Ҳажга бориш учун рўйхатга туриш борасида 7 муҳим саволга жавоб
Қирғизистонда Ҳаж-2023 зиёратига боришни истаганларни рўйхатга олиш бошланди.
Қирғизистон мусулмонлари идорасининг расмий маълумотига кўра, бугун, 24 январдан бошлаб жорий йилдаги Ҳаж мавсумига рўйхатга олиш бошланди. Хўш, рўйхатдан тўғри ўтиш ва кўпдан орзу қилинган зиёратдан қолиб қолмаслик учун нима қилиш керак?
Бу саволга Қирғизистон Мусулмонлари диний бошқармаси тарқатган маълумот асосида жавоб берамиз.
1-савол: Бу йил Ҳаж мавсуми қачон бошланади ва номзодларни рўйхатга олиш қачонгача давом этади?
Жавоб: Янги, 2023 йилги Ҳаж мавсуми 26 июндан бошланиши кутилмоқда. Ҳаж-2023 учун номзодларни рўйхатга олиш 24-январдан 14-февралга қадар давом этади.
2-савол: Рўйхатга кимлар киритилади?
Жавоб: Бу рўйхатга биринчи галда 2019-йилдан 2022-йилгача навбатда турганлар киритилади.
3-савол: Рўйхатга туриш учун нима қилиш керак?
Жавоб: 2019-2022-йиллар давомида электрон навбатга турган фуқаролар Ҳажга бориш учун ариза беришлари ва 2023-йилнинг 24-январидан 14-февралига қадар 1000 АҚШ долларини “РСК Банк”ка тўлаб, унинг квитанциясини Қирғизистон Мусулмонлар диний бошқармаси таркибидаги вилоят, шаҳар қозиятларига ва ёки туман хатибиятларига рўйхатдан ўтиш билан боғлиқ ҳужжатлар билан қўшиб тақдим этишлари шарт.
4-савол: Айтилган квитанция ва тегишли ҳужжатларни кўрсатилган вақтда топшира олмаса нима бўлади?
Жавоб: Бу ҳолда 2019-2022-йиллардан буён навбатда турган номзод электрон Ҳаж рўйхатидан чиқарилади.
5-савол: Янги талабгорлар, яъни 2019-2022 йилларда электрон рўйхатга турмаганлар электрон рўйхатга кириш учун нима қилишлари керак?
Жавоб: Янги, 2023-йилда Ҳажга бориш истагида бўлган янги номзодларни рўйхатга олиш жорий йилнинг 20-февралидан 6-мартига қадар амалга оширилади.
6-савол: 2023-йилда рўйхатга туриш учун нима қилиш керак?
Жавоб: Бунинг учун (Eid) ID-карта паспорти асосида “РСК Банк”ка 1000 АҚШ доллари ва 1000 қирғиз сўмини тўлашлари керак ва унинг квитанциясини ҚМДБнинг вилоят, шаҳар қозиятлари, туман хатибиятларига барча рўйхатдан ўтиш билан боғлиқ ҳужжатлар билан бирга тақдим этишлари керак.
Яъни, Ҳаж-2023 зиёратига номзодларни рўйхатга олиш Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси таркибига кирувчи вилоят, шаҳар қозиятлари ва туманлар хатибиятларида амалга оширилади.
7-савол: Тўлароқ маълумот олиш учун қаерга мурожаат қилиш мумкин?
Жавоб: Ҳаж-2023 билан боғлиқ барча саволларга тўлиқ маълумот олиш учун Қирғизистон Мусулмонлари идорасига мурожаат қилишингиз мумкин:
Уяли телефонлар: 0778 486167, 0558 486167, 0708 486167
Тел./факс: 0312 486167
Э-почта: [email protected]
Эслатиб ўтамиз, бу йил Қирғизистонлик зиёратчилар учун ўтган йилгига нисбатан икки баробар кўп, яъни 6 минг кишилик квота берилди. Аввал хабар берганимиздек, Саудия Арабистонининг Ҳаж вазирлиги 2023 йилги Ҳаж зиёратини ташкил этишда 2020 йилдан тортиб COVID-19 пандемияси туфайли киритилган чекловларни тўла бекор қилди. Жумладан, бўлажак ҳожиларнинг ёши бўйича чекловлар ҳам бўлмайди.
Пандемия бошланишидан сал аввал, 2019 йил Ҳаж мавсумида дунё бўйича 2,6 миллионга яқин киши Ҳаж зиёратини адо этган. Пандемия даврида киритилган чекловлар туфайли 2020 ва 2021 йилларда зиёратчилар сони кескин камайиб, ўтган 2022 йилда Ҳаж зиёратига бўлгани 1 миллион киши атрофида борган.
Ўша чекловлар туфайли ўтган йили Қирғизистонга 2766 донагина квота берилган. Бунгача мамлакатдан ҳар йили ўрта ҳисобда 5500 киши Ҳаж зиёратига бориб келаётган эди. Қирғизистонлик зиёратчиларга берилган квотанинг кўпайишига 2022 йилда қирғизистонлик ҳожиларнинг сафари жуда яхши ташкил этилгани сабаб бўлгани айтилади мамлакат муфтияти тарқатган хабарда.
“Сўнгги йилларда Қирғизистондан Саудия Арабистонига Умра (кичик хаж) зиёратларига бораётганлар ҳам кўпайган. Зиёратни уюштирганлар ва турли хил сайёҳлик компаниялари ҳам бунинг ёрқин исботи. Бу ҳам бўлса мамлакатда ислом динига эътиқод қилишда ҳеч қандай тўсиқлар йўқлиги, аксинча, кенг имкониятлар берилаётганини кўрсатиб турибди”, дейди Ўш шаҳридаги “Раҳматулло Ал-Аъло” жомеъ масжидининг имом ноиби Саидмурод Мухторов.
Имомнинг сўзларига кўра, Ҳаж зиёратига борасида тузилган бу шароитлар Қирғизистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги алоқаларнинг юқори даражада эканидан ҳам дарак беради.
“2023-йилдаги Хаж зиёратига квоталарни кўпайтирилгани менимча, Қирғизистондан бораётган умра зиёратчиларнинг кўплиги ва уларнинг у ердаги қоидаларга имкон қадар амал қилаётгани”, – дейди Саидмурод Мухторов.
Умида Мирзабоева тайёрлади.
Сурат интернетдан олинди