Америка доллари Қирғизистондан қопларда олиб чиқиб кетилмоқда

Шу вақтнинг ўзида мамлакатга Россия рублининг оқиб кириши кучайгани кузатилмоқда.

 

Қирғизистон парламентининг 29 декабрда ўтган йиғилишида депутат Жусупбек Қўрғўнбай уулу мамлакатда нақд доллар тақчиллигига изоҳ берар экан, унинг катта миқдорда чет элларга олиб чиқиб кетилаётганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, валюта чайқовчилари Қирғизистонга катта миқдорда Россия валютасини олиб келишмоқда, АҚШ доллари эса республикадан Туркия, Россия, Хитой ва бошқа давлатларга экспорт қилинмоқда.

“Спекуляторлар Қирғизистонга рубль солинган чамадон олиб, бошқа мамлакатларга доллар олиб кетишади. Ҳозир доллар тақчиллиги кузатилмоқда, унинг курси ўсиб бормоқда ва бу иқтисодиётимизга бевосита таъсир қилмоқда”, – деди Қўрғонбай уулу Вазирлар маҳкамасининг “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қарори лойиҳаси кўриб чиқилаётган йиғилишда.

Депутат бу маълумотларни нимага таяниб айтаётганини ошкор қилмади. Миллий банк раиси ўринбосари Қайип Қуленбеков эса Қирғизистонга рублнинг оммавий олиб кирилиши устидан назоратни амалга ошириш Вазирлар маҳкамаси ваколатига киришини айтиб қутилди.

Бу хабарга на Вазирлар маҳкамаси ва Божхона хизмати расмий тушунтириш бергани йўқ.

Бунгача Қирғизистон Миллий банки раиси Қубаничбек Бўқўнтаев ҳам парламент  йиғилишларининг бирида АҚШ долларининг Россияга том маънода қопларда олиб кетилаётганини айтган эди.

Россияга долларнинг оммавий равишда катта ҳажмда “экспорт” қилингани ҳақидаги маълумотни Вазирлар маҳкамаси раҳбари Ақилбек Жапаров ҳам тасдиқлади. Лекин бунга қаттиқ чеклов қўйилганига қарамай, давлат божхона ва чегара хизмати бунга қандай қилиб ва нима сабабдан йўл қўйиб беришгани ҳақида изоҳ бермади.

Молиявий вазият нисбатан барқарор бўлган Қирғизистонда охирги икки йил давомида АҚШ долларининг курси 85-86 қирғиз сўми атрофида сақланиб турган эди. Россиянинг 24 февралда Украинага бостириб киришидан кейин вазият кескин ўзгариб, дастлабки икки ҳафта ичида долларнинг нархи 106 сўмгача кўтарилди. Миллий банк бунга қарши бир неча бор валюта бозорида катта миқдорда АҚШ долларини сотишга мажбур бўлди.

Сўнгги ойларда долларнинг расмий курси яна 85 сом атрофидаги кўрсаткичга қайтиб, шу ҳолда сақланиб турибди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг