Зилзила акс-садоси: Туркиядаги табиий офат – ҳаммамиз учун огоҳлантириш

Ақли бор раҳбарлар қардош мамлакатдаги офатнинг такрорланмаслиги ғамини ейишлари лозим.

Жорий йилнинг 6 февраль куни Туркияда ва қўшни Сурияда содир бўлган даҳшатли зилзила дунё ҳамжамиятини ларзага солди. Сўнгги маълумотларга кўра қурбонлар сони Туркияда 24 минг кишидан ортган бўлса, Сурияда 3500 нафардан кўпроқни ташкил қилди. Лекин бу охирги рақамлар эмас, чунки вайроналар остида қолганларни излаш ишлари давом этмоқда.

Зилзила дунёнинг бошқа ҳудудларига ҳам сезилди. Хусусан, Суриядан ташқари қўшни мамлакатларда ва ҳатто Афғонистон ва Қозоғистонда ҳам ер қимирлашлари кузатилди. Бутун дунё мамлакатлари, жумладан, Қирғизистон, Ўзбекистон ва қўшни давлатлар ҳам биринчилардан бўлиб ёрдамга шошилдилар. Хўш, бу табиий офатдан бизлар қандай хулоса чиқаришимиз керак?

Қирғизистонда, хусусан Ўш шаҳрида аҳвол қандай?

Қирғизистон ҳам сейсмик фаоллиги бор давлатлар қаторига киради. Миллий фанлар академияси президенти, Сейсмология институтининг лаборатория мудири Қанатбек Абдраҳматов юртимизда ҳар доим зилзила хавфи борлигини, чунки биз табиати ана шу хавфга мойил республикада яшашимизни эслатиб ўтди.

Айниқса, Бишкек шаҳрининг юқори қисми бу масалада хавфли ҳисобланади. Афсуски, кўплаб мутахассисларнинг огоҳлантиришларига қарамай, тоққа яқинлиги ва хушҳаво иқлимга қизиқиб, айнан ана шу хавфли ҳисобланган, яъни, жиддий тектоник синиқлар ўтган ҳудудга кўп қаватли бинолар қуриб ташланди.

“Қирғизистон иккита йирик тектоник плиталар туташган ерда жойлашган ва бу ерда мунтазам равишда – йилига ўртача 12-15 минг катта-кичик зилзилалар содир бўлади. Уларнинг аксарияти фақат қурилмалар томонидан аниқланади, биз буни сезмаймиз. Аммо ҳар йили тахминан 10-15 та етарли кучга эга бўлган (4-5 балл) силкинишлар бўлиб туради. Биз… сейсмология нуқтаи назаридан жуда хавфли мамлакатда яшаётганимизни унутмаслигимиз керак”, деди академик.

Ўш шаҳрининг уч ерида “тектоник синиқ”, яъни, ер остининг улкан ёриқлари бор. Бу ҳақда Ўш шаҳар вице-мэри Жасур Азимов билдирди. Унинг берган маълумотларига кўра, ёриқлардан бири Моди ёриғи деб аталиб, бу Ўш шаҳридаги вилоят касалхонасидан бошлаб Гагарин кўчасигача бўлиб, эни 200дан 400 метргача бўлган.

“Ўтган йили хусусий махсус ишхона орқали текширтирдик. Аниқ хулоса чиқариб беришлари учун 1 ярим миллион сўм маблағ тўладик. Улар келиб текшириб, (ёриқ кенглигини) 75 метр деб ҳисоблашди”, – дейди Азимов.

Вице-мэрнинг сўзларига кўра, икки ёриқдан бири Оқбура ёриғи. Бу Амир Темур кичик шаҳарчаси томондан шаҳарнинг Жануби Шарқий ҳудуди орқали, Оқбура дарёси бўйлаб Маиший уйгача (“Дом быта”) келади.

“Бу ёриқ Моди ёриғига уланар экан. Унинг энини 400 метр дейишган эди. Аммо бугунги кунда текширувлардан кейин 65 метр эканини аниқлаб беришди”, – дейди вице-мэр.

Учинчи ёриқ Қатар ёриғи бўлиб, бу Турон кичик шаҳарчасидан Новқат тарафга ўтади.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, бундай жойларда кўп қаватли ва ертўлали биноларни қуриш таъқиқланади. Тектоник ёриқ бор ҳудудда фақат енгил ижтимоий объектларни ёки истироҳат боғларини қуриш мумкин.

Маҳаллий ҳукумат Ўш шаҳрида қурилаётган кўп қаватли уйлар кучи 9 балл бўлган зилзилага дош бера олади, деб ишонтирмоқда. Шу билан бирга шаҳарнинг қайси ҳудудида неча қаватли уйлар қуриш мумкинлигини махсус мутахассислар тадқиқот олиб боргандан сўнг, қурилиш компанияларга рухсат беради. Кўп қаватли уй қуриш учун қулай бўлган ҳудуд Шаҳардаги Манас ота кичик тумани ҳисобланади.

Бугунги кунда мамлакатда кўп қаватли уйларни қуриш кун сайин авж олмоқда. Ҳар қандай йўналишда қурилиш ишлари олиб борилса ҳам, у турли табиий офатларга жавоб бера оладиган, аниқроғи дош бера оладиган сифатга эга бўлиши керак. Қурилиш ишлари олиб борилаётганда бу ҳолатлар ҳисобга олиниши лозим.

Техника фанлари доктори Абдивап Зулпуев собиқ Иттифоқ даврида олимлар тадқиқот ишларини олиб бориб, бизнинг ҳудудларда етти қаватгача уй қуришга рухсат берилиб келганини айтади. Аммо сўнгги вақтларда 16-18 қаватгача бўлган кўп қаватли уйлар қурилмоқда. Шу боисдан қурувчи компаниялар фақат ўз фойдасини ўйламасдан, минглаб фуқароларнинг ҳаётини ҳавфга қўймаслик учун ўз ишига масъулият билан ёндошса, дейди олим.

Аллоҳ сақланганни сақлайди

Бунга Туркияда юз берган офат катта сабоқ бўлиши керак. Мудҳиш вайроналикка олиб келган сабаблардан бири – кўп қаватли уйларнинг қурилиши талабларига зид равишда олиб борилгани айтилди. Бугунги кунда 130 нафардан ортиқроқ қурилиш компанияси ва қурилиш билан боғлиқ ташкилотлар раҳбарларига қидирув эълон қилинди. Улардан бири катта пул билан Туркиядан чиқиб кетмоқчи бўлганда аэропортда қўлга олинган.

“Шифокорлар Гиппократ қасамини ичган шу сабаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиши керак ёки масъулияти бор, деймиз. Қурувчилар ҳам шундай бўлиши лозим. Шифокорлардан фарқимиз йўқ. Улар бир инсон ҳаёти билан курашса, биз минглаб одамларнинг тақдири учун жавоб берамиз. Агар биз лойиҳада кўрсатилган ҳом ашёни нотўғри ишлатсак, ёки лойиҳанинг ўзини ҳом ишлаб қўйсак, минглаб инсонларнинг умрига зомин бўламиз”, – дейди Абдивап Зулпуев.

Қонунга кўра, кўп қаватли уйларни қуриш учун қурилиш компанияси давлат экспертиза департаментига лойиҳасини тақдими этиши лозим. Экпертиза департаментининг жанубий ҳудуд филиалининг эксперти Чубақ Қапаровга кўра, махсус тадқиқотлар ўтказиб, талабларга жавоб берган ҳолдагина қурилиш учун рухсат берилишини айтади. Лойиҳа ортга қайтарилиб, тўғрилашга юборилиб, ёки қабул қилмай қўйган вақтлар ҳам бўлади. Бунга масъулият билан ёндошиш талаб этилади.

“Биз максимал меъёрларга солиштириб, тўғри келиш ёки келмаслигини кўриб чиқиб, лойиҳага изоҳ берамиз. Агар камчиликлари бўлса, уларни тўғрилаб келгандан кейингина рухсат берамиз. Агар тўғрилашга иложи бўлмаса салбий хулоса берамиз”, – дейди мутахассис.

Унинг таъкидлашича, тарихда Ўш шаҳрида 7 баллдан 9 баллгача зилзила бўлмаган. Шунинг учун аниқ хулоса бериш қийин. Асосан нормативларга нисбатан дош бериши лозим. Чунки, 8-9 баллга дош беради, ҳеч қандай ҳалокат бўлмайди, дея айтиб бўлмайди. Асосий масала – офат юз берса, 8-9 баллда бино узоқ вақтга дош бериб, максимал сондаги одам умри сақланиб қолиши керак.

Эслатиб ўтамиз, Ўш шаҳрининг расмий маълумотларга кўра 300 мингдан ортиқ, норасмий 600 мингдан кўп аҳолиси бор. Уларнинг тенг ярми кўп қаватли уйларда истиқомат қилади.

Ўш шаҳрининг сейсмик фаоллиги 8-9 балл деб айтилади. Демак, иккинчи пойтахт ҳисобланган шаҳарга 9 баллга дош бера оладиган уйлар қурилиши керак. Ривожланган давлатларда баланд биноларнинг неча баллик зилзилага дош бера олиши махсус ускуналар билан ўлчанади. Бундай ускуналар Ўш шаҳрида йўқ. Уйларнинг ер силкинишига чидамлилиги унинг лойиҳасидагина кўрсатилади.

Қирғизистонда сейсмик фаоллик даври, экспертларнинг фикрича, 2026-йилгача давом этади.

Қирғизистонда сўнги марта 2015 йилда кучи 6 баллга етган Ўш вилоятининг Қорасув туманида қайд этилган. Унда вайроналар бўлган, аммо офат инсон ҳаётига зомин бўлмаган.

Тарих тилга кирганда…

Бундай кучли зилзилалар бизнинг тарихимизда ҳам кўп маротаба содир бўлган. Айниқса, Тошкентда, 1966-йилнинг 26-апрелида рўй берган 7-8 балли зилзила оқибатида шаҳардаги бинолар бутунлай вайронага айланган, турли маълумотларга кўра, саккиз нафаргача одам қурбон бўлган. Совет даврида бундай маълумотлар очиқ айтилмас эди, ўша пайтда эълон қилинган маълумотларга кўра, бу одамлар зилзила оқибатларидан тушкунликка тушган одамлар қўрқув ва асаб бузилиши тафайли юрак ҳасталикларидан вафот этган.

Ҳудди шундай зилзила Тошкентда юз йил аввал ҳам содир бўлган эди. 1866-йилнинг 26-апрелдан 27-апрелга ўтар кечаси содир бўлган зилзила оқибатида мозор ва жоме масжидларининг гумбазлари, жумладан, “Хожа Аҳрор” жоме масжидининг гумбази, аҳоли яшайдиган иморатлар қулаб, кўплаб қурбонлар бўлган. Бу ҳақда 19-асрда яшаган тошкентлик тарихчи Муҳаммад Солиҳ «Тарихи жадидаи Тошканд» асарида ҳикоя қилган.

Бундан ташқари Фарғона водийси ҳам кучли зилзилалардан жиддий талофот кўрган. Нима учун бой тарихга эга бўлган Фарғона водийсида йўқ деганда XV–XIX асрларга оид тарихий меъморчилик бино ва обидалари сақланиб қолмаган?

Бунинг асосий сабаби XVII–XIX асрлар мобайнида учта кучли, даҳшатли зилзилалар бўлиб, бутун тарихий ёдгорлик, меъморий обидалар, одамлар яшаётган уйлар вайронага айланган, улар ўрнида култепалар пайдо бўлган. Олис 1620-1621 йилда бўлган ер силкиниши оқибатида қорахонийлар, темурийлар, Бобур давридаги, улардан олдин яратилган бинолар бузилиб, ер билан яксон бўлган.

1823 йилда ҳам жуда катта, кучли зилзила оқибатида Фарғона водийсининг Тошкент чегарасигача бўлган шаҳар ва қишлоқлари деярли йўқ бўлган. Бу зилзилалардан биринчисини Муҳаммад Тоҳирнинг «Ажойиб-ул Тибоқат» номли географик асарида батафсил тасвирлаб берган. Бу фожиа шоҳидининг рўй-рост ёзганларини академик В.В.Бартольд ўзининг «Туркистон мўғуллар истилоси давригача» номли асарида келтирган.

Бу зилзилада Сирдарё суви тошиб кетган, улкан дарахтлар томирлари билан билан ўпирилиб, ерга қулаган. Кучли ва тез-тез бўлиб турган зилзила оқибатида бинолар қулаб кўплаб одамлар вайрона остида қолиб ҳалок бўлган, жиддий жароҳатлар олишган. Ҳатто ҳайвонлар қўрқувдан саҳро ва тоғлик жойларга қочиб кетган. Олти ой давомида бўлиб турган зилзиланинг биринчи кунида ер силкинишлари миқдори 70 мартагача етгани айтилади. Зилзиланинг энг кучлиси Ахси қалъасининг ичкарисида бўлган.

1902-йилнинг 3-декабридаги Фарғона водийсида яна бир кучли зилзила содир бўлиб, бу сафар офат қатор қишлоқларни, асосан Андижон шаҳрини вайронага айлантирган. 30 мингдан ортиқ уйлар таг-туги билан қулаб, беш мингга яқин одамлар ҳалок бўлган ва бошпанасиз қолган.

Яна бир даҳшатли зилзила 1924-йилнинг июлида ҳозирги Қирғизистоннинг Ўзган шаҳри атрофида бўлиб, уларнинг магнитудаси 8-9 баллгача бўлгани тахмин қилинади. Бу зилзилалардан Ўзган, Ясси, ҳатто Андижон шаҳарлари ва атрофдаги қишлоқлар катта талафот кўрган.

Яна бир зилзила 1959-йилнинг 28-майида Жалолобод шаҳри ёнида содир бўлган. Унинг  кучи зилзила марказида 7 баллни ташкил қилиб, Жалолобод шаҳри ва унга яқин бўлган аҳоли яшайдиган ерларда бир қанча иморатлар бузилган. Зилзила кучи Ўзбекистоннинг Хонобод, Андижон, Учқўрғон ва Наманган шаҳарларида 3-4 балл атрофида сезилган.

Ана шундай даҳшатли зилзилалардан охиргиси 2008-йилнинг 5-октябрида Ўш вилоятининг Олой туманида содир бўлган. Унинг оқибатида Нура қишлоғида 144 бино вайронага айланиб, 75 киши, жумладан, 42 нафар ёш бола нобуд бўлган.

Яратган барчамизни мана шундай табиий офатлардан Ўзи сақласин!

Юқоридаги тарихий маълумотлар ўзбек тилидаги википедия – очиқ энциклопедияси ва “Андижон тарихидан лавҳалар” китоби асосида тайёрланди.

Умида Мирзабоева, Улуғбек Каримов, Оқбура.

Расмлар интернетдан олинди

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг