Келишувлар амалда: Қирғизистон – Ўзбекистон автобус қатновлари тикланмоқда

Икки давлат раҳбарларининг Бишкекдаги учрашуви кунлари яна бир қатнов қайта тикланди.

Ўзбекистоннинг Фарғона ва Қирғизистоннинг Қизилқия шаҳри ўртасидаги микроавтобуслар ҳаракати қайта тикланди. Фарғона вилояти транспорт бошқармаси берган хабарга кўра, 26-январдан бошлаб “Фарғона – Қувасой – Қизил-Қия” халқаро йўналиши бўйича микроавтобуслар ҳаракати қайта йўлга қўйилди.

Ушбу йўналишда ҳайдовчилик қилаётган Хусниддин Тилаволдиевнинг сўзларига кўра, биринчи ҳаракат Қизилқиядан бошланди. У 20 нафар йўловчини Фарғонага олиб келган.

“Қирқ беш дақиқада манзилга етиб келдик. Аҳоли жуда мамнун. Йўл ҳақи ҳам арзон, ўзбек сўмига 12 000 сўм”, – деди журналистларга Хусниддин Тилаволдиев.

Эрталабда йўлга чиққан илк йўловчилардан бири Валижон Саидов йўлда қийналмасдан икки давлат божхоналаридан қулай ўтиб келганини айтди.

«Икки давлат раҳбарлари ушбу йўналишни очиб, халқ учун қулай шароитни яратиб бердилар. Йўловчилар бемалол машиналарга ўтириб, хотиржам йўлга чиқса бўлади», – дейди Валижон Саидов.

Фарғона вилояти транспорт сектори бошқармаси бошлиғи Элдор Мамарасулов Ўзбекистоннинг Фарғона шаҳри ва Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Қизилқия шаҳри ўртасидаги бу йўналиш чегарадош вилоятлар орасидаги муҳим йўналишлардан бири эканлигини таъкидлайди.

“Икки мамлакат аҳолисига шароит яратдик. Маршрут йўналиши ҳар куни [Фарғонадан] тўрт мартагача амалга оширилади. Қирғизистондан ҳам [Фарғонага] яна тўртта қатнов мавжуд”, – деди Элдор Мамарасулов.

Қизилқия шаҳри йўловчилар ташиш бекати раҳбари Жалолиддин Султонов икки халқ дўстлиги, алоқаси икки давлат ўртасидаги муҳим муносабатларни билдиришини, энг асосийси – халқ учун қулай шароит яратиш мақсадида бу иш амалга оширилганини айтади.

“Халқларимиз қариндошлик ришталари билан боғланган. Биздан кўпроқ Қувасой, Фарғона шаҳарларига аҳоли кўп қатнайди. Азалдан автобус муаммоси бўлиб, халқ талаби орқали йўналишни қайта тикладик”, – дейди Жалолиддин Султонов.

Йўналишнинг умумий узунлиги қарийб 40 километрни ташкил қилади. Микроавтобуслар Қизилқия ва Фарғонадан Ўзбекистон вақти билан соат 7.20да, Қирғизистон вақтига соат 8.20да  йўлга чиқади. Келажакда маршрутнинг оммабоплигига қараб қатновлар сони ортиши мумкин.

Фарғона – Қизилқия йўналиши бўйича  микроавтобуслар қатнови 2019-йилнинг октябрь ойида йўлга қўйилган эди. Аммо 2020-йилда коронавирус пандемияси сабабли бу ҳаракат тўхтатилган.

Эслатиб ўтамиз, пандемия вақтида тўхтатилган яна бир алоқа тугуни – Андижон – Ўш – Андижон йўналиши бўйича микроавтобуслар қатнови 2021-йилда қайта тикланган. Ҳозирда йўналиш бўйлаб ҳаракатланиш учун ўнга яқин микроавтобус қатнови йўлга қўйилган.

Қизилқия – Фарғона йўналишида чегара орқали ўтишни тезлаштириш учун давлатлар «яшил йўлак» (яъни, енгиллаштирилган тартибда ўтказиш) жорий этишга келишиб олишган. “Достук” (“Дўстлик”) чегара бекатида «яшил йўлак» 2022-йилда ўз фаолиятини шбошлаган. Ўш ва Андижон шаҳарлари орасидаги масофа 45 километрни ташкил қилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26-27 январида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Бишкекда бўлди. Энг олий ва бошқа учрашувлар давомида икки давлат ўртасида мисли кўрилмаган даражада кенг қамровли келишувлар имзоланди.

Ўзаро келишилган муҳим масалалар орасида икки давлат ўртасида ўзаро транспорт масалаларини такомиллаштириш масаласида ҳам бор эди.

Умида Мирзабоева, Оқбура, Ўш.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг