Қайтадан туғилган чақалоқлар: Ўзбекистонда “Сиам эгизаклари” ажратилди

Қирғизистонда туғилган бу чақалоқларнинг тез кунда уйларига қайтиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган хабарга кўра, мамлакат тиббиёти тарихида илк бор ўзбек шифокорлари томонидан сиам эгизаклари ўта ноёб операция натижасида ажратиб олинган.

Маълум қилинишича, Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида 2022 йилнинг 31 майида дунёга келган чақалоқлар “Сиам эгизаклари” бўлиб, бу ғайритабиий ҳолат ҳомила 28 ҳафталигида аниқланган. Ёш ота-онанинг яқин қариндошлар экани, яъни опа-сингилларнинг фарзандлари экани аниқланган. Бўлажак она Бишкек шаҳрига юборилиб, 29-ҳафтада туғруқ жараёни «кесарча кесиб олиш» усулида амалга оширилган. Дунёга келганида умумий вазни 1 600 грамм бўлган чақалоқларга Фотима ва Зуҳра деб исм қўйишган.

Жажжи Фотима ва Зуҳраларнинг қорин қисми бирлашган бўлиб, уларнинг жигари битта эди. Шу сабабдан уларни ажратиш ўта мураккаб ва хавфли амалиёт эди. Шу сабабдан чақалоқлар 10 кунлик бўлишганда, врачлар уларнинг яшаб қолиш имкони умуман йўқлигини айтилиб, уйларига рухсат беришган. Аммо фарзандларининг яшаб кетишидан умид узмаган ота-она орадан бир ой ўтгач, ўзбекистонлик яқинларидан Республика перинатал маркази қошидаги Неонатал хирургия ўқув-даволаш-методика маркази янги туғилган чақалоқларда мураккаб амалиётлар ўтказиш борасида ноёб муассаса экани ҳақида эшитишади. Июнь ойида ўша марказга мурожаат қилишади.

Чақалоқларнинг ҳолатини ўрганган марказ раҳбари, тажрибали неонатал хирург, профессор Б. Эргашев уларни янада чуқур тиббий кўриклардан ўтказиш зарурлигини айтади. Ўш шаҳрида бунинг имкони бўлмагани боис тажрибали мутахассис эгизакларни ҳар ой онлайн тарзда тиббий назорат қилиб борди. Ниҳоят октябр ойида гўдакларни юқорида номи аталган марказга олиб келишади. Бу пайтда улар 5 ойлик бўлиб қолишган эди.

Профессор Эргашевнинг айтишича, ушбу ўта мураккаб амалиёт мамлакатнинг энг тажрибали хирурглари, ёрдамида амалга оширилди.

“Аммо амалиётнинг даражаси, критик омилларни ҳаммамиз сезиб турардик. Бир неча ой давомида турли адабиётларни ўқиб-ўрганиб, халқаро даражада ўтказилган ана шундай амалиётларнинг видеотасвирларини таҳлил қилиб, барча масъулиятни зиммамизга олган ҳолда ишга киришишга аҳд қилдик”, – дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор Б. Эргашев. – “Вазиятни болаларнинг ота-онасига тушунтирдик. Уларга агар исташса, бошқа давлатга олиб боришлари мумкинлигини ҳам маълум қилдик. Лекин ота-она аввалги амалиётларимиз билан яхши танишиб чиқишгани, бизга тўлиқ ишонишларини билдиришди. Бу ишонч ҳам бизга куч бағишлади».

Республика перинатал маркази жамоаси ўзаро маслаҳатлашиб, консилиум ўтказилди, муассасадаги барча юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналар текширувдан ўтказилди, тиббий жамоа ҳам, технологиялар ҳам шай ҳолатга келтирилди.

Шундан сўнг 19 декабр куни амалиётга киришилди.

Амалиёт 3 соат давом этди… Болажонларнинг уларнинг ўт пуфаклари алоҳида-алоҳида шаклланган экан. Бу икки тана ажратилганда, бу муҳим аъзоларнинг ўз вазифасини бекаму кўст бажаришини таъминлар эди. Эгизаклар муваффақиятли ажратиб олингач, тиббий жамоа икки гуруҳга бўлиниб, иш олиб борди ва амалиётлар хирурглар тили билан айтганда «силлиқ» ўтди.

Операция хонасига бир вужуд сифатида олиб кирилган чақалоқлар икки мустақил организм сифатида олиб чиқилди. Ўта мураккаб амалиётни бошдан ўтказишгани ва нимжонлиги уларнинг тикланиш жараёнини қийинлаштирди. Айниқса, Зуҳранинг буйраклари меъёрдан анча кичик экани қўшимча муаммо туғдирди. Унинг саломатлигини тиклашга Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг болалар бўлими мутахассислари ҳам катта ҳисса қўшди.

Вазирлик тарқатган хабарда айтилишича, бугун чақалоқларнинг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда. Яқин кунларда уларга уйларига рухсат беришлари умид қилиняпти.

«Бу натижага эришишда бир ёқадан бош чиқариб ишлаган хирурглар, умуман, профессионал даражада иш олиб борган катта жамоа асосий рол ўйнади. Улар ўз маҳорати, билими, тажрибаси ва журъати билан ўзбек тиббиёти солномасига яна бир улкан воқеани ёзиб қўйишди», дейилади вазирлик хабарида.

Операцияда иштирок этган мутахассислар «Соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар.

Шу пайтгача Ўзбекистонда бундай амалиёт фақат бир марта Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида амалга оширилгани айтилади. Унда ҳам амалиёт чет эллик мутахассис бошчилигида ва бевосита иштирокида кечган. Аммо эгазаклардан бири яшаб кета олмаган.

Қирғизистонда бунгача 1991-йилда туғилган Гита ва Зита Резахуновалар ҳам “Сиам эгизаклари” эди. Уларнинг бел қисмидан пасти битта бўлган. Эгизакларни бир-биридан ажратиш амалиёти Москвада ўтказилган ва улар амалиётдан кейин биттадан оёқ билан қолишган. Афсуски, Зита 2015-йилда жинсий органидаги муаммо оқибатида вафот этган. Гита эса 2019-йилда саратон касалига чалинган. Ҳозирда у онаси билан бу дардга қарши яшаш учун курашиб келяпти.

“Сиам эгизаклари” танасининг маълум бир қисми бирлашган ҳолда туғилади. Уларнинг ички органлари ҳам бирлашган бўлиши мумкин. Танаси туташ чақалоқларни вақти келиб жарроҳлик йўли билан ажратиш мумкин, бироқ ички аъзолари умумий бўлган эгизакларни танасидан ажратиш деярли имконсиз. Ўзбекистонлик мутахассислар биринчи бор бунинг уддасидан чиқдилар.

Жаҳон статистикасига кўра, “Сиам эгизаклари” 200 минг ҳолатда бир марта учраши мумкин. Маълумотларга кўра, бундай чақалоқларнинг аксарияти ўлик ҳолатда дунёга келади. Тирик туғилганларининг 5 фоиздан 25 фоизгача бўлган қисми узоқ умр кўриш бахтидан бенасиб бўлади.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг