“ЎЗБЕКИСТОН-ҚИРҒИЗИСТОН” ДЎСТЛИК ЖАМИЯТИ: ЯНГИ ТАРИХИЙ ВАЗИЯТ, ЯНГИ ВАЗИФАЛАР

Икки давлат алоқаларидаги ижобий ўзгаришлар жамоат ташкилотлари масъулиятини ҳам кучайтирмоқда.

Кейинги пайтда қардош Ўзбекистон ва Қирғизистон давлатлари ўртасидаги янги босқичга, янги сифат даражасига кўтарилган дўстона муносабатлар ҳар икки давлатдаги турли сиёсий ва ижтимоий кучларнинг, жумладан жамоат ташкилотларининг ва жамоатчилик фаолларининг олдидаги масъулиятни ҳам бир қадар оширмоқда. Бу ҳақда “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамиятининг 6 феврал куни Тошкентда ўтган янги таъсис йиғилишида айтилиб, иштирокчиларни бу ишда фаоллик кўрсатишга даъватлар янгради.

Учрашувда “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамиятининг раиси, таниқли адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддинов ташкилотнинг ўтган йиллардаги фаолияти ва келажакка тузилган иш режалари ҳақида, икки давлат ўртасидаги, жумладан Қирғизистондаги ўзбеклар ва Ўзбекистондаги қирғизларнинг ижтимоий-маданий ҳаётига оид масалалар ҳақида атрофлича маълумот берди, уларни ҳал қилиш йўллари борасида фикрлари билан ўртоқлашди.

Жамият раиси белгилаб ўтганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон давлатлари ўртасидаги иқтисодий-сиёсий, ижтимоий-маданий ва бошқа соҳалардаги алоқалар мисли кўрилмаган даражада юксалди ва бу икки қардош давлатнинг қондош  халқлари олдида кенг имкониятлар яратди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёвнинг яқинда Бишкекка қилган давлат сафари ва бу сафар давомида қабул қилинган қарорлар ҳамда имзоланган муҳим ҳужжатлар бунинг ёрқин далили бўла олади.

“Президентларимиз бошлаган хайрли ишлар, икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг яхши томонга ўзгариб бориши бугунги кунда ҳар биримиздан ижтимоий фаолликни талаб қилади, – дея хулоса қилди Зуҳриддин Исомиддинов. – Ҳозир эртага нима бўлиши ҳақида хавотирланиб, қўл қовуштириб ўтирадиган вақт эмас. Давлатларимиз раҳбарлари яратаётган имкониятлардан фойдаланиш, дўстлик алоқаларини янада кенгайтириш ва мустаҳамлаш йўлидаги вазифаларни ҳал қилиш фақат президентларимизнинг иши эмас. Бу ишларга ҳар биримиз ўзимизнинг ҳиссамизни қўшишга интилишимиз керак”.

Йиғилишда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг Хориждаги ватандошлар масалалари бўйича раис маслаҳатчиси Зафарбек Ахмедов ҳам икки давлат ўртасида яратилган илиқ дўстона муносабатлар ҳақида айтиб, Қўмитанинг бу алоқаларни янада яхшилаш борасида олиб бораётган ишлари ва режалари ҳақида маълумот берди.

Йиғилиш иштирокчилари эътироф этганидек, икки давлат ўртасида юз бераётган ижобий ўзгаришларга “лаббай” деб жавоб бераётган “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси билан ҳамкорликда ҳам шу кунгача бир қатор ишларни амалга оширди. Жумладан, Тошкентда қирғизистонлик бир гуруҳ журналист ва ижодкорлар ҳамда педагоглар учун алоҳида семинар-тренинглар ўтказилиши, кўплаган адабий ва илмий китобларнинг чоп этилиши, Қирғизистондаги ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчилари учун ўтказилган методик ўқишлар ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин.

Юқорида тилга олинган соҳалардатадбирлар ўзининг амалий натижаларини бермоқда. Жумладан, ёш ижодкорлар ҳамда бу соҳадаги янги ташаббусларни қўллаб-қувватлашни, бой адабий-маърифий ва тарихий меросимизни ўрганиш ҳамда кенг тарғиб қилишни мақсад қилган Алишер Навоий институти (https://alishernavoiy.org/Uz/) сайти билан ушбу “Оқбура” сайти олиб борилаётган эзгу ишларда зўр дастак вазифасини ўтамоқда. Сайтларнинг мухлислари сони ортиб, бугунги кунда ўн, юз минглаб кишини ташкил қилаётгани бу ресурсларнинг иши нақадар муҳимлигидан дарак бераётгани эътироф этилди.

Шу нарса ҳам айтиб ўтилдики, агар шу кунгача жамият ўз ишида асосан адабиёт ва маданият соҳасига эътибор бериб келган бўлса энди бошқа соҳа вакиллари билан фаол иш олиб боришга бел боғлаган. Шунинг бу сафар жамият Тошкентда яшаб меҳнат қилаётган ишбилармонларнинг бир гуруҳи билан учрашиб, ўз режалари доирасида эркин мулоқот ўтказди.

Учрашувда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси бўлим бошлиғи Феруз Беков ҳам иштирок этиб, учрашув иштирокчилари билан муҳим масалалар юзасидан эркин мулоқот қилди.

Оқбура, Тошкент.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг