Алишер Усмоновнинг бойлиги яна бир миллиардга кўпайгани айтилди

Асли ўзбекистонлик бўлган россиялик олигарх дунёнинг энг бой одамлари юзлигидан ўрин олган.

Американинг молиявий масалалар ва дунёнинг молиявий янгиликлари билан шуғулланувчи Bloomberg агентлиги тарқатган маълумотга кўра, асли ўзбекистонлик бўлган машхур миллиардер Алишер Усмоновнинг бойлиги жорий йил бошидан буён 1 миллиард доллардан кўпроққа ошган. Бу жаҳон миллиардерлари индексида қайд этилган. Ҳозирда унинг умумий бойлиги 19,5 миллиард долларни ташкил этади.

Россия президенти Владимир Путин билан яқин алоқада экани айтилиб келаётган Алишер Усмонов айни пайтда дунёдаги 500 нафар энг бой одамлар рўйхатида 81-ўринни эгаллаб турибди. Айнан Путин билан яқинлиги сабабидан миллиардер Россия-Украина уруши туфайли АҚШ ва Европа давлатлари эълон қилган санкцияларга Алишер Усмонов ҳам киритилган.

Ўзбекистоннинг Наманган вилоятидаги Чуст туманида туғилган ва бугунги кунда Россиянинг энг бой одамлари рўйхати пешқадамларидан бўлган тадбиркор Алишер Усмонов Россияда USM гуруҳига асос солган ва унинг асосий акциядори ҳисобланади. Мазкур молиявий саноат гуруҳига “Металлоинвест”, “Удоканская медь”, “МегаФон” каби бир қатор йирик ширкатлар киради.

Алишер Усмоновнинг Россия медиа соҳасидаги ҳам ўрни катта. Унинг шахсий медиа холдингига Россиянинг бир қатор йирик нашрлари ва телеканаллари киради, энг нуфузли саналган медиа ташкилотлардан бири бўлган “Коммерсантъ” нашр уйи ҳам унга қарашли. Алишер Усмонов бир неча йил давомида VK (ВКонтакте) ижтимоий тармоғининг эгаси бўлган ва Британиянинг машҳур “Арсенал” футбол клубининг эгадоши бўлган. Шу вақтнинг ўзида у Халқаро қиличбозлик федерацияси раҳбари лавозимини ҳам эгаллаб турган.

Ғарб нашрлари яқинда Алишер Усмоновнинг ўзи аъзо бўлган Россия ишлаб чиқарувчилари ва тадбиркорлари уюшмаси раёсати бюросига ариза ёзгани ва пенсияга чиқаётганини маълум қилганини хабар қилишган.

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний ва унинг сафдошлари Алишер Усмоновни коррупцияда айблаб чиқишган. Улар Усмонов Россия ҳукуматининг собиқ раҳбари Дмитрий Медведевга пора берган деб даъво қилишган. Усмонов бу иддаони рад этиб, ўз шаънини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилган ва судда Навальнийнинг устидан ғалаба қозонган.

Маълум вақт аввалроқ Financial Times нашри гўёки Ўзбекистон расмийлари Европа Иттифоқидан (ЕИ) Алишер Усмонов қарши киритилган санкцияларни олиб ташлашни сўраганини ёзган. Бироқ бу ҳақда на Ўзбекистон расмийлари ва на миллиардернинг ўзи маълумот беришмаган. Шунингдек, ЕИнинг бу мурожаатга (агар у ҳақиқатдан ҳам бўлган бўлса) жавоби ҳам эълон қилинмаган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг