Жамоатчиликни норози қилган йиғилиш: Миллат лидерлари кимдан ва нега яширинди?

Ўзбек миллий-маданий марказининг Иссиқкўлда ўтган қурултойи кўпчиликни норози қилди.

Ўтган якшанба, 21 май куни Иссиқкўл бўйидаги Чўлпонота шаҳрида Қирғизистон Республикаси Ўзбек миллий-маданий марказининг қурултойи бўлиб ўтди. Бу хабарни таниш-билишидан ёки ижтимоий тармоқларда берилган қисқа хабарлардан эшитган кўпчиликнинг аксариятида норозилик туғилди. Нега?

Шуни айтиш керакки, қурултойга айрим нуфузли меҳмонлар таклиф этилибди. Улар орасида биринчи ўзбек фазогири, Қирғизистон ва Россия давлатлари Қаҳрамони, миллатимиз фахри бўлган Солижон Шарипов, бошқа таниқли давлат арбобларини кўриш мумкин.

Лекин қурултойга қатнашишга, унинг ишида фаол иштирок этиб, ҳаётий зарур қарорларни қабул қилишга ҳиссасини қўшишни истаган ва бунга тўла ҳақли бўлган одамларнинг талайи бу йиғилиш ҳақида кейин, бошқалардан эшитганлари ачинарли ҳол. Ҳеч бўлмаса, ўзларига хайрихоҳ бўлган журналистлардан бирортасини таклиф қилиб, йиғилиш жамоатчиликка батафсилроқ маълумот бериб қўйилса бўлмасмиди?

Ўз манбаларимиздан олинган маълумотларга кўра, қурултой кун тартибига асосий икки масала олиб чиқилган: Марказ раисининг ҳисоботини тинглаш ва Марказ раисини сайлаш. Ҳар икки масала ҳам республика ўзбек жамоатчилигини кўпдан бери ўйлантириб келаётган эди. Лекин бу масалаларни бутун ўзбек жамоатчилиги ошкора, энг муҳими, қонун ва ташкилот устави доирасида сайланган делегатлар эмас, ноъмалум бир мезонлар асосида танланиб олинган одамларнинггина иштирокида ҳал қилингани яхши бўлмабди.

Албатта, биз делегат ва меҳмон сифатида сайланганлар одамларнинг ҳаммасини ҳам бунга номуносиб дейишдан олисмиз. Лекин яширинча, ўзбошимчалик билан амалга оширилган ишнинг бировга обрў олиб келмаслиги ҳам маълум-ку! Энг қизиғи, Республика ўзбек миллий-маданий марказининг раиси этиб, ҳеч бир қаршиликларсиз бир овоздан қайта Бахтиёр Қодиров сайланибди. Ҳеч бўлмаса номига бўлса ҳам, бирорта муқобил номзод ҳам қўйилмабди.

Қурултой иштирокчиларидан бирининг айтишича, делегатларнинг аксарияти Бахтиёр Қодировга яқин кишилар эканлиги яққол сезилиб, барча ташкилий ишлар каби қурултойнинг бориши ипидан игнасигача олдиндан режалаштирилгани шундоқ кўриниб турган. Лекин биз бу сценарий бўйича неча йиллардан бери яшаб келдик ва унинг нақадар аянчли натижаларга олиб келганини кўрдик-ку!

Бахтиёр Қодиров ҳақида икки оғиз айтсак, у одам мактаб директори сифатида, баскетболчилар командаси мураббийи сифатида ва балки бошқа соҳаларда жуда катта ишларни амалга ошириб, муносиб обрў-эътибор қозонди. Лекин… Таажжуб шуки, марказ раҳбари сифатида ўтган йиллар ичида Бахтиёр Қодиров жаноблари айтарли иш қилмади. Марказнинг Бишкекдаги идораси доимо ёпиқ турди. Энг муҳими, бу миллатдошимиз ўз она тилини билмайди ва ўтган йиллар давомида ўрганишга ҳам ҳаракат қилмабди. Оқибатда қурултойдаги маърузасини рус тилида қилди.

Бу кўриниш ҳатто танланган делегатларнинг ҳам баъзиларида қурултойга нисбатан ишончини сўндирди. Умид қиламизки, ушбу танқидий гапларимиз Марказ раҳбарига етиб боради ва бу гапларни ўқиб тушунган ҳолда, улардан тўғри хулосалар чиқариб олади.

Қурултой, бир сўз билан айтганда, русча, европача руҳиятда ўтганки, бундай қадамлар билан биз бировнинг ёрдамисиз ҳам тез орада ўз тилимиз ва маданиятимизни зўр муваффақият билан йўқ қиламиз.

Қурултойда мантиққа кўра, миллат манфаатлари учун фойдали бўлган энг долзарб масалалар, масалан, таълим тизимидаги муаммолар, мактабларимиздаги бугунги аҳвол ва унинг келажаги ҳақидаги масалалар кўрилиши лозим эди. Нега бу каби масалалар кун тартибига қўйилмади, бу ҳам тушунарсиз. Ахир атай йиғилгандан кейин бирор бир масалани ҳал қилмаса ҳам, жиддий муҳокама қилиш керак-ку?

Афсуски, бугунги Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона, қардошлик муносабатлари шаҳдам қадамлар билан илгарилаб бораётганда Қирғизистондаги ўзбек жамоатчилиги ва унинг асосий ташкилоти бўлган Миллий маданий-марказнинг бу жараёнлардаги ўрни, шу даврга мос мақсад ва вазифалари, икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришда қилиши лозим бўлган вазифалари каби масалалар ҳам иштирокчилар диққат марказидан олисда қолаверди.

Фақат қарсакбозлик, бири-бирига дўппи кийдириш бўлибди.

Ўзбек жамоатчилигини норизо қилган яна бир асосий масала. Майли, ўзларига хайрихоҳ одамларни делегат қилиб танласинлар, лекин ҳеч бўлмаганда ўзбеклар зич яшаган барча туман ва шаҳарлардан вакил бўлишини таъминлаш керак эди-ку? Наҳотки Боткен, Қизилқия, Новқат ва ҳатто Қорасув шаҳарларида бирорта ана шундай одам топилмаган бўлса?

Яхшими, ёмонми, ана шу туман ва шаҳарларда ҳам одамлар эътиборига тушган, миллат ва ватан учун жон куйдирган, қандайдир ишларни амалга оширган, ошириб келаётган одамлар талайгина борку! Лекин бундай одамларнинг делегат бўлишга муносиблари Ўш шаҳри ва ҳатто Ўш вилояти миллий-маданий марказлари ичида ҳам “топилмаганига” нима дейиш мумкин?

Ҳозирча шу. Бу ҳақдаги фикр ва мулоҳазаларимизни кейинги мақолада давом эттирамиз.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг