Бишкекда биринчи “осмонўпар” ва 20 минг кишилик масжид қурилиши бошланди

Мамлакат пойтахтида “Бишкек сити” мажмуасининг пайдо бўлиши ҳам маълум бўлди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров “Кабар” миллий ахборот агентлиги саволларига жавоб берар экан, Бишкек шаҳрининг қоқ ўртасида жойлашиб, яқин йилларда бузиб ташланган улкан ресторан ўрнида 37 қаватли меҳмонхона қурилиши бошланганини айтди. Ҳозирда Бишкекдаги энг баланд бино 17 қаватдан иборат.

Бунгача бузилган рестораннинг ўрни кўплаган тортишувларга сабаб бўлиб, охирида шаҳар мерияси ресторан ўрнида яшил ҳиёбон барпо этилишини маълум қилган эди.

Садир Жапаров меҳмонхона мажмуаси қуриладиган жойга бориб, қурилиш лойиҳаси тақдимотида иштирок этди. Бу воқеа жамоатчиликда турли саволларни пайдо қилгач, давлат раҳбари уларга жавоб беришга қарор қилган.

Жумладан, бу қурилишларда аввалги президент Сўўрўнбай Жээнбековга яқин саналган ва коррупцияга алоқадорликда шубҳа қилинган хитойлик ишбилармон Ҳабибулла Абдуқадир ҳам борлиги тилга тушди.

Садир Жапаров дунёга машҳур, беш юлдузли меҳмонхоналар қурувчи компанияларни Қирғизистонга таклиф қилгани, уларга ер ажратиб, беш йилгача солиқнинг айрим турларидан озод қилишга қарор қилингани ҳақида маълум қилди.

“Буни эшитиб, сармоячилар келишди. Улар орасида Ҳабибулла Абдуқадир дегани ҳам бор экан… Уларнинг аввал олиб қўйган ери ҳам бор экан, аввалги “Норин” ресторанининг ўрни. Ўша ерга беш юлдузли меҳмонхона қура бошлашди”, деди президент.

Янги бино-мажмуанинг умумий қиймати 321 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, у ерда 37 қаватли меҳмонхона, 1,2 минг автомобилга мўлжалланган ерости машина турадиган жойи, қарийб 450  квартира, турли хил хизмат кўрсатиш ишхоналари барпо этилади. Уларда умумий ҳисобда 5 мингга яқин одам иш билан таъминланиши кўзда тутилган.

Шу вақтнинг ўзида Бишкекка уланиб кетган Ўртўсай қишлоғида 20 минг кишига мўлжалланган масжид ва мадраса қурилмоқда. Президентнинг айтишича, ишбилармонлар (улар орасида Ҳабибулла Абдуқадир ҳам борлиги айтилмоқда) бу мажмуани ўз ҳисобларидан қуриб, муфтият тасарруфига ўтказиб беришмоқчи.

Масжид лойиҳаси

Бу билан диний таълимга қизиққан ёшларнинг ўз юртида ўқишларига имкон туғилади. Бугунги кунда ўнлаб, балки юзлаб ёшлар Миср, Саудия Арабистони, Туркия ва бошқа ўлкаларда диний таълим олиб қайтмоқдалар. Уларнинг таълимотидаги ўзгачаликлар туфайли ёшлар орасида ўзаро тушунмовчиликлар пайдо бўлаётган ҳолатлар ҳам бор.

Эслатиб ўтамиз, Ҳабибулла Абдуқадирнинг исми бир неча йил аввал Қирғизистон божхонасидаги коррупция ва кейинчалик ушбу ишбилармон билан ҳамкорлик қилган хитойлик ёш ишбилармон Саймаитининг отиб ўлдирилиши билан боғлиқ воқеаларда тилга олинган.

Унинг яқини ҳисобланган собиқ божхона хизмати бошлиғи ўрибосари Раимбек Матраимов коррупцияда айбланиб, давлат ҳисобига 2 млрд. сўм (ҳозирги курс билан $23 млн. атрофида) миқдорида товон тўлаш ҳисобига жавобгарликдан озод қилинган.

Садир Жапаров пойтахтда янги типдаги “Бишкек сити” қуришга аҳд қилган сармоядорлар ҳам топилганини айтди. Маълум бўлишича, улар аввалдан буни режалаштириб юришган, лекин…

Лойиҳага кўра янги меҳмонхона шу кўринишда бўлади

“Бизда тинчлик бўлмасдан ҳокимиятдагилар бири бири билан чопишавергач, улар Тошкентга кетишиб, у ерда “Тошкент сити”ни қуриб, битирай деб қолишибди. Бизда барқарорлик ўрнагач, мен сармоячиларнинг ҳаммасини яна чақирдим, Яна келишди”, – деган президент.

Унинг маълум қилишича, бу қурилишларга умумий ҳисобда 1,5 млрд. доллар сармоя киритилади.

Жапаровнинг айтишича, божхонадаги коррупция тизими йўқ қилиниши оқибатида у ерда кираша икки баробардан кўпроққа ошган. Масалан, 2021 йили божхонадан бюджетга 38 млрд. сўм тушган бўлса, 2022 йили бу кўрсаткич 78 миллиард сўмга чиққан. Жорий йилга эса президент божхоначиларга бюджетга 90 миллиард сўм тушириш топшириғини берган.

“Албатта, мен коррупцияни юз фоиз йўқ қилдик, дейишдан олисман, – деди Жапаров. – Ҳозир ҳам майда-чуйда коррупциячилар бор… Ушланишяпти. Бора-бора уларни ҳам йўқ қиламиз, вақт керак”.

Оқбура, Бишкек.

Расм Қирғизистон президенти расмий сайтидан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг