Ўзбекистон янгиланган конституцияни қабул қилиш арафасида
Жорий йилнинг 30 апрелида қабул қилиниши кутилаётган конституция 65 фоизга ўзгаради.
Ўзбекистон Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси 10-март куни қабул қилган қарорларга асосан давлатнинг янги конституцияси лойиҳаси тасдиқланди ва уни қабул қилиш бўйича референдум 2023 йилнинг 30 апрелида бўлиб ўтади.
Парламент депутатларининг 132 нафари асосий қонун лойиҳасини маъқуллаб овоз беришган бўлса, 2 нафар депутат бетараф қолди, 3 киши овоз беришга қатнашмади.
Янги лойиҳага кўра, Ўзбекистон конституциясидаги 128 модда 155 тагача кўпаяди.
Конституциянинг 65 фоизга ўзгараётгани боис, халқ вакиллари уни янги конституция деб аташни таклиф қилишди. Лекин Конституция қабул қилинган кун умумхалқ байрами сифатида аввалгидек 8 декабр куни нишонланишда давом этади.
Таклиф қилинаётган асосий ўзгаришларга кўра, президентлик муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилади, сенаторлар сони эса 100 нафардан 65 нафарга туширилади. Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилиниб, маҳаллий бошқарув органлари ва давлат ҳокимиятларининг ваколатлари бир-биридан ажратилади.
Эксперт ва халқаро ҳамжамиятнинг диққатини тортиб, муҳокамага сабаб бўлаётган асосий нарса шуки, янгиланган Конституция қабул қилинса, амалдаги президентнинг бунгача ўтган ва ўтаётган икки муддати ҳисобдан чиқарилиб, учинчи ва тўртинчи муддатларга президентликка номзод сифатида иштирок этиши мумкин бўлади.
Лойиҳа муҳокамаси чоғида Ўзбекистон президенти вакили таклиф қилган парламент сайловларини аралаш, яъни пропорционал ва мажоритар тизимлар асосида ўтказиш таклифи қўллаб-қувватланди. Бошқача айтганда, Қирғизистондаги каби энди депутатларнинг бир қисми партиявий рўйхат асосида, бир қисми эса якка номзодлар сайланувчи округлардан сайланадиган бўлади. Шу билан бирга парламент ваколатларини кенгайтириш мақсадида унга вазирларни ишдан олиш бўйича президентга таклиф киритиш ҳуқуқи берилади.
Конституцияни ислоҳ қилиш ҳақида президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил ноябрида, иккинчи бор президентлик лавозимига киришиш пайтидаги нутқида айтган эди. Конституциянинг янги лойиҳасини ишлаб чиқиш ва умумхалқ муҳокамасига қўйиш ишлари 2022 йилнинг майида бошланди.
Янги конституцияни қабул қилиш бўйича референдум кузда ўтказилиши керак эди. Халқ муҳокамаси чоғида, 1-2 июл кунлари Қорақалпоғистонда лойиҳага қарши намойишлар уюштирилиб, оммавий тартибсизликларга айланиб кетди.
Бу ерда аҳоли Қорақалпоғистоннинг мухторият ҳуқуқи янги конституция лойиҳасида бекор қилинганидан норози бўлди. Ҳокимият намойшчиларга қарши шиддатли равишда куч ишлатишга мажбур бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев воқеа жойига шахсан бориб, депутатлар ва аҳоли билан учрашди. Бу учрашувлар чоғида у халқ норозилигини туғдирган моддалар лойиҳадан чиқарилишини маълум қилди.
Шундан сўнг муҳокама муддати бир-икки марта чўзилиб, референдум аввал мўлжалланган вақтда ўтмай қолган эди.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди