Эшаги лойдан ўтгач… Қирғизистонга энди “Озодлик” керак эмасми?
Қирғизистон Маданият вазирлигининг нашрни ёпиш ҳақидаги даъвоси 9 февралда судда қаралади.
Қирғизистоннинг Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги Бишкек шаҳрининг Ленин тумани судига берган “Азаттиқ Медиа”нинг оммавий ахборот воситаси сифатидаги фаолиятини тугатиш тўғрисидаги даъво аризаси шу йилнинг 9 февралида қараладиган бўлди.
Бу ҳақда Бишкек шаҳар суди маълумот тарқатган. Даъво аризаси ҳақидаги хабар журналистлар ҳамжамиятида катта норозиликка сабаб бўлди. Чунки вазирликнинг бу даъвоси нашрнинг сайтларини блоклаш борасида киритган чекловлари каби қонуний асосга эга эмас. Нашрнинг сайтлари блокланганига қарийб 3 ой бўлди.
Вазирликнинг судга ёзган даъво аризасида “Озодлик” радиоси қирғиз хизмати бўлган “Азаттиқ”нинг қирғиз-тожик чегарасидаги можаро ҳақидаги видеоматериал ўчирилмагани ва ҳамон ижтимоий тармоқларда тарқатилаётганини билдиради.
Вазирликнинг норозилигига сабаб бўлган, Қирғизистон-Тожикистон чегарасида бўлиб ўтган қуроллик тўқнашув ҳақидаги материалда Тожикистон томоннинг фойдасига талқин қилиниши мумкин бўлган маълумот берилган эди. Вазирлик нашрдан бу материални ўчириб ташлашни талаб қилиб, “Азаттиқ”нинг расмий сайти ва барча булоқларини Қирғизистон ҳудудида блоклаб қўйган эди.
Нашр эса материалда ҳеч қандай қонун бузилмагани, бўлгани холис маълумотлар берилганини айтиб келмоқда. Чунки материалда қуролли можарода иштирок этган томонларнинг позициясини билдирган икки шахсга эркин гапириши учун бирдай имконият берилган. Бу Қирғизистон қонунлари ва журналистик этика талабларига тўла жавоб беради.
Лекин даъвогарларнинг фикрича, бу билан “Озодлик” “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 23-моддасини бузмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 26-октябрда Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги Азаттиқ веб-сайтларини блоклашга қарор қилди. Сўнгра 31 октябрь куни муассасанинг банкдаги ҳисоб рақами огоҳлантиришсиз блокланган. Бунгача эса, 23 октябрь куни “Азаттиқ”нинг кўп йиллик ҳамкори бўлган, давлатга қарашли “Биринчи радио” “техник сабабларга кўра” «Азаттиқ»нинг материалларини эфирга узатишни тўхтатган эди.
Янги йил олдидан, 26 декабрь куни нашрга нисбатан Қирғизистон Республикаси ҳудудидаги чекловлар узайтирилгани маълум бўлди. Маданият вазирлигининг тушунтиришича, ушбу чора норозилик туғдирган материал олиб ташланмагунча ўз кучида қолади.
«Озодлик» радиосининг қирғиз хизмати ўзининг иккала сайтини блоклаган биринчи кунданоқ қарорнинг ноқонуний эканлигини исботлашга уриниб келмоқда. Аввалроқ муассаса “ноқонуний ва Конституция билан кафолатланган сўз эркинлиги кафолатларини бузувчи” қарорни бекор қилиш талаби билан вазирликка маъмурий шикоят юборган эди. Аммо шикоят талаби қондирилмади.
“Озод Европа/Озодлик” радиоси президенти Жейми Флай «Озодлик» ишончли ахборот манбаи эканлигини ва унинг тўсиқсиз ишлаши учун шарт-шароитлар яратилиши кераклигини таъкидлади. У “Азаттик Медиа” вазирликнинг қарорига қарши чиқишда давом этишини айтди.
«Азаттиқ»нинг адвокатлари Маданият вазирлиги қарорига эътироз билдириб, Бишкекнинг Биринчи Май (Первомайский) тумани судига мурожаат қилди. Аввал бу иш бўйича биринчи суд жараёни 2023 йилнинг 26 январига белгилангани айтилган.
Қатор халқаро ташкилотлар Қирғизистон расмийларини «Азаттиқ»нинг веб-сайтлари ва банк ҳисобларидаги тўсиқларни олиб ташлашга чақириб келмоқда.
Дастлаб фақат радио сифатида фаолият юритиб келган “Азаттиқ” Совет даврида СССР ҳудудида тақиқланган эди. Қирғизистон мустақилликка эришгач, у мамлакатда эркин фаолият юрита бошлади. Ўз идорасини очди. Шу пайтгача мамлакатдаги энг холис маълумот булоғи сифатида оммабоп саналади.
Бугунги кунда ўзининг бир неча сайти, видео ва бошқа каналларига эга бўлган бу корпорация Қирғизистоннинг сиёсий-ижтимоий ҳаётида жуда катта рол ўйнайди. Омма онгига кўрсатадиган кучли таъсири сабабли бунгача мамлакатда бўлиб ўтган барча муҳим сиёсий воқеалар, айниқса, уч марта такрорланган, “рангли инқилоб” номи билан тарихда қолган давлат тўнтаришларида етакчи кучлардан бири сифатида майдонга чиққан.
Мустақиллик йиллари давомида мухолафатдагилар ва давлат қисувга олган турли сиёсий ва ижтимоий кучларнинг вакилларига эркин гапириш имкониятини бериб келган. Жумладан, бугунги давлат раҳбариятидаги сиёсатчилар ва уларнинг тарафдорлари ҳам ўз вақтида “Азаттиқ” таклиф этган сўз эркинлигидан фаол фойдаланиб келишган эди.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди