Свет бир сўм бўлди: Кўп йиллардан бери айтилиб келаётган гап амалга ошди

Нархлар умуман ошгани ҳолда бойлар учун электр қуввати анчага арзонлагани қизиқ бўлди.

Қирғизистонда 2023-йилнинг 1-майидан бошлаб мамлакат аҳолиси учун электр энергияси нархи 23 тийинга оширилади ва бир киловат/соат учун 1 сўмни ташкил қилади. Тегишли қарор Вазирлар маҳкамаси Раиси Ақилбек Жапаров томонидан имзоланди.

Қарорга кўра, электр энергияси истеъмоли 700 киловатт-соатдан ошгандан кейинги тариф аввалгидек – бир киловатт/соат учун 2,16 сўм бўлиб қолади. Эҳтиёжманд оилалар ва фуқаролар учун тариф ҳам ўзгаришсиз қолади ва 1 киловатт/соат учун 50 тийинни ташкил этади. Пулдорлар учун яхши янгилик шуки, энди электр энергиясидан чекланмаган ҳолда фойдаланишни истаганлар учун тариф пасайтирилиб, 1 киловатт-соат учун 5,04 сўм ўрнига 3,28 сўм деб белгиланди.

“Тарифларни ошириш билан боғлиқ чора-тадбирлар истеъмолнинг жадал ўсиши шароитида мамлакатнинг энергия хавфсизлигини таъминлаш, аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш учун зарур. Амалга оширилган ўзгаришлар мажбурий чора ҳисобланади. Бу совет давридан қолган эскирган электр жиҳозларини янгилаш имконини беради”, – дейилади ҳукумат тарқатган хабарда.

Расмий маълумотларга кўра, мавжуд иссиқлик ва гидроэлектр станцияларини реконструкция қилиш ва модернизация қилиш ишлари олиб борилаётганига қарамай, энергетика ускуналарининг эскириши бугунги кунда 80 фоиздан ортиқни ташкил этмоқда. Тарифларни ошириш натижасида олинган маблағлар эскирган ускуналарни янгилашга йўналтирилади.

“Бу, ўз навбатида энергетика объектларида юзага келиши мумкин бўлган авариялар ва тизимнинг тўхтаб қолиши каби ҳолларнинг олдини олади”, – дейилади Вазирлар маҳкамасининг билдирувида.

Маълумки, 2022-йилнинг 1-январидан бошлаб «оилага кўмак» нафақасини олаётган кам таъминланган оилаларга электр энергиясининг тарифи 1 кВт/с учун 50 тийинга арзонлатилган эди. Аммо бу тариф ойига 700 кВт/соат лимити ошмаган ҳолатдагина ишлайди. Яъни, бир ой давомида 700 киловат/соатдан ортиқроқ истеъмол қилганлар фақир бўлишидан қатъи назар, 1 киловат/соат энергия учун ҳамма қатори 2 сўм 16 тийин тўлайди. Тажриба кўрсатиб турганидек, 700 киловат/соат битта оила учун жуда камлик қилади.

Президент Садир Жапаров кам таъминланган оилалар учун тарифларни камайтириш ҳақидаги буйруққа 2021- йилнинг декабрида қўл қўйган. Унинг айтишича, 2022-йилдан бошлаб 110 518 оила электр энергияси учун ҳақи камайтирилган тарифлар билан тўлайди.

Бунга қадар ҳукумат энергетика инқирози ҳолатида тарифларни кўтарган ва бу тарифлар 2021-йилнинг 15-октябридан бошлаб ишлай бошлаган эди.

Қирғизистонда ўн йиллардан бери бу муаммо турли даражада айтилиб келади. Сайловлар пайтида бу ҳаракатдаги ҳукуматга қарши энг кучли мавзулардан бири бўлиб келади. Яъни, мухолафатдаги кучлар ҳукуматни электр энергияси ва газ тарифларини кўтаришга интилишда айблаб, бунга йўл қўймасликка ваъда беради. Лекин ҳокимиятга келгач, кечаги мухолафатчилар ҳам бу тарифларни кўтариш тараддудига тушишади. Фақат аҳолининг норозилигидан қўрқиш туфайли кўп йиллардан бери тарифлар деярли ўзгармай келаётган эди.

Ҳозирча аҳоли бу янгиликка қарата муносабат билдиргани йўқ. Охирги йилларда кучайган босим сабабми, ўзини мухолафатчи санаган сиёсий кучлар ҳам жим.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг