Ўзбекистон ва Қирғизистон биргаликда автомобил ишлаб чиқаради

Қирғизистонда қурилажак корхонанинг йилига 30 мингтагача машина ишлаб чиқариши кутилмоқда.

Қирғизистоннинг Чуй вилоятида, пойтахт Бишкекдан 40 чақирим нарида жойлашган Оқсув (Беловодск) қишлоғида микроавтобуслар, пикап, седан ва бошқа 19 турдаги енгил автомобиллар ишлаб чиқарадиган завод қурилади. Бу ҳақда дастлаб kun.uz нашри хабар берди.

Интернет-нашрнинг ёзишича, корхона Қирғизистон ва Ўзбекистон билан ҳамкорликда қурилади. Қирғизистон томондан ишлаб чиқаришда иккита хусусий компания: “Нур” очиқ ҳиссадорлик жамияти ва “ДТ техника” масъулияти чекланган жамият, Ўзбекистон томонидан эса “Ўзавтосаноат” давлат компанияси иштирок этади.

Заводнинг дастлабки ишлаб чиқариш қуввати йилига 3000 та автомобил бўлиши кутилмоқда. Аста-секин ишлаб чиқариш ҳажми 30 мингтага кўтарилади. Ишлаб чиқарилган автомобилларнинг нархлар рақобатбардош бўлиши, яъни унча қиммат бўлмаслиги айтилмоқда.

Қайд этилишича, келишув Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 26-январ куни Бишкекка ташрифи доирасида имзоланиши режалаштирилган эди. Аммо бу ташрифнинг кейинга сурилгани ва қачон амалга оширилиши ҳозирча номаълум бўлиб турибди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Иқтисодиёт ва савдо вазири Данияр Амангелдиев Қирғизистон ўз автомобилларини ишлаб чиқармоқчи эканлигини ва шу мақсадда Кореядан сармоя кутаётганини маълум қилганди.

Аввалроқ, 2018-йилнинг охирида эса Қирғизистонда автомашиналар билан автобусларни йиғиш бўйича қирғиз-ўзбек қўшма ишхонаси ишга тушиши ҳақида айтилган эди. Автотехникалар қисман сочилган равишда Қирғизистонга етказилиб, бу унинг тан нарҳининг баҳоси пастлашига шароит яратилиши кўзда тутилганди. Асосан ишхоналарда бугунги кунда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган Япониянинг «Исузу» автобусларини ва «Равон» савдо белгисидаги автомашиналарни йиғилиши режалаштирилганди.

Ўзбекистон томондан қўшма корхона доирасидаги асосий ҳамкорларнинг бир қатори 20 йилдан бери енгил машиналарини чиқариб келаётган «Женерал Моторс – Ўзбекистон» заводи бўлиб ҳисобланади.

Асака шаҳрида жойлашган ва Ўзбекистоннинг бир нечта шаҳрида филиаллари бўлган бу корхона Корея билан биргаликда очилиб, “ЎзДеу” маркаси остидаги автомобилларни ишлаб чиқарган. Ҳозирда бу компания АҚШнинг “Женерал Моторс” корпорацияси билан ҳамкорликда учта заводни ишлатади ва уларнинг ҳар бири ўз моделини ишлаб чиқаради.

Тошкентдаги заводда энг қиммат “Chevrolet Malibu”, “Chevrolet Malibu-2” ва “Chevrolet Captiva” русумли автоомбиллар чиқса, Хоразмдаги завод “Chevrolet Damas”,

“Chevrolet Labo” ва “Chevrolet Orlando” русумли машиналарни ишлаб чиқаради.

Дастлаб қурилган Асакадаги завод бугунги кунда “Ravon Gentra”, “Ravon Matiz”, “Ravon Nexia”, “Ravon R2” ва “Ravon R4” автомобилларини жаҳон бозорига чиқармоқда.

Аталган машиналарга жаҳон бозорида талаб кучли. Жумладан, экспортнинг катта қисми Россияга тўғри келади. Бу машиналар охирги йилларда Қирғизистонда ҳам кенг тарқала бошлади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг