Беҳбудий: Залолат ва хорликлар илмсизлик ва тарбиясизликнинг мевасидир

Буюк маърифатчининг таваллуд куни Тошкентда халқаро онлайн илмий конференция бўлиб ўтди.

Тошкентда, 19 январ, яъни Туркистон жадидчилик ҳаракатининг ёрқин сиймоси, атоқли мутафаккир Маҳмудхўжа Беҳбудий туғилган кунда бу атоқли жамоат арбобининг мероси ва жадидлар матбуотини ўрганишнинг долзарб масалаларига бағишланган онлайн конференция бўлиб ўтди.

Ҳақ олинур…

Анжуманни очган Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжаев улуғ маърифатпарвар аллома Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёти ҳақида қисқа айтиб ўтди.

Беҳбудий 148 йил аввал дунёга келган. Дин ва дунёвий илмларни бирдай ўзлаштиришга интилган олим ўзи Бухоро муфтийси бўлишига қарамай, театрда спектакллар қўйган, “Ойна” журналига асос солган. Профессор Бегали Қосимовнинг тадқиқотларига кўра, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 200 яқин турли жанрдаги асарлари аниқланган. Аслида эса уларнинг сони 500 атрофида бўлгани айтилади.

Маърузачининг таъкидлашича, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг мероси дин, тарих, адабиёт, матбуот, санъатшунослик нуқтаи назарларидан тадқиқ этилиши керак.

Афсуски, шу кунгача Беҳбудийнинг қаерга дафн этилгани аниқлангани йўқ. Бугунги кунда Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги махсус стипендия мавжуд.

Шундан кейин сўзга чиққан тарихчи профессор Бахтиёр Ҳасанов Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Ҳақ олинур – берилмас!” деган сўзларини келтирди ва шоир Элбекнинг “Севимли ватан” шеърини ўқиб берди.

Амстердам университети вакили, профессор Майк Кемпер ўзининг маърузасида Ўзбекистондаги жадидчилик ҳаракатининг Америка ва Европада ҳам ўрганилиши ҳақида сўзлаб, уни “жадидлар фаолияти – адабиёт, тарих, матбуот, санъат ўртасидаги кўприк” дея таърифлади. Туркиядан туркий тилли журналистлар ташкилоти раҳбари Демер Мендерес ҳам маруза қилди.

Тарихчи олим Мухтор Худойқулов ўз маърузасида жадидларнинг ҳар ўнтасидан 8 нафари отилганини эслатиб ўтди.

“Уч кун совуқ бўлиб, чироқ ёки газ йўқ бўлса, “дод” дедик. Жадидлар бошқа эди, улар дунёни кенгроқ тушунар эдилар. Маҳмудхўжа Беҳбудий ахир қози бўлган, мазза қилиб яшаса бўлар эди! Лекин у мактаблар ташкил қилди, театр очди, спектакл қўйди, газета, журнал юритди”.

Рус олими Антон Овсиенко жадидлар фаолиятининг рус матбуотида ёритилиши мавзусида сўзлади. Рус тилли матбуотдаги жадидлар ҳақида берилган маълумотларни таҳлил этди. Жадидчиларнинг асосий ғоявий раҳнамоси, татар арбоби Исмоил Гаспиралининг фаолияти ҳақида айтиб ўтди.

Амстердам университетидан профессор Шамил Шамситдин, жамоат арбоби Турсунали Қўзиев, “Ишонч” газетасининг муҳаррири Хусан Эрматовлар иштирок этдилар.

Конференция Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, Ўзбекистон журналистлари уюшмаси ҳамда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети томонидан ташкил қилинди.

Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, конференцияни ўтказишдан мақсад – Ўзбекистонда журналистика ва коммуникациялар соҳасида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларининг сифати ва самарадорлигини ошириш, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг меросини ўрганиш борасида маҳаллий ва хорижий олимлар ўртасида илмий алоқаларни ўрнатишдан иборат.

Конференцияда шунингдек, ёш олимларни ҳар томонлама мукаммал тадқиқотлар олиб боришига асос бўлиши учун бундай конфренциялар ўтказиб бориш муҳим эканлиги таъкидланди.

Халқ маърифати жонкуяри

Туркистон жадидчилик ҳаракатининг ёрқин сиймоси, атоқли мутафаккир Маҳмудхўжа Беҳбудий 1875 йилнинг 19-январида Самарқандда туғилган. У диний ва дунёвий илмни бирдек билган, адабиёт, тарих фанлари билан бир қаторда сиёсатшунослик билан ҳам жиддий шуғулланган.

Маҳмудхўжа Беҳбудий 1902 йилда Маккага бориб, хўжа ва муфтий унвонларини олиб қайтади. Сўнгра Қозон ва Уфа шаҳарларида бўлиб, Европа маданияти билан қизиқади, Қозон, Оренбургда чиқадиган нашрлар билан ҳамкорлик қилади. Чиқишларининг асосий мавзулари мактаб, маориф, маданият, маърифатпарварлик ғояларининг тарғиботидан иборат эди.

1910 йилларда минтақада «Шўрои Исломия», «Уламо», «Адолат», «Ёш бухороликлар» каби фирқалар пайдо бўла бошлайди. Ўша йилларда Беҳбудий Самарқандда «Самарқанд», «Ойна» номли нашрларнинг чиқишида катта хизмат кўрсатади. 1914 йилда Туркия, ва Мисрга бориб, у ердан муҳим китоб ва ўқув қўлланмалари келтиради, янги усулдаги мактаб дастури устида ишлашга киришади.

«Жадидчилик» раҳнамоси, дахрий деб эълон қилинишига қарамай, татар мутафаккири Исмоил Гаспринлининг маърифатчилик борасидаги таълимотини қўллаб-қувватлаб, Туркистонда, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида шундай ишларни амалга ошира бошлайди.

Беҳбудийнинг «Падаркуш» драмасида туркистонлик ёшларни Европа илмгоҳларида ўқитиш тарғиб қилинган. Мазкур асарнинг Абдулла Қодирийнинг «Бахтсиз куёв», Мирмуҳсин Фикрийнинг «Бефарзанд Очилдибой», Ҳамза Ҳакимзоданинг «Янги саодат» каби асарларининг яратилишига таъсир кўрсатгани тан олинган.

Беҳбудий ўзбек ва тожик тилларида икки юздан ортиқ мақола ва асарлар яратган. 1918 йилда аллома Бухородаги инқилобий кучларга хайрихоҳликда айбланиб, амир Саид Олимхон томонидан қатл қилинади. Маҳмудхўжа Беҳбудий фақат 1956 йилга келиб оқланади.

Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида Ўзбекистон илмий оммабоп ва ҳужжатли фильмлар киностудияси томонидан 1994 йилда “Истиқлол фидойилари” туркумидан ҳужжатли фильм олинган.

Алломанинг таълим-тарбия ҳақидаги фикрлари бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмай келади. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун қуйидаги намуналар билан танишиш кифоя қилади.

Хазон бўлган дурдоналар

“Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир.

Эй муҳтарам ёшлар! Азиз биродарлар, ўғул тўйлариға сарф қилатурғон ақчаларингизни мана шул илм замони йўлиға сарф этингиз, сиздан ўғлунгизға мол мерос қолмасун, балки, албатта, илм ва тарбия мерос қолсун.

Бизларни хонавайрон, бачагирён ва беватан ва банди қилган тарбиясизлик ва жаҳолатдур: беватанлик, дарбадарлик, асорат, фақр-у залолат ва хорликлар ҳаммаси илмсизлик ва бетарбияликнинг меваси натижасидур.

Илмсиз миллат, қавм асир ва заиф қолур. Илмсиз давлатнинг фойдаси йўқ, илмсиз дунёдорнинг ҳаёти йўқ.

Макотиб (мактаблар) – тараққийнинг бошланғичи, маданият ва саодатнинг дурдонасидир.

Тараққий этган миллатларни оналари ўқитар экан, биз аввал оналаримизни ўқитуб, уларга тил ўргатмоғимиз керак, чунки бизнинг илм ва тилсизлигимиз улардандур”.

Алломанинг юқоридаги сўзларини яна кун тартибига олиб чиқиб, маърифат соҳасидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш – бугунги кунда миллатимиз, халқларимиз учун ҳал қилувчи, ҳаёт-мамот масаласи бўлиб қолди, десак муболаға бўлмаса керак…

Хосият Бекмирзаева, Оқбура, Бишкек.

Расм муаллифники

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг