Ўзбек шоирининг меҳнатлари Қирғизистон адабий муҳитида эътироф этилди

Қурбон Саттор қирғиз ва ўзбек адиблари асарларини ҳар икки тилга моҳирлик билан ўгиради

Қирғизистонлик ўзбек шоири ва таржимон Қурбон Саттор “Алиқулнинг олтин қалами” мукофоти билан мукофотланди. Бишкекдаги машҳур қирғиз шоири Алиқул Ўсмонов номидаги жамоатчилик фонди эътироф этган шоир кўпдан буён қирғиз адибларининг асарларини ўзбек тилига ўгириб келади. Юқоридаги мукофотга у Алиқул Ўсмўновнинг шеърларини қирғиз шеърияти ихлосмандларига, ёш авлодга етказишдаги меҳнатлари ва хусусан Ўсмўновнинг “Кўл тўлқини” шеърий китобини ўзбек тилига таржима қилгани учун муносиб топилди.

Қурбон Саттор ҳамкасб ва ҳамюртлари даврасида (чапдан иккинчи). Ғова қишлоғи, 2007 йил

Ажойиб шоир, зукко таржимон, ҳокисор ва камтарин инсон Қурбон Саттор 1948 йили ҳозирги Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманидаги Ўзбекғова қишлоғида туғилган. Жуда ёш пайтиданоқ шеърлар ёза бошлаган, дастлабки машқлари ўша пайтларда ўн минглаб нусхада чиқиб турган Ўш вилояти “Ленин йўли” газетасида босилган.

Қурбон Сатторнинг биринчи китоби тақдимотида. Ғова қишлоғи, 2007 йил.

1980 йиллардан бошлаб шеърлари, таржималари бошқа газета ва журналларда, Тошкентда чоп этиладиган альманахларида узлуксиз босилиб келган. 2006 йили “Умрим мезони” тўплами босилиб чиққан. Шоир дунёнинг нозик кўнгилли, эрка, ўзига хос инжиқлигу характерга эга инсони. Шунга мувофиқ шоирнинг алоҳида, ўзига хос ҳаёт тарзи бор, шоирнинг ҳаёт тарзи на муҳокама қилишга ва на танқид қилишга сабаб бўлолмайди. Шоир халқининг орзулари, армони кўп бўлади, шоир ўзи “Армонинг ўзим” шеърида ёзганидай:

Эй кўҳна дунё, меҳмонинг ўзим,

Қуриб, бузгувчи мезбонинг ўзим.

Сен бир тарози, шайнинг қўлимда,

Ростинг ҳам ўзим, ёлғонинг ўзим.

Қурбон Саттор Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилоят бўлими раиси Хуршида Ваҳобжон қизининг юзга яқин шеърларини қирғиз тилига таржима қилган. Сейит Кенжаматовнинг кўплаб ҳикояларини қирғиз тилидан ўзбек тилига моҳирлик билан таржима қилган. Масалан “Даҳшатли туш” ҳикоясини ўқисангиз, у худди ўзбек тилида ёзилгандай, “ўдағайлади”, “қуриб кетсин” каби сўзлар билан таржима қилинган. Умуман таржимоннинг ҳамма ўгирмалари ҳам шундай, таржимага ўхшамайди.

Масалан, Алиқул Ўсмўновнинг “Шоир” шеъри таржимасини кўрайлик:

Шоир йўли ёруғ, нурли из каби,

Адроқли — эл суйган ўғил-қиз каби.

Шоир ёзиб, биз ўқиган тўрт сатр

Яшаши шарт ўз кучини кўрсатиб:

Баҳор ва Ёз, Қиш билан Куз

Деган тўртта сўз каби.

2015-йилда қирғиз шоири Алиқул Ўсмонов таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан унинг 70 га яқин шеъри ва поэмалари Қурбон Саттор томонидан таржима қилиниб, “Кўл тўлқини” номи билан чоп этилган, тўпламга “Ватан”, “Ўттиз ёш”, “Иссиқкўл”каби шеърий асарлар кирган. Китобни нашр этишга Қирғизистон президенти ҳузуридаги Давлат тили бўйича комиссия ҳомийлик қилган. Бу ғоя аслида анча йиллар аввалдан болалар ёзувчиси, раҳматли Турсунбой Адашбоев томонидан айтилиб, тайёргарлик ишлари бошланган эди. Қурбон Саттор Турсунбой Адашбоевнинг шогирди ва издоши сифатида устозининг ташаббуси билан таржимага астойдил киришган эди.

Асли қирғизистонлик бўлган машҳур шоир ва таржимон Турсунбой Адашбоев ўз вақтида ўзбек ва қирғиз адабиёти намояндаларининг асарларини тарғиб қилишдаги, айниқса қирғиз адибларининг асарларини ўзбек тилига ўгириб, ўзбек китобхонларига етказишдаги хизматлари туфайли “икки халқ ўртасидаги кўприк” номига мушарраф бўлган эди. Гарчи унинг меҳнатлари Қирғизистонда расман муносиб даражада тақдирланган бўлмасада.

Устозидан кўп муҳим ўгитларни олган Қурбон Саттор насрий асарни ҳам, шеърий асарни ҳам, ўзбек тилидан қирғиз тилига, қирғиз тилидан ўзбек тилига бирдек маҳорат билан таржима қилади. Бармоқ вазнида, аруздами, бирдек шеър ёзади. Ватан, муҳаббат, илму ирфон, орзу ва армон ҳақида бирдек ёза билади. Шундай адибларимизни вақтида, борида қадрлай билишимиз биз учун муҳим эканини унутмасак.

Қуйида Алиқул Ўсмоновнинг фикрларимизга ҳамоҳанг шеърини Қурбон Саттор таржимасида эътиборингизга ҳавола қиламиз.  

БЕМОР ШОИР

Бемор оқин,

Ўйга яқин,

Оғриб, ҳолсиз ўлтирар.

Билмай оқин

Фарқу нархин,

Ўлим у ёққа йўл бурар…

Бемор оқин,

Сўзи олтин,

Ҳолсиз, ёлғиз ўлтирар.

Нетсин оқин,

Оқ қоғозин

Сатрларга тўлдирар…

Бемор оқин,

Умри ортин

Қалами билан сақлар…

Таниш дўстлар,

Қора кўзлар

Эслашсин деб бир чоғлар.

Бемор оқин,

Соғлик нархин

Турар билиб, ўксиниб…

Кимдир келар,

Кимдир кетар,

Тўлдириб ер кўксини…

Бемор оқин,

Ўйлаб боққин,

Биздан элга не етар?..

Биз ўтамиз,

Бўлса тамиз,

Шеър қолади тўрт қатор…

Замон холис,

Мардлик, номус

Керак бўлур, бер қани!..

Жон чиққанча

Қадрлайлик

Умр, ота-онани!..     

Хосият Бекмирзаева, Оқбура, Ўш

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг