Рамазон яқин: Қирғизистон ҳам Рамазон ойининг бошланиш кунини аниқлади

Диний тақвимга кўра, Рамазон ҳайити бу йил ҳам жума кунига тўғри келар экан.

Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармасининг берган хабарига кўра, мамлакатда муқаддас Рамазон ойи 23 мартдан бошланади. Муфтият доимгидай огоҳлантирадики, муқаддас ойнинг бошланиши янги ой чиқишига қараб бир кунга фарқ қилиши мумкин.

Бунгача Рамазон ойининг 23 мартдан бошланиши ҳақида Қозоғистон, Туркия, Россия ва яна бир қатор давлатлар мусулмонларининг диний бошқармалари хабар беришган. Бугунги кунгача қўшни давлатлардан Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистонда бу ҳақда расмий маълумот берилганича йўқ.

Муқаддас Рамазон ойида мусулмонларнинг рўзаси ҳам бошланиб, 30 кун давом этади. Рамазон ойи Ҳайит байрами билан тугайди. Рамазон ойи бошланишидан бир кун аввал масжидларда Таровеҳ намози ўқиш бошланиб, рўза тугашига бир кун қолгунича давом этади.

Ислом дини қоидаларга кўра, рўза тутиш вақтида мусулмонлар тонг отиб, Қуёш ботгунга қадар еб-ичишдан, эр-хотинлар яқинлик қилишдан тийилишади ва имкон қадар ортиқча ўйин-кулги ва ёмон сўзлардан сақланишлари, имкон қадар яхшилик қилиб, тоат-ибодат билан машғул бўлишлари керак.

Қадимдан бу кунлари давлатлар ёки қабилалар ўртасидаги урушлар ва одамлар ўртасидаги қасдлашувлар ҳам тўхтатилиб, мусулмонлар бир-бирларини кечиришга интилишган.

Шунингдек, мусулмонлар қамбағалларга ёрдам учун рўза фитири ҳам берадилар. Унинг миқдорини ҳар йили ҳар бир давлат мусулмонлари диний бошқармаси белгилаб беради.

Қозоғистонда эълон қилинган тақвимга кўра, Рамазон ойи 23 мартдан бошланиб, 21 апрель куни рўзанинг сўнгги куни бўлади. Қадр кечаси 17 апрелдан 18 апрелга ўтар кечасига тўғри келади.

Рамазон ҳайити жума куни, 22 апрелда нишонланади. Айтиб ўтиш керакки, бир неча йил аввал ҳайит куни жума кунига тўғри келганда, бундай ҳолат 50, ҳатто 100 йилда бир келиши ҳақида гаплар пайдо бўлган. Лекин шундан бери ҳайит кунларининг жума кунига тўғри келиши бир неча маротаба кузатилган.

Тақвимга кўра, Қурбон ҳайитининг биринчи куни 28-июнга тўғри келади.

Мухлисларимизни келаётган муқаддас Рамазон ойи билан қутлаймиз, бу ой ҳаммамиз учун хайирли ва баракотли бўлишини тилаймиз.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг