва шубҳалар даври битиб, ўзаро ишонч, бирлик ва бирдамлик, икки томонлама фойдали алоқаларнинг қайта тикланиши ва мустаҳкамланиб боришининг рамзи бўлиб қолди, дейиш мумкин.

Бекобод-Хонобод чегара пости икки давлат ўртасидаги энг серқатнов йўллардан бири, Бишкек-Ўш автомобил йўлида қурилган. Пост қурилгунга қадар, қирғизистонликлар Жалолободликлар Ўш шаҳрига шу йўл орқали боришар ва бу бўлгани ярим соат вақт олар эди. Чегара пости қурилиб, кейинроқ ёпилгач, Жалолободдан Ўшга Ўзган орқали айланма йўл билан бориладиган бўлди. Бу йўл ҳозир камида 1,5 соат вақт олади.

Қирғизистон Чегара хизматининг билдиришича, девор “Бекобод-Хонобод” чегара пункти фаолиятини қайта тиклаш мақсадида бузилган. Бунгача ҳам бир неча бор бу постнинг очилиши ҳақида хабарлар тарқалиб келган.

“Тез кунларда бу чегара пункти очилади. Қирғизистон томони мазкур пунктдан аҳолини ўтказишни амалга оширишга тайёр”, деб билдирган Чегара хизмати “Кактус” нашрига.

Шу билан бирга яқин кунларда Ўш ва Андижон вилоятлари ўртасидаги “Қорасув” ва “Қорабағиш” чегара ўтказиш пунктларининг фаолияти ҳам тикланиши режалаштирилмоқда. Бу чегара пунктлари ёпилгунга қадар икки давлат аҳолиси машҳур Қорасув бозорида савдо қилишар ва бозорда икки мамлакат пули бирдай ишлатиларди. Бу чегара пости ёпилгач, одамлар тириклик илинжида Қорасув сойидан сузиб, ёки ясама “қайиқлар”, сой устига тортилган сим ва арқонлар орқали ўтиб турдилар. Бир икки йил ичида бир қанча одам ана шу сойда оқиб кетиб қурбон ҳам бўлди.

Бошқа постлар ёпиқлиги натижасида бугун Ўш яқинидаги “Достук-Дўстлик” чегара пунктида доим тирбандлик мавжуд. Икки давлат ўртасидаги бошқа постларнинг ҳам очилиши ҳақида давлатлар ўртасидаги чегара тамоман аниқланиб, тегишли ҳужжатлар ратификация қилинганидан кейин кўп айтилиб келяпти. Юқорида айтилган чегара постларининг очилиши ҳақида Ўзбекистон томони ҳозирча расмий хабар берганича йўқ.

Имзоланган шартномаларни амалга ошириш учун икки давлат ўртасида фаол иш юритимоқда. Жумладан, 29 май куни “Озодлик” радиоси Самарқандда Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумат делегациялари давлат чегараси демаркацияси бўйича норматив-ҳуқуқий ва техник ҳужжатларни тасдиқлашгани тўғрисида хабар берди.

Қайд этилишича, қўшма демаркацион комиссиянинг илк йиғилишида чегаранинг айрим участкаларида биргаликда ўтказилган дала тадқиқотлари натижалари муҳокама қилинган. Қирғизистон ҳукумати маълумотига кўра, учрашув якунида томонлар давлат чегараси демаркацияси бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий ва техник ҳужжатларни тасдиқлашган.

Икки давлат ўртасидаги 1314 километрли чегара чизиғи тўлиқ аниқлаб бўлинган. 2022 йил ноябрида икки давлат расмийлари чегара бўйича 30 йилдан буён давом этиб келаётган баҳсларга нуқта қўйилганини билдиришган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг январида Бишкекка давлат ташрифи билан келган. Ўшанда Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартноманинг ратификация ёрлиқларини ўзаро алмашишган.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг