Россияда чўпчак айтиб меҳнат муҳожирларини урушга жалб қилишга уринишмоқда

Мамлакат кўчаларини ахлат ва қордан тозалаб бераётган муҳожирларни энди “гўшт”га беришмоқчи.

Россия пойтахти Москвада муҳожирларни Украинадаги урушга жалб қилиш бўйича уринишлар давом этмоқда. Куни кеча Москва метросида шунга ўхшаш эълонлар рус тилида тарқатила бошланди. Жумладан, Sota нашри «Вихино» метро станциясида тарқатилган варақа расмини эълон қилди.

Нашрнинг ёзишича, метрода буклет тарқатаётган шахс йўловчиларнинг фуқаролиги билан қизиққан ва оломон орасидан муҳожирларни қидирган. Варақада Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатларнинг 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган фуқароларига Россия армияси сафига қўшилиш таклиф қилинган. Номзод камида 9-синф маълумотига эга бўлиши ва рус тилини билиши кераклиги ёзилган.

Муҳожирларни қизиқтириш учун Россия армиясида хизмат қилишнинг “афзалликлари” ҳам баён этилган. Уларга кўра, Украина ва Россия ўртасида кетаётган биродаркушлик урушида “гўшт” бўлишга рози бўлган муҳожирлар «Украинадаги миллатчилар билан КХШТ давлатлари доирасида жанг қилиш», «бебаҳо ҳарбий тажрибага эга бўлиш», «Россия қаҳрамони бўлиш ва эзгулик тарафида туриб тарихга кириш», «Буюк Россия ва иттифоқдош республикалар халқларини қайта тиклашда бевосита иштирок этиш» каби имкониятлар олиш бахтига сазовор бўладилар.

Варақада бунинг эвазига муҳожирлар ўз жонларини қурбон қилишлари ёки омади чопиб тирик қолса бир умрга ногирон бўлиб қолишлари мумкинлиги ҳақида айтилмаган.

Варақада эслатиладики, Украинадаги урушни қўллаб-қувватламайдиганлар, Россия армиясини обрўсизлантирадиган видео ва постларни чоп этаётганлар номзод сифатида кўрилмайди.

Ташвиқот варақчаси. Расм Sota телеграм каналига тегишли

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Москва автобусларида Россия армиясига чақирувчи эълонлар қирғиз, ўзбек ва тожик тилларида жойлаштирилган эди. Уларда армияда хизмат ўтаган Россия фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олишлари мумкинлиги айтилган. Бу Марказий Осиё мамлакатларида жиддий мунозара ва норозиликка сабаб бўлди ва бир неча кун ўтгач, қирғиз тилидаги эълонлар олиб ташлангани ҳақида хабар берилди.

Ўз навбатида Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг элчихоналари ва консуллик хизматлари ўз фуқароларига ҳорижий давлатлар ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун жиноий жавобгарликка тортилишлари ҳақида яна бир бор эслатдилар.

Жорий йилнинг ноябрь ойида Россия президенти Владимир Путин ҳорижликларга рус армиясида хизмат ўташга йўл берадиган фармонни имзолаган. Унга кўра чет элликлар россияликлар каби армияда шартнома асосида хизмат ўташ учун ёзила олади. Бу ҳақда РБК нашри билдирган. Кўпчилик буни Маоказий Осиё давлатларидан келган меҳнат муҳожирларини турли йўллар билан Украинадаги урушга жалб қилишга уриниш сифатида баҳолади.

Шунингдек, Путиннинг фармонига мувофиқ, энди мажбурий ҳарбий хизматга қўш фуқаролиги борлар ҳам чақирилади. Бунгача чақирув қоғозлари Россия фуқароларигагина юборилар эди. Бу тузатиш Россия фуқаролигини олган барча қирғизистонликларга ва бошқа чет элликларга ҳам тегишли. Бундан хавотирга тушган муҳожирлар имкон қадар ўз юртларига кетиш тараддудига тушиб қолдилар. Россия думасида урушга боришдан бош торган бундай шахсларни Россия фуқаролигидан маҳрум қилиш таклиф қилинди.

Иши терговда бўлган, айблов ҳукмини эшитган ёки судланганлиги бекор қилинмаган шахслар билан келишув тузиш мумкин эмас, деган талаблар ўзгартирилмаган. Шунингдек гиёҳванд модда қўллангани учун маъмурий жазо олаётган чет элликлар билан ҳам жазо ўташ муддати тугамай туриб шартнома тузиб бўлмайди. Шу вақтнинг ўзида Россия қамоқхоналарида маҳбусларни урушга жалб қилиш фаол давом этмоқда. Уларга урушда кўрсатган хизматлари эвазига озодлик ваъда қилинмоқда.

Қирғизистонлик юрист Бексултан Осмонов агар қирғизистонликлар Украинадаги урушга боришга қарор қилишса, у ҳолда улар Қирғизистон қонунларига кўра, чет давлат ҳудудида жанговар ҳаракатларда қатнашгани учун жиноий жавобгарликка тортилиб, ўз ватани фуқаролигидан ажратилиши мумкин.

Ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси Иззатилла Раҳматуллаевнинг сўзларига кўра, қирғизистонлик муҳожирлар орасидан расмий равишда урушда қатнашиш учун кетди, дейилган аниқ фактлар йўқ. Аммо баъзи бир тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Украина томонда ҳам, Россия томонда ҳам кўплаб ватандошларимиз жанг қилишаётгани айтиб келинмоқда. Интернет майдонида буни тасдиқловчи видео ва расмлар ҳам чиқиб турибди.

Шу вақтнинг ўзида “Россияда ишлаётган бизнинг мухожирларимиз ҳимояланмаган. Улар турли тарғибот йўли ёки зўравонлик билан хоҳлаган вақтда урушга олиб кетилиши мумкин. Олиб кета олмайди, деб ҳеч ким кафолот бера олмайди”, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Қирғизистон Республикаси қонунларига биноан, агар қирғизистонлик муҳожир ўз хоҳишига кўра, Россия ёки Украина армиясида урушда қатнашса, жиноий жавобгарликка тортилади. Мажбуран жангга жўнатишни олдини олиш учун расмий органларга мурожаат қилиш лозим.

“Россия ҳудудида Қирғизистон элчихонасининг консулликлари фаолият юритади. Агар бизнинг фуқароларимизни мажбурий тарзда урушга олиб кетадиган бўлса, шу ваколатхоналарга мурожаат қилиш лозим. Имкон қадар қаршилик билдириш керак”, –  дейди Раҳматуллаев.

Россиянинг Украинага кенг миқёсли босқинчилик уруши ўнинчи ойдан бери давом этмоқда. Умуман олганда эса, Россия 2014 йилдаёқ Украинага (қурол ишлатмаган ҳолда) ҳужум қилиб, Қрим ярим оролини аннексия қилди, Донбасс ҳудудидаги баъзи ҳудудларни сохта давлатлар ташкил этиш йўли билан қисман эгаллаб олган. Қримни эгаллаш вақтида бирорта ўқ узилмаган ва қурбонлар берилмаган бўлса, 300 кундан буён давом этаётган урушда ҳар икки томондан ўн минглаб аскарлар ҳалок бўлмоқда.

Иккала томон ҳам ўз талафотлари ҳақида расмий маълумотлар бермаяптилар, лекин чет эл разведка хизматлари берган тахминий ҳисоб-китобга кўра, Россия томон 100 минг атрофида ҳарбийларини йўқотган. Улар орасида генерал ва полковник унвонидаги зобитлар ҳам бор. Ўз навбатида Россия ҳам Украинанинг бир неча ўн минглаб аскарларини қириб ташлаганини айтиб келмоқда.

Россиянинг қисман сафарбарлик эълон қилиши бу давлат армиясидаги катта йўқотишлар ҳақидаги таҳминларга далил бўлиши мумкин. Айниқса урушнинг дастлабки кунларида Россиянинг энг сараланган ҳарбий-ҳаво кучлари ва танк қўшинлари Украина артиллерияси зарбасига дуч келиб, катта талафотларга учрагани айтилади. Умуман Украинадаги уруш шуни кўрсатдики, бугунги кунда урушда сон билан эмас, техника ҳамда кучли стратегия билан жанг қиладилар. Кучли артиллерия олдида пиёда аскарлар тугул, энг замонавий танк ва бошқа техника ҳам ожиз қолишини тажриба кўрсатди.

Россия охирги икки ой ичида 300 минг одамни сафарбар қилганини маълум қилди, лекин фронтда, айниқса босиб олинган ерларни ушлаб туриш учун катта миқдорда одамлар керак бўлаётгани айтилмоқда. Қолаверса, ҳар икки армия катта талафотлар беришда давом этмоқда. Шу сабабдан рус армияси янги кучларга муҳтож бўляпти.

БМТ маълумотларига кўра, 4 декабрь ҳолатига кўра, Украинадаги уруш туфайли 6702 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган. Яна 10 мингга яқин одам жароҳат олган. Бироқ ташкилот қурбонлар сони анча кўп бўлиши мумкинлигини қайд этади. Чунки Россия аҳоли яшаган шаҳарни тинимсиз ракеталар билан ўққа тутмоқда. Бу ҳақда Украина расмийлари ҳам гапирмоқда.

Дунёнинг аксарият давлатлари Россия ва унинг президенти Владимир Путиннинг ҳаракатларини қоралайди. Қатор давлатлар, жумладан, АҚШ ва Европа Иттифоқи Россия қўшинларининг Украинага бостириб киришига жавобан мисли кўрилмаган иқтисодий санкциялар киритган. Бу Россияни жорий этилган санкциялар миқдори бўйича жаҳон етакчисига айлантирди. Бундан ташқари, мамлакатлар россиялик амалдорлар, олигархлар ва бизнесменларга қарши шахсий санкцияларни ҳам қўллайди.

Россия доимий равишда Украинадаги фуқаролик объектларига зарбалар бериш, жумладан, ракеталар орқали ҳужум қилишда айбланиб келади, лекин Россия расмийлари бу айбловларни рад этиб келишади.

Жорий йилнинг 15 ноябрида БМТ Бош Ассамблеяси махсус резолюция қабул қилиб, унга кўра Россия Украинадаги уруш учун молиявий жавобгарликка тортилиши мумкин. 93 давлат, жумладан АҚШ ва Европа Иттифоқининг барча давлатлари Россияни Украинага товон тўлатиш учун овоз берган. Бўлгани 13 давлат (унинг ичида Россия, Хитой, Эрон ва Беларус бор) қарши овоз бериб, яна 74 давлат (жумладан, Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон) бетараф қолганини маълум қилишган.

Оқбура, Бишкек.

Суратлар интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг