Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида саккиз милиард долларлик шартномалар имзоланди

Қозоғистон президентининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида 15дан ортиқ муҳим ҳужжатлар имзоланди.

Марказий Осиё янгиликлар хизмати берган маълумотга кўра, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 22 декабрь куни олий даражадаги учрашув якунида икки давлат ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги ва Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги шартномаларга қўл қўйишган.

Ўзбекистон президент матбуот хизмати берган хабарга кўра, Тошкентда икки қўшни давлатлар расмий вакиллари иштирокида ўтган анжуман чоғида икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари, йирик компаниялари даражасида кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган яна 15 та ҳужжат қабул қилинган.

Улар орасида “Марказий Осиё” Халқаро саноат кооперацияси марказини ташкил этиш, Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик, Олий таълим ва олий таълимдан кейинги таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар, 2000 йил 7 июлидаги Фуқароларнинг ўзаро келиб-кетиш шартлари тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги баённома каби ҳужжатлар бор.

Сўнгги ҳужжатга кўра икки давлат фуқароларининг чегарадан ўтишлари борасида енгилликлар киритилиши кўзда тутилган. Яқинда мана шундай ҳужжат Қирғизистон билан ҳам имзолангани ҳақида хабар қилинган эди.

Кенг қамровли учрашув натижаларига кўра икки давлат ҳудудида ўтказиш мўлжалланаётган стратегик ислоҳотлар, электрон савдони ривожлантириш, ўрмон хўжалиги, давлат хизмати соҳаларида меморандумлар, икки давлатнинг Тошкент ва Туркистон, Навоий ва Қизилўрда, Жиззах ва Туркистон вилоятлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича “йўл харита”лари, энергетика, кимё саноати, транспорт ва логистика соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича битимлар қабул қилинган.

Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тоқаевнинг Тошкентга ташрифи доирасида, расмий маълумотларга кўра, жами 8 миллиард долларлик савдо ва сармоя шартномалари имзоланган.

Эслатиб ўтамиз, яқинда ҳар икки давлат Россия президенти Владимир Путиннинг қандайлиги мавҳум бўлган “Газ учлиги” иттифоқини тузиш ҳақидаги таклифини расман рад этишган эди. Бунга биринчидан, АҚШ бош ғарб давлатларининг Россияга қарши киритган санкциялари сабаб бўлса, иккинчидан, Қозоғистон ҳам, Ўзбекистон ҳам Россия газини олиш ҳисобига унга иқтисодий ва сиёсий томондан қарам бўлиб қолишни истамаганлари ҳам муҳим рол ўйнаган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг