Тўртинчиси: Украина урушида ўлган яна бир қирғизистонликнинг жасади келди

Ҳалок бўлганларнинг ҳаммаси урушга Россия қамоқхоналаридан олиб кетилган эди.

Россиянинг Украинага қарши уруши бошлаганига бир йил бўлиши арафасида жанггоҳлардан яна бир қирғизистонликнинг жасади юртига олиб келинди. Ўттиз ёшли Эрлан Эрмеков урушга «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси орқали кетгани ҳақида унинг онаси Гулнара Закирова “Озодлик”ка хабар берган.

Аёлнинг айтишича, унинг ўғли 6 февралда ҳалок бўлган, бироқ бу ҳақида унинг онаси 20 февралда хабар топган.

“…Энди болаларни қамоқдан урушга жўнатишга йўл қўймаслик керак. Мен ёлғиз ўғлимни йўқотдим. Бошқа оналар ҳам мен каби қийналишмасин, болаларимизни қутқарайлик”, – деди журналистларга Гулнара Закирова.

Эрлан Эрмеков 2019 йили Россияда талончилик ва зўрлашда айбланиб, 9 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Қамоқхонада у «Вагнер» хусусий ҳарбий ширкати ваъдаларига учиб, қўлига қурол олган ва урушда 4 ойга яқин хизмат қилишга улгурган.

Эрлан сўнгги бир ой ичида Украинада ўлгани маълум бўлган тўртинчи қирғизистонликдир. Лекин уларнинг сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин, чунки минглаб аскарлар Украина томонга асир тушиб, ёки жанггоҳларда бедарак қолиб кетяпти.

Сўнгги маълумотларга кўра, Россиянинг 79 қамоқхонасида Қирғизистоннинг мингдан ортиқ фуқароси жазо ўтамоқда. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги берган маълумотга кўра жами 1 минг 282 нафар қирғизистонлик ватанидан ташқарида озодликдан маҳрум этилган, улардан 1 минг 77 нафари Россия қамоқхоналарида.

Махбусларнинг 91 нафари аёллардан иборат экани ҳам маълум.

Уларнинг кўпчилиги суд белгилаган жазони ўз ватанида ўташ истагини билдириб, Қирғизистон раҳбарияти ва консуллик хизматларига мурожаат қиладилар. Россия қамоқхоналаридаги маҳбусларни Украинага қарши урушга жалб этилаётгани маълум бўлгач, маҳбуслар ва уларнинг яқинлари жиддий ташвишга тушиб қолганлар. Бу хавотир аввал Тожикистон, сўнгра Қирғизистон фуқаросининг Украинада ҳалок бўлгани маълум бўлгандан сўнг янада ортган.

Эслатиб ўтамиз, Россия қамоқхонасида ётган Ўзган туманининг турғуни, 40 ёшли Янгибой Раҳимов 2022-йилнинг 9-декабрида Украинанинг Бахмут шаҳрида ҳалок бўлгани айтилган. Унинг жасади 23-январда туғилган ерида дафн қилинди. Янгибой Раҳимов Россияга икки йил аввал кетган бўлиб, такси ҳайдовчиси бўлиб ишлаган. Расмий маълумотга кўра, 2022-йилнинг ёзида гиёҳванд модда билан қўлга олиниб, 5,5 йилга қамалган эди.

Янгибойнинг акаси Шертой Раҳимовнинг айтишича, Россия томони уларга дафн маросими учун 100 минг рубль пул берган. Бундан ташқари товон пули ҳам берилиши ҳақида гап бўлган. Қирқ ёшли Раҳимовнинг ортида тўрт ва саккиз ёшли икки фарзанди қолган.

Ҳозирча Россияда жазо ўтаётган қанча қирғизистонлик “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкатига жалб қилингани номаълум.

2022-йилнинг декабрида Россия Ички ишлар вазирлиги аннексияланган Луганск вилоятидаги «Вагнер» машғулот лагеридан қочиб кетган олти нафар ёлланма ҳарбийга қидирув эълон қилган. Қочганларнинг бунга қадар Россия қамоқхонасида ётган қирғиз, беларус, рус ҳамда уч ўзбек фуқароси бўлгани айтилган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг