Қирғизистон – Ўзбекистон: Чегарадан ўтиш осонлашади

Икки давлат фуқаролари яқинда чегарадан оддий ID-карта орқали ўтишлари мумкин бўлади.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, эндиликда Ўзбекистоннинг барча фуқаролари Қирғизистонга, Қирғизистон фуқаролари эса Ўзбекистонга оддий паспорт, ID-карта орқали кириб-чиқишлари мумкин бўлади.

Яъни, ҳозиргидек чегарадан фақат ҳорижга чиқиш паспорти билан ўтиб, уни муҳрлар билан тўлдиришга ҳожат қолмайди. Чегара яқинида яшаган аҳоли орасида бу катта муаммо бўлиб, паспортда муҳр босадиган жой қолмагани сабаб, одамлар паспортини алмаштиришга мажбур бўлишмоқда. Қолаверса, бу чегарада узоқ навбат кутишга ҳам сабаб бўлаётганди.

Янги қоида кучига киргач, фуқароларнинг чегарадан кириш-чиқиши ҳақидаги маълумотлар электрон тарзда қайд этилади, паспортга муҳр (штамп) босишга ҳожат қолмайди. Бу қоида чегарани исталган транспорт тури орқали, яъни самолёт, поезд, автомобил, автобус ва ҳоказоларда кесиб ўтганда ҳам бирдай амал қилади.

Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги бу маълумотни тасдиқлади ва томонлар ўтган ҳафта Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бишкекка давлат ташрифи давомида шундай битим имзоланганини маълум қилди.

Вазирлик янги қоиданинг қачон кучга кириши ҳақида аниқ бир муддатни айтмаган, лекин бунинг учун тегишли ҳужжатлар ўз кучига кириши лозим ва бунинг учун маълум вақт талаб қилинишини эътироф этган.

Эслатиб ўтамиз, бу янгилик Қирғизистонда ўтган йилнинг декабрида маълум бўлган. Ўшанда Қирғизистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Айбек Артиқбаев парламент қўмитасида гапириб, яқин орада икки давлат фуқаролари чегарадан ID-карта орқали ўтишлари мумкин бўлишини айтган. У шуни ҳам қўшимча қилган эдики, 16 ёшга тўлмаган ва шу сабабдан паспорт олмаган ёшлар ва болалар чегарадан ўтишда аввалгидек ҳорижга чиқиш учун ишлатиладиган паспортларини кўрсатишлари керак бўлади.

Ўзбекистон томоннинг таҳмин қилишича, мазкур тартиб ҳақидаги ҳужжатнинг ҳар икки давлат томонидан тегишли тартибда тасдиқланиши жараёни тахминан 1-2 ой вақт олиши мумкин. Демак, янги қоида кечи билан жорий йилнинг май ойидан бошлаб амал қила бошлайди.

Бугунги кунда Қирғизистон фуқаролари Россия ва Қозоғистонга ID-карта орқали кириб-чиқишлари мумкин. Ўзбекистон эса бундай қоида ҳақида биринчи бор, Қирғизистон билан келишиб олди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг