Жаҳон ҳамжамияти Украинани қўлламоқда: Кимдир ошкор, кимдир яширин

Бир йилдан ортиқ давом этаётган уруш Россиянинг тобора яккаланиб бораётганини кўрсатди.

Сўнгги икки-уч кун ичида жаҳоннинг кўплаб йирик шаҳарларида Украина билан бирдамлик акциялари ўтказилмоқда. Бу акциялар “Нур зулматни енгади” шиори ости да ўтказилмоқда ва ижтимоий тармоқларда #LightWillWinOverDarkness теги қўлланмоқда.
Турли кўринишдаги бу тадбирлар Россия томонидан Қрим ярим оролининг аннексия қилинганининг 9 йиллиги ва Россиянинг Украинага кенг қамровли уруш бошлаганининг 1 йиллиги муносабати билан ўтказилмоқда.
Акциялар давомида одамлар митинг ва намошийлар ўтказиб, Украинани қўллаган ва Россияни қоралаган шиорлар айтилиб, урушни зудлик билан тўхтатишга чақириқлар янграмоқда. Кўплаб давлатларда элчихоналар ва бошқа рамзий бинолар Украина байроғи ранги олди, ҳатто кўчалардаги асфальт ҳам кўк ва сариқ рангларга бўялди.

Марказий Осиё давлатларидан Қирғизистонда АҚШ элчихонаси ўзининг улкан биносини ёруғлик тарқатиш ускуналари орқали кўк ва сариқ рангга “бўяган” бўлса, бошқа қўшни давлатларда бундай ҳолат кузатилгани ҳақида маълумот берилмади.

Бишкекда маҳаллий фаоллар ҳам бу воқеаларга ўз муносабатини билдириш мақсадида акция уюштиришга ҳаракат қилдилар, лекин ҳокимият бунга йўл қўймади. Пойтахт марказидаги, республика президенти идорасига яқин жойдаги Эман боғида (“Дубовый парк”) митинг ўтказмоқчи бщлган етти кишини милиция ходимлари қўлга олди.

Бу ҳақда ҳабар берган ҳуқуқ ҳимоячиси Гулшайир Абдирасулованинг сўзларига кўра, қўлга олинганларни Биринчи Май (Первомайский) тумани ички ишлар бўлимига олиб кетишган.

Марказий Осиё давлатларининг иқтисодиёти Россия билан чамбарчас боғлангани ва бошқа сиёсий омилларга кўра, Россияга очиқчасига қарши чиқа олмайдилар. Аммо Қозоғистон ва Ўзбекистон бунгача Украинанинг ҳудудий бутунлигини ёқлашларини маълум қилишган. Бошқа қўшни давлатлар ҳам аниқ бўлмасада, Россия-Украина можаросининг халқаро андозалар ва ҳуқуқ меъёрлари асосида ҳал бўлиши лозимлигини айтишган.

Эслатиб ўтамиз, бундан роппа-роса бир йил аввал, 2022 йилнинг 24 февралида Россия «махсус операция» ниқоби остида Украинага қарши кенг кўламли уруш бошлади. Кўпчилик нари борса бир ҳафтада Украинанинг тўла таслим бўлиши билан тугайди деб ўйлаган уруш ҳамон давом этмоқда ва рус қўшинлари ҳамон айтарлик бир ғалабани қўлга кирита олишмади.

Россия ҳам ёлғиз эмас

Урушнинг бир йиллиги олдидан БМТ Бош ассамблеяси Украинада адолатли ва бардавом тинчлик ўрнатиш тўғрисидаги резолюция қабул қилди. Ҳужжатда Россиядан Украина ҳудудини тўла ташлаб чиқиш ва урушни тўхтатиш талаби қўйилган. Резолюцияни 193 давлатдан 141 нафари қўллаб овоз берди, 31 давлат бетараф қолди. Бўлгани 7 давлат бу қарорга қарши чиқди.

Қарши чиққан давлатлар орасида Россиянинг ўзи, унинг садоқатли иттифоқчиси бўлган Беларусь, Шимолий Корея, Мали, Никарагуа, ҳамон тинмаётган ички урушлар оқибатида вайрон бўлган Сурия ва аҳолиси 4 миллион кишига етмаган Эритрея давлати бор. Бу давлатларда анъанавий тарзда тоталитар ҳокимият мавжуд бўлиб, қайсидир даражада Россия уларни қўллаб келади.

Марказий Осиё давлатлари анъанавий тарзда бетараф қолдилар, фақат ўзининг бетарафлигини иддао қилиб келаётган Туркманистон умуман овоз беришда қатнашмаган. Бетараф қолган давлатлар қаторида МДҲ давлатларига кирган Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан ташқари жаҳоннинг энг қудратли давлатлари қаторига кирган Хитой, Эрон ва Ҳиндистон ҳам бор.
Бош ассамблея резолюцияга Беларусь томонидан киритилган таклифни рад этди. Унда  ғарб давлатларининг Украинага қурол етказиб беришини тақиқлаш ва Киевни Москва билан музокаралар бошлашга ундаш таклиф қилинган эди.
Шуни айтиш керакки, Бош ассамблея резолюциялари халқаро ҳуқуқ меъёрларига асосан бажарилиши шарт эмас. Бироқ овоз бериш натижалари дунёнинг асосий қисми Украинани қўллаб-қувватлаётганини кўрсатди ва бу Россияга сиёсий босим ўтказишнинг бир усули бўлиб ҳисобланади. Шунингдек бу натижа айрим давлатларга ўз позициларини яна бир бор тарозига солиб кўришга ундаши мумкин.

АҚШ ва Европа Иттифоқи урушнинг бир йиллиги муносабати билан Украинага қурол етказиб бериш то унинг ғалабага эришгунига қадар давом этишини маълум қилишиб, Россияга қарши янги иқтисодий санкциялар киритдилар.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг