“Жиҳод”нинг аянчли якуни: Қирғизистонлик аёллар Ироқ қамоқхоналарида азият чекмоқда

Алдовларга учиб, Сурияга урушга кетган юзлаб ёш болали аёллар бугун уйларига қайтиш орзусида. 

Бугунги кунда Қирғизистон ҳукумати Ироқ ва Суриядаги қамоқхоналарда сақланаётган 200га яқин қирғизистонлик аёл ва уларнинг 400 нафарга яқин болаларидан иборат расмий, лекин маълум сабабларга кўра эълон қилинмаган рўйхатга эга. Расмийларнинг тан олишларича, ушбу рўйхат ҳали тўла эмас ва янги йиғилаётган маълумотлар асосида унинг янгилаши, яъни, маҳбуслар сонининг янада ортиши мумкин.

Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган маълумотларга кўра, қирғизистонлик аёллар ва уларнинг фарзандларини ватанига қайтариш бўйича тегишли давлатлар билан музокаралар олиб бориляпти. Лекин бу ишнинг осон кечмаслиги тайин, чунки маҳбуслар диний радикализм ва терроризм каби оғир жиноятларда айбланиб, судланишган. Улар орасида ўлим жазосига ҳукм қилинганлар ҳам бор.

Ироқ қамоқхоналарида сақланаётган қирғизистонликлар орасида 20 ёшдан 65 ёшгача бўлган аёллар бор бўлиб, улар 2017 йилдан бери ўша ерларда азият чекишмоқда. Уларнинг аксарияти 10 йилдан 20 йилгача, баъзилари умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Ўлим жазосига ҳукм қилинган аёлларнинг жазоси кейинроқ енгиллаштирилиб, узоқ муддатли қамоқ жазосига алмаштирилган.

Бир неча йиллар аввал Марказий Осиё ўлкаларида, айниқса, диний эркинлик нисбатан анча юқори, диний назорат эса анча паст бўлган Қирғизистонда Яқин Шарқда пайдо бўлган “Ислом давлати” вакиллари ташвиқот юритиб, одамлар ўнлаб, айрим ҳолларда оилалари билан Сурияга урушга кета бошлаганлар. Уларга дин йўлидаги жиҳод учун жаннатни ва бу ҳаётда катта пул беришни ваъда қилишган.

Уларнинг аксарияти алданганларини анча кеч, ўша ерга боргач тушунишган. Диний билимлари саёз, ёки умуман саводсиз бўлганлари боис ҳақиқий жиҳоднинг нималигига ақли етмаган, Сурияда бўлаётган урушнинг моҳияти ва бошқаларни тушунмаган одамларнинг кўпчилиги ўша  ерларда ўлди ёки дом-дараксиз кетди. Уларнинг бир қисми Ироқ ва Сурия ҳукуматлари томонидан қўлга олиниб, судланган.

Ўтган йилнинг март ойида Қирғизистон ҳукумати «Мээрим» (Меҳр) инсонпарварлик миссияси доирасида Қирғизистон фуқаролари бўлган 79 нафар болани Ироқдаги қочқинлар лагеридан ватанига олиб келган. Улардан 40 нафарга яқини Ироқ, Сурия ва Туркияда туғилгани маълум бўлган. Шу йилнинг февралида эса у ўлкалардан 18 аёл ва 41 бола Бишкекка олиб келинган.

Маълум бўлишича, қамалганларнинг ўзлари қандай жиноят қилишда айбланаётгани ёки қамалганини билишмайди, фақат бунинг терроризм билан боғлиқ эканидан хабардор. Маҳкумаларнинг берган маълумотларига кўра, 2019 йилда Бағдоддаги қамоқхоналардан бирида йигирмага яқин давлатдан, жумладан, Марказий Осиё давлатларидан борган 500 нафарга яқин аёллар бўлган. Уларнинг аксарияти диний радикализм ва терроризмда айбланиб қамалган. Маҳбус аёлларнинг қамоқхоналарда туққан ҳолатлари ҳам кам эмас.

Маълумки, 2016-2018 йилларда Сурия ва Ироқда куч билан маълум ҳудудни эгаллаб олган, ўша ҳудудда “Ислом давлати” қурилганини эълон қилган жангарилар Ироқдан сиқиб чиқарилган. Шундан кейин турли ўлкалардан келиб, уларни қўллаб-қувватлаган “жиҳодчилар” ва уларнинг хотинлари қамоққа олинган. Сурияда ҳам аҳвол шунга ўхшаш.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 2018 йилда берган маълумотларига кўра, Қирғизистондан Суриядаги уруш ҳудудларига кетган 850 нафар фуқаронинг 150 нафари ҳалок бўлган. Бу расмий маълумотлар, аслида бу рақамлар бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин.

Жанггоҳларга боргач, аёллар ва ёш қизларнинг ҳуқуқлари топталиб, турли зўрлик ва хорликларга гирифтор қилингани ҳақида хабарлар бор.

Қирғизистон қонунларига кўра, чет давлатларда уруш ҳаракатларида иштирок этган ва ёки турли ҳарбийлаштирилган уюшмалар сафига кирган фуқаролар учун жиноий жазо қаралган. Бу ҳақда мамлакат расмийлари охирги пайтда Россиянинг Украинага қарши босқини ва бу урушга Қирғизистон фуқаролари ҳам жалб этилаётгани муносабати билан бир неча бор огоҳлантириш берган.

Ана шундай огоҳлантиришлар билан минтақанинг бошқа давлатлари расмийлари ҳам бир неча бор баёнотлар беришган.

 

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг