Ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормай: Россия нега ҳалол овқат ғамига тушиб қолди?

Қирғизистонда ҳалолга ҳаром аралашдими ва ўзбекистонлик ҳалолпарвар блогер нега қамалди?

Қирғизистонда “Тойбосс” (Тўй эгаси, тўймас, маъноларида. – таҳр.) савдо маркаси остида ишловчи энг йирик колбаса маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналаридан бири Россиянинг Россельхознадзор давлат ташкилоти баёнотига норози бўлиб маълумот тарқатди. Россельхознадзор мамлакат ҳудудида сотилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини назорат қилади.

Бишкекда ўтган матбуот анжуманида номи тилга олинган савдо маркаси соҳиби бўлган “Адал азиқ” (Ҳалол озуқа) корхонаси директори Мирзабек Ўрумбаев ўн йилдан бери ишлаб келаётган ишхонада ҳеч қачон чўчқа гўшти ва шариатга хилоф равишда сўйилган ҳайвонларнинг гўштини ишлатилмаганини айтди.

Аввалроқ Росселъхознадзор Қирғизистондаги корхонанинг Россияга жўнатган маҳсулотларида чўчқа гўшти ДНКси топилганини айтиб чиққан эди. Ўрумбаев беш йилдан бери Россия, Қозоғистон ва бошқа ўлкаларга гўшт маҳсулотларини экспорт қилиб келаётганини айтиб, бу маҳсулотлар барча тегишли текширувлардан ўтишини маълум қилди. Унинг айтишича, бугунги кунда Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатарда Қирғизистон колбасаларини айнан “Тойбосс”нинг маҳсулотлари орқали танишган.

Унинг айтишича, компания Қирғизистон ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармалари ҳамда Қирғизистондаги Ҳалол-саноатни ривожлантириш марказидан олинган учта Ҳалол-сертификатига эга.

Шундоғам дунёнинг етакчи давлатлари киритган санкциялар остида иқтисодиёти оғир кунларни бошидан кечираётган Россияда бу яхши текширилмаган маълумотни тарқатиш кимга керак бўлиб қолди экан? Яна катта ваколатларга эга бўлган давлат ташкилоти томонидан.

Ишбилармоннинг фикрича, Россияда тарқатилган маълумот виждонсиз рақобатчилар ўйлаб топган ҳийла бўлиши мумкин.

“Россияда текширувга олинган маҳсулот намуналари Олтойда олинган… Биз ўз маҳсулотларимизни барча талабларга риоя қилган ҳолда фақат Москва ва Новосибирск шаҳарларигагина жўнатамиз. Россиянинг ўзида улар қандай тарқатилади, билмаймиз. Олтойга биз ҳеч қачон маҳсулот жўнатмаганмиз”, – деди Ўрумбаев.

Ўйнаб гапирсанг ҳам…

Қирғизистон ўзининг стратагик ҳамкори санаган Россияда тегишли давлат органлари бу масалада қандай чора кўришлари, умуман чора кўриладими, йўқми, ноъмалум. Қўшни Ўзбекистонда шунга ўхшаш текширилмаган маълумот тарқатган блогер қамоққа олинган.

Аввалроқ Озодлик ўзбекистонлик Аctivist лойиҳаси блогери Ҳожиакбар Носировнинг 8 апрель куни суд қарори билан 15 суткага қамалгани тўғрисида хабар қилган эди. Тошкентлик блогер Ўзбекистонда кенг истеъмол қилинадиган йогуртларда кармин E120 моддаси борлиги ва шу сабадан бу маҳсулотларнинг ҳаром экани тўғрисида видео эълон қилган эди.

Тез орада Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси Фатво маркази тез орада E120 моддаси қўшилган маҳсулотларни истеъмол қилиш жоиз экани ҳақида маълумот тарқатган. Шунингдек Фатво маркази “айрим аҳли илмларнинг мазкур масалада эҳтиёт йўлини тутишни тавсия этганлари ҳам бор”лигини эътироф этган.
“Хулоса қилиб айтганда, уламолар рухсат бериб қўйган тарафни олиб, баъзи бир одамлар кармин моддаси қўшилган маҳсулотни истеъмол қилса, тақво ва эҳтиёт йўлини тутганлар уларни маломат қилмасликлари керак. Валлоҳу аълам”, – дейилади Марказ чиқарган фатвода.

Фатво марказининг маълум қилишича, қизил рангли бўёқ моддаси бўлган кармин ярим қаттиқ қанотли жониворлар гуруҳига мансуб бўлган кошенил номли ҳашаротдан олинади. Кармин халқаро андозаларга кўра Е120 рақами билан белгиланади.

Бу модданинг ҳалоллиги борасида бир неча манбаларда кўрсатилган. Жумладан, Фатволар ва тадқиқотлар бўйича Европа Кенгашининг 19-сонли фатвосида айтилишича: “Carmine E120 моддаси гарчи келиб чиқиши ҳайвонлардан бўлса ҳам, кимёвий ишловдан ўтади, натижада ўз тузилишини ўзгартиради ҳамда асл хусусиятларини йўқотади”.

Хуллас, ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир. Айниқса, сен айтган гаплар кўпчиликка қаратилган бўлса.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг