Туркияда зилзила: Қардош турк халқи бошига кулфат тушди

 

Мамлакат жануби-шарқида юз берган офат натижасида бир қатор шаҳарларда вайроналик ва  қурбонлар бор.

Жаҳон оммавий ахборот воситалари бераётган хабарларга кўра, Туркиянинг жануби-шарқий ҳудудида, Қаҳраманмараш вилоятининг Пазаржик туманида 7,4 магнитуд куч билан, Ғозийантеп вилоятида 6,4 ва 6,5 ​​магнитудали икки бора зилзила содир бўлган. Қурбонлар сони Туркияда 3381дан ортиқ, Сурияда 1400 дан кўпроқ ва ортмоқмоқда.

Туркия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тарқатган маълумотга кўра, зилзила Қаҳраманмарашнинг Пазаржик туманида бугун эрталаб соат 4.17 да рўй берган.

Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдоған аҳолини ҳотиржамликка чақириб, мамлакатнинг барча фуқароларига “энг яхши тилакларини билдиришини айтган ва имкон қадар тез вақт ичида зилзила оқибатлари тугатилишини таъкидлаган.

«…Қидирув-қутқарув гуруҳларимиз зудлик билан зилзиладан зарар кўрган ҳудудларга жўнатилди. Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирлигимиз, ФВВ, вилоят ҳокимликлари ва бошқа барча муассасалар тезкорлик билан иш бошлади. Умид қиламанки, барчамиз имкон қадар тезроқ ва энг кам зарар билан бу фалокатдан ўтамиз. Биз ишимизни давом эттирмоқдамиз”, деди Эрдўған.

Президент Эрдоған доимий равишда вазиятни назорат қилиб тургани расман айтилмоқда.

Табиий офат юз бергандан сўнг Туркия раҳбариятига турли давлатлардан бу муносабат ҳамдардлик ва ёрдам беришга тайёрлик ҳақида хабарлар кела бошлади.

Азон.Уз сайтининг Туркия ФВВ интернет саҳифасига ишора қилиб берган маълумотларига кўра,

Туркия президенти ёрдамчиси Фуат Ўқтай ва баъзи вазирлар шу тобда ФВВ координация марказидаги ишларни мувофиқлаштирмоқда.

Туркия президенти ёрдамчиси Фуат Ўқтай, Ички ишлар вазири Сулаймон Сўйлу, Атроф-муҳит, урбанизация ва иқлим ўзгариши вазири Мурат Қурум, Ёшлик ва спорт вазири Меҳмет Қасапўғлу Қаҳраманмарашдаги зилзиладан сўнг тезда ФВВ координация марказига етиб боришган.

Қаҳраманмарошдаги зилзила мамлакатнинг Шарқий ва Жануби-Шарқий вилоятларда ҳам сезилди.

Ғозийантеп, Малатя, Батман, Бингўл, Элазиғ, Қилич, Диярбақир, Мардин, Сиирт, Ширнак, Ван, Муш, Битлис, Ҳаккари, Адана, Усмония ва Ҳатай билан Қаҳраман марашда сезилган зилзила туфайли баъзи фуқаролар биноларни тарк этди ва тонгни ташқарида кутишга мажбур бўлишган.

Кўпчилик шаҳар марказидан қочишга урингани боис кўчаларда автомашиналарнинг узун навбатлари вужудга келган.

Зилзила кучи Анкара ва Истанбул шаҳарларида унчалик сезлимаган, лекин Истанбулга келадиган учоқларнинг кўпи 5-7 феврал кунлари бекор қилингани эълон қилинди. Бунга қисман истанбулдаги ноқулай ҳаво ҳам сабаб бўлгани айтиляпти.

Зилзила туфайли Қаҳраманмараш, Қилич, Диярбақир, Адана, Усмония, Ғозийантеп, Малатя ва Ҳатайда баъзи бинолар вайрон бўлган.

Вақти-вақти билан силкинишлар сезилган вилоятларда ҳокимликларнинг томонидан инқирозга қарши кураш столлари ташкил этилди. Қулаган бинолар жойлашган ҳудудларда тезкорлик билан қидирув-қутқарув ишлари бошланган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Усмония губернатори Эрдинч Йилмаз, шаҳарда 34 та бино вайрон бўлганини, 5 кишининг ҳаётдан кўз юмганини, қутқарув ишларининг давом этаётганини билдирди.

Малатя губернатори Ҳулуси Шаҳин эса, бу вилоятда 130 та бино вайрон бўлгани, 100 дан ортиқ ярадор борлиги ва 3 кишининг жасади вайроналар остидан чиқарилганини маълум қилган. Бу дастлабки маълумотлар бўлиб, қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.

Шонлиурфа губернатори Солиҳ Айҳан зилзила оқибатида 15 нафар фуқаро ҳалок бўлгани ва 30 нафари жароҳат олганини маълум қилди.

Диярбакирда эса 6 та бино қулаб тушиши натижасида 6 киши ҳалок бўлиб, 79 киши жароҳат олган.

Қайсарий губернатори Гўкмен Чичекнинг айтишича, бу ерда ҳозирча ҳеч қандай жон ёки мол-мулк йўқолгани ҳақида хабар йўқ эканини билдирди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг