Туркия ва Сурияда зилзиладан ҳалок бўлганлар сони қирқ мингга яқинлашмоқда

Бунга умид тобора сўниб бораётган бўлсада, вайроналар остидан ҳамон тирик қолганлар топилмоқда.

Бунга умид тобора сўниб бораётган бўлсада, вайроналар остидан ҳамон тирик қолганлар топилмоқда.

Туркия ва Сурияда юз берган зилзиладан кейин бир ҳафта ўтиб, бу табиий офатда ҳалок бўлганлар сони 37 минг кишидан ошгани айтилмоқда. Расмий маълумотларга кўра, ўлганлар сони Туркияда 30 мингдан ортган бўлса, қўшни Сурияда 6 мингга яқинлашган. Қазиш ишлари давомида қурбонлар сони ортиб бормоқда, БМТ ҳисоб-китобларига кўра, бу кўрсаткич 50 мингдан ошиши мумкин.

Шу кунларда Қирғизистондан бир фуқаро ва Ўзбекистондан бориб, зилзилада ҳалок бўлган 4 кишининг жасади ватанига етказилган. Ҳар икки давлатдан Туркияда ўнлаб қутқарувчилар иш олиб бормоқдалар. Дунёнинг турли давлатларидан у ерга инсонийлик ёрдамлари жўнатилиб турибди.

Қутқарувчилар вайроналар остидан омон қолганларни топишда давом этмоқда, бироқ бу ҳақда хабарлар камайиб бормоқда. Душанба куни, хусусан, Туркияда бир оиладан бўлган уч аёл, шунингдек, 4 ёшли бола қутқарилгани ҳақида хабар берилган эди. Улар ёрдам илинжида вайроналар остида 170 соатдан ортиқ вақт ўтказганлар.

Зилзила оқибатида вайрон бўлган биноларда ўлим ҳолатларини ўрганган Мексика университети профессори Эдуардо Рейносо вайроналар остида омон қолиш эҳтимоли “беш кундан кейин кескин пасайиб, тўққиз кундан кейин эса нолга яқинлашади, гарчи истиснолар бўлса-да”, деди.

Вазият ҳавонинг совуқлиги ва нотўғри қурилиш дизайни туфайли янада оғирлашмоқда. Яъни, уйлар кичик бўлакларга бўлиниб, омон қолиш учун кам жой қолади. Туркияда камида 131 киши бундай биноларни қуришда айбдор деб топилмоқда. Шу вақтнинг ўзида Туркиядаги зилзила марказида жойлашган Эрзин шаҳрида биттаям бино қуламаган ва биттаям одам ўлмаган. Чунки бошқа шаҳар ҳокимлардан фарқли равишда бу ҳоким ноқонуний, сифатсиз уй қуришни қаттиқ назоратга олган. Шу сабабдан ўшанда уни ёмон кўрганлар энди чуқур миннатдорчилик билдирмоқдалар.

Ўн минглаб одамлар жароҳат олди, миллиондан ортиқ одам уй-жойидан айрилди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, зилзиладан 26 миллион киши жабр кўрган. Reuters агентлигининг ҳисоб-китобларига кўра, Туркиядаги зилзила қурбонлари сони бўйича XXI асрдаги табиий офатлар орасида олтинчи ўринда туради.

БМТнинг гуманитар масалалар бўйича котиби Мартин Гриффитс Суриянинг Ҳалаб шаҳрига ташрифи чоғида қутқарув босқичи “ниҳоясига етаётганини” айтди – энди одамларни бошпана, озиқ-овқат, ўқитиш ва психо-ижтимоий ёрдам билан таъминлаш долзарб масала бўлиб турибди.

Сурия президенти Башар Ассад мухолифлари қўл остидаги сўнгги анклавга биринчи карвон зилзиладан кейин тўртинчи куни етиб борган. Ҳозирда Туркия ва Сурия чегарасида фақат битта назорат пункти БМТ гуманитар юклари учун очиқ. БМТ яна иккитасини очишга умид қилмоқда.

Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги зарарланган ҳудудларга қутуриш ва қоқшолга қарши вакциналар юборилгани, у ерда кўчма дорихоналар иш бошлаганини маълум қилди. Туркиянинг бир қанча шаҳарларида аҳоли ва ёрдам ходимлари талончилик ҳолатлари ҳақида хабар беришган.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг