Тарқоқликни мерос қолдирманг: Ўшда ўзбек жамоатчилиги йиғилиши бўлиб ўтди

Учрашув чоғида шаҳардаги ўзбек миллий-маданий марказлари фаолияти хусусида баҳс юритилди.

Қирғизистоннинг жанубий пойтахти Ўш шаҳрида 24 декабрь куни Жўғўрқу Кенеш депутати Фарҳодбек Олимжонов иштирокида шаҳар фаоллари йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда шаҳар оқсоқоллари, турли даражадаги жамоатчилик вакиллари, журналистлар ва ёшлар уюшмаси аъзолари қатнашдилар.

Учрашувда республика Ўзбек миллий-маданий марказининг Жанубий минтақа бўйича ўринбосари Одилжон Отажонов қатнашди. У Ўш шаҳар маърифий ва маданий марказининг фаолиятига доир айрим ҳужжатлар ҳақида маълумот берди. Отажонов нечта марказларга бўлиниб иш юритиш ҳеч қандай яхши натижа бермаслигини эслатди. У шундоғам Ўш шаҳар адлия бошқармаси ходимлари тақдим этган маълумотда шу кунгача шаҳарда саккиз нафар марказ фаолият юритаётганини айтди.

“Собиқ депутат Даврон Муродович [Собиров] бош бўлган “Ўзбеклар жамияти”, академик Мамасаидов бошчилик қилган марказларнинг 25 йилда бир миллатнинг турли гуруҳларга бўлинишига олиб келгани яхши бўлмаган”, – деди Отажонов.

Шу ўринда Қирғизистон тарихида “афсонавий Парламент” номи билан қолган 90-йиллардаги Жўғўрқу Кенеш депутати Бўрибой Жўраев аввал ҳам шундай марказлар ягона бўлмаганини эътироф этган ҳолда бу ҳолатда салбий нарса кўрмаслигини маълум қилди.

“Майли, шу йилнинг 17 декабрида 120 кишилик делегация билан сайланган Олмосбек Иминжонов ҳам янги “Амир Темур номидаги ўзбек миллий ва маданий марказ”ини бошқараверсин. Бу катта фожеа эмас. Сизлар ҳам бугунги “Маданият ва маърифат” марказини юргизинглар”, – дея таклиф қилди оқсоқол.

Эслатиб ўтамиз, 5-декабрда Ўш шаҳрида “Амир Темур” ўзбек миллий ва маданий жамияти” жамоатчилик бирлашмаси рўйхатдан ўтказилиб, 17-декабр куни унинг биринчи қурултойи бўлиб ўтди. Жуда қисқа вақт ичида шошилинч ўтказилган анжуманда Алмаз (Олмос) Иминжонов ташкилот раҳбари этиб сайланди.

Шу куниёқ Ўш шаҳрида ва ижтимоий тармоқларда бу йиғилиш ва унинг қарорлари ҳақида салбий фикрлар билдирилган муҳокама бошланди. Шаҳар фаолларининг каттагина бир қисми бу йиғилишни ўтказишда ва раҳбар сайлашда ошкораликка, тенгликка йўл қўйилмагани, йиғилиш иштирокчилари шаҳар аҳолисини тўла вакиллари эмаслиги ва демак, қурултой шаҳар жамоатчилигининг фикри ва иродасини акс эттирмаслигини айтишди.

Ана шу йиғилиш қарорига қарши чиққан фаоллардан бири, таниқли журналист ва Ўш шаҳар кенгаши депутати Хулкар Исомова шаҳар оқсоқолларидан ҳисобланган Бўрибой Жўраевнинг фикрига кескин раддия билдирди.

“Тарих бизга бўлиниб иш юргизиш ёмонлигини кўрсатиб бўлган. Ўша даврларда сизлар [парламентга] депутат бўлиб туриб ҳам бирликни таъминлай олмагансизлар. Энди, келажакка ҳам бундай бўлинишни мерос қилиб қолдирманглар, – деди Исомова собиқ депутатга мурожаат қилар экан. – Бу миллатимиз учун катта фожеа! Бошқа миллат ва давлатлар олдида кичиккина бир шаҳарда битта бутун марказнинг бўлмаслиги чин маънода фожеа. Ҳаммамизга тааллуқли ишга биз бефарқ бўлмаймиз. Олмосбек Иминжонов ҳам жуда яхши инсон, миллатимиз учун хизмат қиламан, деган бўлса яхши. Бироқ, барча ўшлик ўзбеклар бир бўлишимиз шарт!”

Шундан кейин сўзга чиққан шаҳарнинг энг фаол аёлларидан Арофатхон Олимжонова, Улфатхон Иброҳимова, Моҳирахон Абдукаримовалар ҳам йиғилиш иштирокчиларига яқин тарихни эслатиб, бўлинмасликка чақиришди. Улар таълимнинг сифатига, маданиятнинг ривожига ҳамма бирдек ҳиссасини қўшиши кераклигини таъкидлашди. Яхши-ёмон кунларда бирга бўлиш зарурлигини айтишди.

Шу кунгача Ўш шаҳар миллий маркази раиси бўлиб келган Рашидхон Хўжаев (17 декабрдаги йиғилишда ҳисобот бермасдан бу лавозимни топширди. – Таҳр.) қисқа қилиб, ўзининг 20 йилдан ортиқ вақт давомида олиб борган иш фаолияти сарҳисобини айтиб ўтди. У Марказни бошқариш осон эмаслиги, марказга раҳбарлик эса ойлик маоши йўқ бир катта хизмат эканлигини таъкидлади.

Таниқли драматург, шаҳарнинг яна битта оқсоқоли Абдуғани Абдуғафуров сўзга чиқиб, ҳамма бўлинмаслик тарафдори экани яхшилигини тан олди. Бироқ Бўрибой Жўраевни ҳимоя қилиб, “у бир миллат икки гуруҳ бўлиб ўртада келишмовчилик чиқмасин, деган мақсадда нечта марказ бўлса ҳам миллат учун ишлаб беришсин, деди, сизлар тўғри тушунинглар буни”, – деган фикрини айтди.

Ўш шаҳар Маданият ва маърифат марказига раисликка номзодлардан бири Дилмурод Ишанов ҳам сўзга чиқиб, “миллатга, халққа хизмат қиладиган, юрагида ўти бор инсонлар раис бўлмасдан ҳам меҳнат қилаверишини” таъкидлади.

“Башанг кийим ва чиройли нутқ сўзлаб, минбардан туриб гапириш бошқа, халқ бошига кулфат ва мусибат келганида бел боғлаб ёрдам бериш бошқа, – деди Ишанов. – Масалан, пандемия пайтида ва Боткен воқеалари каби вазиятларда ҳеч кимга қарамай, катта-кичик бир бўлиб хизматга киришиб кетамиз-ку!”

Бунга мисол сифатида у ёши саксондан ошиб қолган фаол Арофат ҳожи ая Олимжонованинг номини айтиб ўтди: “…ҳожи онамиз 80 дан ошдим демай, юртдошларимизга ёрдам қиламиз деб, ишимизга ҳар доим фаол қатнашиб, элни хизматидан юз ўгирмади-ку ҳалиям!”.

Дилмурод Ишанов ўзи раис бўлиб сайланиши ёки сайланмаслигидан қатьи назар хизматдан қочмаслигини айтиб, раисликка номзоди айтилиб келаётган ёшлардан яна бири Дониёр Нурматов билан суҳбатлашганини ва у билан бир мақсад сари интилиб меҳнат қилишга келишиб олишганини маълум қилди.

“Ким бўлсак ҳам биз – қирғизистонликмиз. Ватанимизни севамиз, уч кун четга чиқсак, уйимизни соғиниб қайтамиз. Бас, шундай экан, бугун йиғилган барча фаоллар олдида айтаман, раис бўламанми, йўқми барибир шу элнинг фарзандиман, хизматдан қочмайман… Мен маданият соҳасида ишласам, Дониёрбек маърифатга ҳиссасини қўшсин”, – деди.

Унинг бу сўзларини ўтирганлар қарсаклар билан қарши олди. Шундан сўнг дунёнинг энг баланд чўққиси бўлган Жамолунгмани (Эверест) забт этишга жазм қилган биринчи ўзбек, альпинист Дилмурод Тиллахўжаев, Ўшдаги ўзбек театри директори Аъзамжон Абдураззоқов, фаоллардан Ферузахон Аматалиева, Соҳибахон Шокирова, Дилноза Топволдиева, Турсунбой Султонов ва бошқалар сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

Жўғўрқу Кенеш депутати Фарҳодбек Олимжонов ҳамманинг сўзларини тинглагач, йиғин охирида сўзга чиқди ва кўрилаётган масалалар юзасидан атрофлича фикрларини билдирди.

“Олти ойдан буён шошилмасдан барча фаолларнинг кўнглидаги гапларини тинглаб, ўрганиб келаяпмиз, – деди парламент депутати. – Бўрибой ака айтган кўп марказлиликка барҳам берамиз, ин шаа Аллоҳ! Бўлинганимизда барака бўлмайди, ҳаммамиз бир мақсад йўлида бирикамиз. Бугун келмаган ўша янги марказ вакилларининг олдига ҳам борамиз, муросага келамиз”.

Шу ўринда халқ вакили ўзбек маданий марказлари сиёсатдан ҳоли бўлишлари кераклигини таъкидлаб ўтди.

“Буни бизга тарих ўргатди, амалдаги депутатларимиз марказ раиси бўлиб, фақат сайловда овоз йиғиш учунгина ишлайдиганга ўхшаб қолишди. Аслида эса депутат дегани ўзининг округидаги барча миллат вакилларининг ишончли ноибидир. Масалан, мен ҳечам ўзбек миллий марказига раис бўлмайман, бунинг иложи ҳам йўқ. Чунки менинг кўп миллатли сайловчиларим бор. Мен ўшаларга масъул одамман. Сиёсий фигураман. Сиёсий мақомга эга бўлган миллатдошларимиз марказга ёрдамини ва маслаҳатини берсин, лекин раис бўлмасин… Депутатлар ўз юмушини бажарсинлар, марказлар эса сайловга ва сиёсатга аралашмасинлар”, – деди Фарҳодбек Олимжонов.

Депутат “сиёсатсиз ҳам таълимда ва маданият соҳасида муаммолар етарли” эканини эътироф этиб, йиғилганларни мактаб фан олимпиадалари ғолиблари ва спорт усталари сонини кўпайтиришга ҳаракат қилишга, Қирғизистондаги академик мақомга эга бўлган ягона ўзбек театрини ёш кадрлар билан таъминлаш ҳақида бош қотиришга даъват қилди. Шу мақсадда бир эмас, балки бир нечта бўлимни марказ ишига сафарбар қилиш режалаштирилганини маълум қилиб, тадбиркорлар, ўқитувчилар, ҳунармандлар, олимлар, шоирлар ва журналистлар каби миллатдошларни ўз йўналиши бўйича бўлимларни бошқаришга ва уларнинг ишида фаол иштирок этишга чақирди.

Сўнггида Фарҳодбек Олимжонов бугунги йиғилишда раис сайлаш масаласи йўқлиги, токи 17 декабрда қурултой ўтказган гуруҳ вакиллари қатнашмас экан, “бу масала очиқ ҳолда қолишини” маълум қилди.

Депутат бу масалани атрофлича ўрганиш, барча манфаатдор томонларни жалб қилган ҳолда ҳал қилиш мақсадида собиқ депутат Бўрибой Жўраев бошлиқ кичик ишчи гуруҳини янги рўйхатдан ўтиб, раис сайлаган марказ (жамият) фаоллари билан дўстона гаплашиб келиш учун жўнатишни таклиф қилди. Бу таклифни барча қўллаб-қувватлади ва шу билан йиғилиш ниҳоясига етди.

Яқин бир ой давомида иккала ва эҳтимол бошқа ташкилотларнинг вакиллари ягона мақсадлар, яъни халқимиз фаровонлиги, ўзбек ва қирғиз халқлари дўстлигини янада мустаҳкамлаш, маърифат, маданият ва бошқа соҳалардаги масалаларни самарали ҳал қилиш мақсадида бирлашиш учун ҳаракатлар қилиш кўзда тутилмоқда.

Барно Исоқова, Оқбура, Ўш.

Расмлар муаллифники

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг