Хавфли касб: Дунёда ҳалок бўлган журналистлар сони ўтган йили 50 фоизга ортган

Гап ўз хизмат вазифасини адо этаётган пайтда ўлдирилган журналистлар ҳақида бормоқда.

Журналистлик аксарият ёшлар назарида жуда романтик касб ўлароқ, унинг моҳияти телевизор экранларида тез-тез намоён бўлиб, машҳурлик супасида парвоз қилишдек қабул қилинади. Албатта, бу нарсаларни ҳам инкор қилиб бўлмайди, бу жуда қизиқарли ва ўта зарур касблардан бири. Лекин аслида бу юкни орқалаш (албатта, чинакам журналист номига доғ туширмай, ҳалол ишлаётганлар учун) тинимсиз ва оғир меҳнат, вақти келса нафақат қимматли вақти, балки эркинлиги, соғлиги, ҳатто ҳаётини хавф остига қўйиш демакдир.

Ҳар йили дунёнинг турли бурчакларида, нафақат уруш бўлаётган, балки тинч бўлса-да, коррупция ва уюшган жиноятчилик чуқур илдиз отган ўлкаларда ўнлаб журналистлар қурбон бўладилар. Улар аҳоли учун ҳақиқатни топиб айтиш, оддий халқнинг кулфат ва изтироблари эвазига бойлик орттириб, олий мансабларини суиистеъмол қилаётган шахсларнинг кирдикорларини фош қилиш йўлида ўз ҳаётларини қурбон қилмоқдалар.

Журналистларни ҳимоя қилиш халқаро қўмитаси (CPJ) жаҳондаги журналистларнинг аҳволларини  доимий равишда кузатиб боради ва ҳар йили ўзининг ҳисоботини эълон қилиб туради.

Ташкилотнинг 2022 йилда олиб борган тадқиқотлари давомида аниқланишича, ўтган йили дунё бўйлаб камида 67 нафар журналист ва оммавий ахборот воситалари ходимлари ўлдирилган. Бу 2018 йилдан бери кузатилган энг юқори кўрсаткич бўлиб, 2021 йилга нисбатан қарийб 50 фоизга кўп демакдир.

CPJ маълумотларига кўра, Украинадаги воқеаларни ёритиш чоғида 15 киши ҳалок бўлган, бу шу кунларгача мамлакатда қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир. Ташкилот эълон қилган ҳисоботда қайд этилишича, ҳалок бўлганларнинг 13 нафари янгиликлар яратиш ёки репортаж тайёрлаш учун маълумот йиғиш чоғида ҳалок бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли босқини 2022 йилнинг 24 февралида бошланиб, ҳамон давом этмоқда. Фронтдаги шафқатсиз жанглардан ташқари, Россия томони Украинанинг энергетика ва саноат тузилмаларини тинимсиз ракеталар ва дронлар ёрдамида ўққа тутиб, натижада тинч аҳоли вакиллари ҳам ҳалок бўлмоқда.

Агар Украинада дунёнинг турли давлатларидан келган, ўз ҳаётини хавф остига қўйиб ишлаётган журналистлар бўлмаса эди, биз бугунги Украинадаги аҳвол, урушнинг бориши ва бошқалар ҳақидаги ҳақиқатни бу қадар батафсил, балки умуман билмаган бўлардик.

Ташкилотнинг қўшимча қилишича, оммавий ахборот воситалари ходимлари ўлимининг аксарияти урушнинг дастлабки босқичларида қайд этилган. Охирги ҳолат 2022 йил май ойи охирида ҳужжатлаштирилган – ўшанда француз каналларидан бирининг оператори Фредерик Леклер-Имхофнинг ўлдирилган эди. У Россия бомбардимонидан қочаётган украиналиклар билан гуманитар автобусда кетаётганда пайтидага ҳужумдан жиддий яраланган ва ҳалок бўлган.

SPJ ҳисоботида айтилишича, Украинанинг айрим ҳудудларида вазият ҳамон қалтислигича қолмоқда, журналистлар урушни ёритиш пайтида тез-тез яраланаётганини айтишса, баъзилар уларни Россия ҳарбийлари атайлаб нишонга олишаётганини даъво қилмоқда. Лекин журналистлар нафақат уруш бўлаётган ҳудудларда, балки нисбатан тинч минтақаларда ҳам қурбон бўлмоқдалар.

Масалан, ўтган 2022 йилда журналистлар учун энг хавфли минтақа Лотин Америкаси бўлди. У ерда жами ўнлаб журналист ва оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳалок бўлган. Жумладан, Мексикада 13 киши, Гаитида 7, Бразилия, Чили ва Колумбияда 4 нафардан, Эквадорда 6, Гватемала, Гондурас ва Парагвайда биттадан журналист ҳалок бўлди. Уларнинг барчаси у ёки бу тарзда жиноятчилик, коррупция, кўча тўдалари зўравонлиги ва экологик муаммолар каби мавзуларни ёритишга интилиб келган эдилар.

Украинадан кейин энг кўп, 13 нафар журналист ўлдирилган Мексикада бу рақам бир йил ичидаги энг юқори кўрсаткич бўлиб турибди.

«Мексикада журналистларни ҳимоя қилиш билан бевосита шуғулланувчи бир қанча қонун ва ташкилотлар мавжуд, шунингдек, штат ва федерал даражада ҳимоя механизмлари бор. Бироқ улар журналистлар хавфсизлигини таъминлашда самара бермаяпти «, – дея таъкидланади Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг ҳисоботида.

Афсуски, қонунлар ишламаган, журналистлар ҳаёти ҳимояга олинмаган ҳолатларни бошқа давлатлардаям кузатиш мумкин. Энг ачинарлиси, деярли барча давлатларда журналистнинг ўлими билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти очилмай қолиб кетади.

Журналистларнинг ўлимидан ташқари уларга босим ўтказишнинг бошқа усуллари ҳам кенг тарқалган. Булар асосан – калтаклаш ёки ўлим билан таҳдид солиш, калтаклаб кетиш, уларнинг ўзлари ва яқинларига психологик босим ўтказиш, бўхтонлар асосида суд жавобгарлигига тортиш ва бошқалардан иборат.

Марказий Осиё давлатлари ичида демократия ва сўз эркинлиги минтақадаги бошқа давлатларга нисбатан энг ривожланган деб ҳисобланадиган Қирғизистонда ҳам бир қатор журналистлар ҳақиқат излаб, уни очиққа чиқаришга уринганлари учун қурбон бўлишган. Улар қаторида камида уч нафарини айтиб ўтиш мумкин.

Журналистнинг ўз касбига боғлиқ ҳолда ўлдирилиши Қирғизистонда биринчи бор 2007 йилда расман тан олинган. Ёш, лекин ёрқин истеъдоди ва жасурлиги билан билан ном қозонган 26 ёшли журналист ва ношир Алишер Соипов 2007 йилнинг 24 октябрида ўзи туғилиб ўсган Ўш шаҳрининг гавжум кўчаларидан бирида отиб кетилган. Ҳалигача қотилнинг кимлиги, муҳими, бу жирканч қотилликнинг буюртмачиси ким экани аниқлангани йўқ.

Иккинчи мудҳиш қотиллик қурбони бўлган мустақил журналист Геннадий Павлюк, 2009 йилнинг 22 декабрида Олмаота шаҳрида ўласи қилиб калтакланиб, 6-қаватдан ташлаб юборилган. Бу қотилликни ўша пайтдаги Қирғизистон махсус хизмати ходимлари амалга оширгани аниқланиб, уларга тегишли жазо берилган. Қотиллик буюртмачиси сифатида ўша пайтдаги президент Қурманбек Бакиев ва унинг яқинлари айтилган. Павлюк айнан Бакиев режими кирдикорларини фош қилиши оқибатида ўзига душман орттирган эди. Ҳақиқат Бакиев ҳокимияти ағдарилиб, унинг ўзи мамлакатдан қочиб кетгандан кейингина юзага чиққан.

Дунёда ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида танилган ва шу билан бирга толмас ва тоймас журналист ҳам бўлган Азимжон Асқаров 2020 йилнинг 25 июлида, 69 ёшида Бишкек қамоқхонасида ҳалок бўлди. У 2010 йилнинг ёзида мамлакат жанубида юз берган миллий низо пайтидаги қонли жиноятларнинг изларини тасвирга олиб юрган пайтида ҳибсга олинган. Ўша йилнинг сентябрида туҳмат ва бўҳтонлардан иборат айбловлар асосида умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Азимжон Асқаров қамоқхонада 10 йилдан ортиқ ўтиргач, соғлиги ёмонлашган. 2020 йилда, коронавирус пандемияси авж олиб турганда унинг соғлиги кескин ёмонлашган ва кутилмаганда вафот этган.

Унинг яқинлари ва адвокати, ҳамкасблари бу ўлимга сабаб сифатида маҳбусга вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмагани бўлганини айтиб келишади. Уларнинг доимий талабларига қарамай, журналист ва ҳуқуқ ҳимоячисининг ўлими тафсилотлари ҳамон очиқ баён қилинмай келмоқда. Бу ишни қайтадан тергаб, айбдорларни жазолаш талаби ҳам ҳокимият ва суд томонидан рад этилиб келмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг