Чўнтакни куйдираётган паспортлар: Қирғизистон ҳукумати чора кўрадими?

Россия фуқаролигини олган меҳнат муҳожирлари урушга боришни истамайдилар.

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишича, Россиядаги муҳожирларнинг Украина билан урушга сафарбар қилинишдан сақлаб қолишни сўраб, уларга мурожаат қилиш ҳоллари кўпайган.

Аммо ҳуқуқ ҳимоячилари уларга қандай ёрдам беришни билишмайди. Чунки ўзга давлат фуқаролигини олгач, бу одамлар ўша давлат фуқароларининг бурчларини ҳам тўла бажаришлари керак. Ҳар қандай мамлакат фуқаросининг асосий бурчларидан бири эса ҳарбий хизмат, лозим бўлганда ватан ҳимояси учун қўлга қурол олишдан иборат. Россия ҳукумати эса Украинадаги босқинчилик урушини “ватан ҳимояси учун олиб борилаётган уруш” деб атаяпти.

Илгари юз минглаб қирғизистонликлар Қирғизистон фуқаролигини тўхтатмаган ҳолда Россия фуқаролигини олган. Бу албатта, вазиятни биро ўзгартиради, яъни урушга жалб этилган ҳолатда меҳнат муҳожирлари ўзга давлат фуқароси сифатида ҳам уруш ҳаракатларида иштирок этган ҳисобланиб қоладилар. Бунинг учун эса, ушбу давлатларда жиноий жавобгарлик белгиланган. Бу ҳақда нафақат Қирғизистон, балки бошқа қўшни давлатлар ҳам Россияда яшаб меҳнат қилаётган ўз фуқароларини бир неча бор огоҳлантиришган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари бу муаммони давлат даражасида ҳал қилиш керак, деб ҳисоблайди. Аммо лекин Қирғизистон ҳукумати ўз фуқароларини урушга қатнашишдан қайтарсада, бу борада Россия ҳукумати билан қандай ишлар олиб борилаётгани хусусида бирор расмий баёнот берганича йўқ.

Охирги икки ҳафта ичида бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасуловага Россияда яшаб, асли қирғизистонлик бўлиб, Россия фуқаролигини олган ўнлаб одамлар хат ёзишган. Улар Украина билан урушга сафарбар қилинмаслик учун ёрдам сўрашади ва бу борада Қирғизистон элчихонаси ёрдам бермаётганидан шикоят қиладилар.

Аввалига ҳуқуқ ҳимоячиси қандайдир йўл билан собиқ ватандошларини тинглашга, муаммони ҳал қилиш йўлларини таклиф қилишга уриниб кўрган, кейин эса бу хабарларни Facebookда ёзишга қарор қилган.

«Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси ёрдам бермаса, жуда ҳайрон бўлишади. Биз қирғизистонликмиз, дейишади, нега элчихона бизга ёрдам бермайди, нега бизни элчихона Қирғизистонга олиб кетмайди?” – деган мурожатлар кўпайди. Шу сабаб ҳам бу ерда ёзишга мажбур бўлдим. Элчихона сизга ёрдам беришга мажбур эмас, чунки сиз энди Қирғизистон фуқароси эмассиз. Мана шуни кўпчилик тушунмайди”, деб ёзади Азиза Абдирасулова.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг бу пости ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Негаки, бунгача Қирғизистонда ҳеч ким Россия паспортини олган ватандошларини собиқ ватандошлар деб атамаган эди. Агар баъзи фойдаланувчилар Абдирасулованинг сўзларини қоралаб, одамлар яхши турмуш тарзи туфайли Россия фуқаролигини олиш учун мурожаат қилмаганини таъкидлаган бўлса, бошқалари ҳуқуқ ҳимоячисига мамлакат расмий органлари эълон қилиши керак бўлган нарсани омма олдида айтгани учун миннатдорчилик билдиришган.

Қизиғи, статистика маълумотларига кўра, ҳозир ҳам Россия фуқаролигини олишни хоҳловчилар сони камаймаяпти, аксинча, ўсиб бормоқда. Агар беш йил олдин саккиз минг қирғизистонлик Россия паспортини олган бўлса, икки йил аввал 20 минг, ўтган йили эса Россия армияси Украинага бостириб кирганида, 37 минг қирғизистонлик Россия фуқаролигини олган.

Ўтган ҳафтада Украинада қирғизистонлик Аян Алишеровнинг вафот этгани маълум бўлди. У Россия фуқароси эмас эди, лекин сафарбар қилингунга қадар Россия жазони ўташ колониясида хизмат қилган. Марҳумнинг яқинлари унинг қамоқдан тўғри урушга жўнатилганини билишмаган. Бу ва шунга ўхшаш ҳолатлар, уларнинг олдини олиш бўйича Қирғизистон ҳукумати нима чоралар кўриши ҳозирча номаълум.

Сўнгги маълумотларга кўра, 2022 йилнинг январь-июнь ойларида 10 632 нафар қирғизистонлик Россия фуқаролигини олган. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлиги сайтида хабар берилган.

Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг “Азаттиқ” нашрига билдиришича, ҳар йили 9 мингга яқин қирғизистонлик Россия фуқаролигини олади. 30 йил давомида Россия паспортини олган Қирғизистон фуқароларининг сони 650 мингдан ошди.

Марказий Осиё давлатлари ичида Россия фуқаролигини энг кўп олганлар тожиклар бўлиб, 2022 йилнинг олти ойида уларнинг сони 74 мингдан ортиқни ташкил этди. Шунингдек, бу даврда 22 мингга яқин Қозоғистон, 14 минг Ўзбекистон ва 1,5 мингдан ортиқроқ Туркманистон фуқароси Россия паспортини олган.

Охирги расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда Қирғизистоннинг 1 миллион 118 минг фуқароси хорижда меҳнат қилади. Уларнинг миллиондан ортиғи Россияда.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг