Сўз эркинлиги қаёқда қолди? СССР ёзуви туширилган футболка учун жарима

Мақтанилган демократик қадриятлар ғарбнинг ўзида ҳам қаттиқ синовни бошидан кечирмоқда.

Эстониянинг Нарва шаҳрида яшовчи, исми аталмаган 61 ёшли фуқаро “СССР” ёзуви туширилган қизил футболка кийиб, шаҳардаги Иккинчи жаҳон урушида жуда машҳур бўлиб кетган Т-34 танкига қўйилган ёдгорлик олдига чиққани учун 444 евро ҳисобида жаримага тортилди.

Эстониядаги русийзабон нашларда қайд этилишича, бу воқеа ўтган йилнинг 9 майи, яъни Россия ва собиқ СССР республикаларининг айримларида кенг нишонланадиган Ғалаба байрами куни бўлиб ўтган. Эстония суди буни халқаро жиноят содир этилишини оқлаш кўринишидаги “провокация ҳаракати” деб топган.

Суднинг қарори ўтган йилнинг ноябрида чиққан, лекин судланган шахс юқорида инстанцияларга шикоят қилгани учун қарор кучига кирмай келаётган эди. Ниҳоят шу йилнинг 4 апрелида суд ҳукми кучига кирди.

Гап яна шундаки, судланган эркак суд мажлисида Россиянинг Украинага қарши урушини қўллаб-қувватлашини айтган. Қонунни бузганини эса қисман бўйнига олган.

Воқеа юз берган жойдаги Т-34 танки эса ўша йили августда турган жойидан олиб ташланган. Аввалроқ Эстония ҳукумати давлат ҳудудидаги совет даврига оид ёдгорликларни йўқ қилиш ҳақида қарор қабул қилган. Унга кўра 300дан ортиқ ёдгорликнинг 250га яқини олиб ташланган.

Эстония 1991 йилгача СССР таркибига кирган ва биринчилардан бўлиб ундан чиққан. Бутун совет даврида унинг зиёлилари республикани 1940 йилда СССР босиб олган дея эътироф этиб келишган. Совет ўтмиши билан мутлақо алоқасини узган Эстония 2004 йили НАТОга қабул қилинган.

Икки миллионга етмаган аҳолисининг 20 фоиздан кўпроғини русийзабон халқлар ташкил қилади. Улар рус тилининг қисувга олиниши ҳақида доимо норози бўлиб келишсада, бу давлатни тарк этишни исташмайди. Чунки бугунги кунда Европанинг энг бой давлатларидан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда Эстонияда ўртача ойлик 1500 еврони ташкил қилади. Шу нуқтаи назардан суд ҳукми ўта қаттиқ дейишга асос йўқ. Қолаверса айбдор жаримани олти ой ичида ойига 74 евродан бўлиб тўлаши мумкин.

Баъзи жамоат арбоблари ва Эстония аҳолисининг бир қисми суднинг юқоридаги ҳукмидан норози бўлиб, СССР тарихига оид рамзларнинг тақиқланиши сўз ва фикр эркинлигини бузиш, деб ҳисоблайди. Улар Эстония парламенти томонидан илгари қабул қилинган Совет рамзлари ҳақидаги қонун Конституцияга зид деб ҳисоблашади.

Ғарбдаги қадриятларнинг олма-термалиги ва кўпинча бир томонлама эканига лол қоласан. Миллиардлаган мусулмонлар учун муқаддас бўлган Қуръони Каримни ёқишга, миллионлаб мусулмонларнинг норозилигига сабаб бўлган карикатураларни чизиб, журналларда эълон қилишга рухсат беришади-да, битта футболка учун жаримага тортишади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг