Одам ўғрилари ушланди: Улар 50 минг доллар ишлаб олиш умидида бўлишган

Гаровда турган Қирғизистон фуқароси Ўзбекистонда топилиб, оиласи бағрига қайтарилди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг маълум қилишича, қўшни Ўзбекистоннинг Наманган вилоятида Қирғизистон фуқаросини ўғирлаб, гаровда сақлашда гумон қилинган икки шахс ҳибсга олинди. Мазкур амалиёт икки давлат хавфсизлик хизматлари ҳамкорлигида амалга оширилган.

Расмий маълумотга кўра, Қирғизистон фуқароси бўлган О.Т. исмли шахс ўтган йилнинг октябрида алдов йўли билан чегарадан олиб ўтилган ва шу вақтгача гаровда ушлаб турилган.

Ўғирланган шахснинг укаси бу ҳақда шу йилнинг февралида Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизматига ариза ёзган. Аризада ёзилишича, унинг бу ерда исми тилга олинмаётган какаси ўтган йилнинг 23 октябрида алдов йўли билан Жалолобод вилоятининг Олабуқа туманидаги “Баймак” чегара пункти орқали Ўзбекистонга олиб кетилган.

Олиб кетган одамларнинг кимлиги, уларнинг жабрланувчилар билан ўзаро қандай муносабатда бўлганлари ҳақида ҳозирча тафсилотлар йўқ. Маълумотда айтилишича, уни беш ой давомида гаровда ушлаб туришган ва қариндошларидан 50 минг АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилишган.

Икки давлат махсус хизматлари ходимлари ҳаракатлари билан гаровдаги одам озод қилинган ва уйига қайтарилган. Махсус хизмат тарқатган видеода гаровдан бўшатилган шахснинг оиласи бағрига қайтган вақти акс этган.

Бу воқеа юзасидан Ўзбекистон ички ишлар ходимлари томонидан тергов ишлари олиб борилмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди, хабарга алоқаси йўқ

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг