Муқобил хизмат: Уни қаршилар ҳам, қўллаганлар ҳам оз эмас

Мамлакат парламентида муқобил ҳрбий хизмат учун тўловни кучайтириш таклиф қилинмоқда.

Парламентдаги муҳокама давомида умуман муқобил хизматни бекор қилиб, ҳарбий хизматни ҳамма учун мажбурий қилиш таклифи ҳам берилди. Бироқ бунга жамият, ота-оналар тайёрми?

Халқ вакиллари томонидан кўтарилиб, кўпчилик қўллаб-қувватлагана ғояга кўра, ёши 18га тўлган ўғлон борки, агар жисмонан соғлом бўлса, Қирғизистон фуқароси сифатида насл – насаби, ирқи, дини ва миллатидан қатъий назар харбий хизмат ўташ мажбурияти қўйилиши шарт. Айримлар эса муқобил хизмат учун тўланадиган пул миқдорини ошириш кифоя деган таклифни айтишди.

Айни дамда ушбу хизматга 18 минг сўмгина (қирғиз сўми, тахминан 200 АҚШ долларига тенг. – таҳр.) тўланади. Натижада тўлиқ харбий хизматга бормасдан муқобил хизматни ўтаганлар сони кўпайиб бормоқда. Жогорку Кенешда мазкур хизматнинг нархини ошириш таклиф қилинди.

Қирғизистон жанубидан сайланган парламент депутати Шайлообек Атазов Мудофаа ишини танқид қилиб, соғлом болалар ҳам армияга чақирилмаётганини қўшимча қилди.

“Оилавий шароити тўғри келмасдан, ёлғиз фарзанд бўлса, майли. Ёки жисмоний имконияти чекланган бўлса ҳам майли. Сизлар армияга яроқлиларни ҳам чақирмаяпсизлар. Бу бир. Иккинчиси, ҳарбий гувоҳномаси бўлмаса [у одам] давлат хизматига ишга олинмаслиги керак. Фуқароларнинг ичида сомса ёпиб ўтиргани ҳам 18 минг сўм бериб қўйиб армияга бормай қўяпти”, – дейди Атазов.

Мудофаа вазирлиги берган маълумотларга кўра, йилига ўрта ҳисобда 40 мингга яқин йигит ҳарбий хизматга боради. Улардан 25 мингга яқини муқобил иш билан таъминланган. Эндиликда муқобил хизмат учун тўлов нархини кўтариш таклиф қилинмоқда.

“Муқобил хизматнинг шартлари сиз айтгандай, оилавий шароитидан келиб чиқиб, ёлғиз фарзанд бўлса, 28 минг сўм, ёши 25дан ўтиб қолган бўлса, уларга 25 минг сўмдан белгиланган. Бундан ташқари соғлиги туфайли бўлса, унда ҳеч қандай маблағ белгиланмаган, улар муқобил хизматдан ўтиб, иккинчи тоифадаги ҳарбий гувоҳномасини олишади”, – деди Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари Алмазбек Қарасартов.

Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон мудофаасида бир ойлик хизмат ҳам бўлиб, у биринчи тоифага киради. Ушбу хизматни ўтаганлар барча куч хизматларига ишга кириши мумкин бўлади.

Таҳлилчи Алимжан Чўтбаевнинг фикрига кўра, ҳар бир фуқаро ҳарбий хизматга бориши лозим. Мактаб ҳамда олий ўқув юртларидаги ҳарбий тайёрлов дарсларида аълочи бўлган йигитлар ҳарбий хизматни ўташ вақтида ҳеч қандай қийноқ ва ноқулайликларга дуч келмайди. Бинобарин, ўз Ватанини севадиган, халқини ҳимоя қилиш истагида бўлган ватанпарварлар учун ҳарбий хизматга бориш – биринчи навбатдаги фуқаролик бурчидир. У Қирғизистон фуқаролигини олган барча йигитлар учун ҳарбий хизмат ўташ мажбуриятини юклаш ташаббусини қўллаб-қувватлайди.

“Ҳар бир фуқаро, айниқса ёшлар, она ватанни ҳимоя қилиши, уни кўз қорачиғидай асраши лозим. Мана, юртимизга қанча ҳужумлар бўлганини кўриб турибмиз. Қирғизистонни ким ҳимоя қилади, ёшларимиз муҳофаза қилмаса? Шунинг учун, йигитлар 18 ёшга тўлганидан кейин ҳарбий албатта хизматга бориши керак. Бизнинг тенгдошларимизнинг ҳаммаси 2-3 йиллаб хизмат ўтаган. Ҳозир эса бир йиллик. Ҳарбий хизматга бориб, қуролни қандай ушлаш, у билан қандай муомала қилишни ўрганиш керак. Аслида ҳарбий хизматнинг фойдаси катта. Шахсий гигиена, одамлар билан муносабатда тарбиявий аҳамияти жудда кучли”, – дейди таҳлилчи.

Унга кўра, бугунги кунда Қирғизистон армиясидаги аҳвол жуда яхши бўлиб қолган. Ҳарбий кийимлар, озиқ-овқат, ётоқхоналарнинг иссиқлиги яхши таъминланган. Энг сўнгги замонавий қуроллар олинмоқда.

Армияга бормаган йигит куч тизимларига, прокуратура, солиқ, ИИВликларига, божхона хизматларига ишга жойлаша олмайди.

Айро фикрлар

Жамиятда кимлардир ҳарбий хизматни ҳаммага мажбурий қилиш таклифини олқишлаб, ҳар бир фуқаро Ватанни, халқини ҳимоя қилиши учун бориши шарт деса, бошқаси муқобил хизмат нархини ошириш кифоя, деган фикрда. Масалан, ўшлик Пайзидин отанинг сўзларига кўра, ҳар бир эр йигит армияга бориши лозим.

“Авваллари Собиқ Иттифоқ даврида, бизнинг давримизда ҳарбий хизматни ўтамаган йигитга қиз берилмас эди. Соғлигига шубҳа билан қаралар эди. Йигитлар ор-номус учун ҳам армияга борган”, – дейди у.

Жанибек ака ҳам ҳарбий хизматни умумий фуқаролик бурч дея таъкидлайди. Бироқ бугунги кунда йигитлар оилавий шароит туфайли, чет элга ишлагани кетгани боис, муқобил хизматни қулай билишмоқда. Қонуний маблағни тўлаб, ҳарбий гувоҳномани олишмоқда.

Халқ вакиллари томонидан тавсия этилган қонун лойиҳасига кўра, муқобил хизмат ўтаганлар учун нархни 18 минг сўмдан 50 минг сўмгача ошириш таклиф этилмоқда.

Ўшлик журналист Шавкат Умаровнинг сўзларига кўра, армияга чақирилган барча болаларни ҳарбий хизматга тайёрлашга имконият етмаганлиги учун муқобил хизмат чиқарилган. Унга тўланган маблағ хисобидан Қирғизистон армиясида хизмат қилаётганлар таъминланади.

Аммо жамиятнинг камс сонли миллатлари вакиллари фарзандларини ҳарбий хизматга юборишга юраги дов бермаслигини ҳам таъкидлашади. Улар орасида армиядаги “дедовшина” (кўпроқ хизмат қилган аскарларнинг ёш аскарлар устидан ҳукм ўтказиб, ҳарбий уставга зўравонликка асосланган муносабатлари. – таҳр.) давомида бошқалар фарзандларига миллатчилик кўз қарашида бўлишлари мумкин, ўғилларимизнинг соғ-омон қайтишига ким кафолат беради, дея хавфсираганлар ҳам учрайди. Бундай хавфсирашга тинч даврда ҳам аскарларнинг ҳалок бўлиётгани асос бўлмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, 2022-йилнинг 11 ойида ҳарбий хизмат ўтаётган беш нафар аскар вафот этган. Уларнинг учтаси бўйича хизмат вазифасини ўташ чоғида эҳтиётсизлик туфайли ўзини отиб қўйгани айтилган. Икки нафари эса, расмий маълумотларга кўра соғлиги туфайли вафот этган. Бу ўринда ўз ўзидан савол пайдо бўлади: ахир ҳарбий хизматга тиббий кўрикдан ўтиб, ҳар томонлама соғлом деган йигитлар олинадику?

Ўзини отиб қўйди дейилган аскарларнинг яқинлари бу гапга ишонмайдилар ва ўлим ҳолатларини жиддий тергов қилишни талаб қилиб келишади.

Қирғизистон Бош прокуратурасининг маълумотларига кўра, 2020-2021 йилларда ўн нафар аскар ўз жонига қасд қилган. 2019-йилда эса Қирғизистонда ҳарбий хизматни ўташ чоғида ҳалок бўлган 13 нафар аскарнинг ўлими ўз жонига қасд қилиш сифатида баҳоланди. Бундан ташқари, зўравонлик билан боғлиқ бир қанча фактлар қайд этилган. Жабланганларнинг даъво қилишларича, зўравонлик қилганлар доим ҳам тегишли жазоларини олавермайдилар.

Умида Мирзабоева, Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг